Ассалому алайкум меҳрибон бекалар. Турмуш қурган бўлсангиз, турмушингиз ҳақида қандай фикрда бўлманг, барибир бахтлисиз. Фарзандларингиз борми? Унда икки карра бахтлисиз. Шу бахтни тўкис қилиш учун ҳар кун байрам қилса арзийди. Бувиларимиз «Эркак юрагига йўл унинг ошқозони орқали боради», — деб жуда тўғри айтишган. Ҳар бир эркак оила қурар экан, бўлажак турмуш ўртоғи муҳаббат ва тушуниш, ширинсуҳанлик ва илиқлик каби хислатларга эга бўлишини ҳамда ош, бешбармоқ, манти, қозон-кабоб каби пиширилиши деярли мушкул, шунингдек мазали таомларни қийинчиликларсиз уддалай олишини исташади. Бу эр-хотин бахтли бўлишининг энг асосий томони эмас, бироқ бу ҳам оилангиз тинч-ҳотиржам бўлишига ёрдам беради.
Юқорида айтиб ўтган таомларимизни ҳозирги аёллар пишира оладими? Агар ишбилармон аёл уддабурон бўлса, эплайди. Чиндан ҳам эркак юрагига йўл ошқозони орқали ўтадими ёки улар шунчаки мазали таомлар тайёланадиган жойларни хуш кўришадими? Баъзи ишбилармон аёллар ишдан толиқиб келгач, таом тайёрлашни исташмайди. Бу нотўғри. Агар севимли ёрингизни мазали таомлар билан хурсанд қилмоқчи бўлсангиз, бир-икки кун олдин пиширмоқчи бўлган таомингизнинг масаллиғини тайёр қилиб қўйинг. Ишга кетишдан олдин тайёр масаллиқлардан ярим тайёр таом ҳолига келтиринг. Ишдан келгач эса ярим тайёр бўлган таомни охирига етказинг. Мана шунда ҳаммаси жойида бўлади. Муҳими пиширмоқчи бўлган таомингизнинг ҳамма масаллиқлари тайёр бўлсин.
Бир қарашда биз учун қийин кўринган ишлар бажарилганда осон бўлиб туюлади. Ўзингиз ёки ёрингиз учун таом тайёрлаш жараёни қизиқарли ва ёқимлидир. Айниқса севимли ёрингиз «овқатдан яна борми?» деб сўраса… Эҳтимол, бу вақт унинг сизга бўлган туйғулари янада ортиб, мустаҳкамланиб борар… Севимли ёр учун қандай таомлар тайёрлаш мумкин? Бу савол ҳамма замонларда барча аёлларни қийнаган. Масалан, қадимги Мисрда аёллар турмуш ўртоқларининг таомларига тухум ва турфа хушбўй маҳсулотларни қўшишган. Масалан: занжабил, саримсоқпиёз, арпабодиён, қалампирмунчоқ, қалампир, райҳон солишган. 16 асрда Германияда бедана тухуми эркаклар томонидан алоҳида баҳоланган. Чунки уни қувват оширувчи восита, деб ҳисоблашган.
Шарқ гўзаллари ҳарамда хон учун ёнғоқ, асал ва мевалардан таомлар тайёрлашган. Бу маҳсулотларнинг таркибидаги моддалар хоннинг кайфиятини кўтариши ва аёлига нисбатан меҳрини кучайтиришга қодир деб билишган. Кўриб турганингиздек, барча халқларда оила бахтли ҳаёт кечириши учун таом тайёрлаш бўйича махсус ўз усуллари бўлган. Турмуш ўртоғингизга калорияли маҳсулотларни берганингиз яхши, бироқ унинг саломатлигини ҳам унутманг. Таом тайёрлар экансиз, унга мумкин бўлган нарсалар билан мазали таом тайёрлашга ҳаракат қилинг. Таом тайёрлашдан ташқари, оилангизни мустаҳкамлаш борасида яна бошқа маълумотларга эга бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга бу борада албатта ёрдам бера олади.