Ассалому алайкум. Вояга етаётган бола бир қанча мураккаб даврларни бошидан кечиради. Оналар эса бола феълидаги ўзгаришлардан кўпинча хавотирга тушишади. Аслида ўсиш ёшидаги кризислар табиий ҳолат бўлиб, улардан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Кичик ёшдаги болалар тез-тез инжиқлик қилишади. Бола 1-2 ёшга тўлгач атрофида қўлга киритиши мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган нарсалар борлигини англайди. Натижада бола стресс ҳолатига тушиши мумкин. Навбатдаги кризис бола 3 ёшга қадам қўйганида пайдо бўлади. Кичкинтойда «хоҳламайман», «истмайман» деган эътирозлар юзага келади. 7 ёшга тўлганида эса бола оиладагилар билан кўп жанжаллашади, феълида талабчанлик ва ўжарлик кучаяди, бошқаларга ўзи ҳақида эслатиб туради.
Худди шу тарзда боланинг 12 ёшлик даври ҳам осон ўтмайди. Бу ҳолат бола 12 ёшга тўлганидан то 19 ёшгача давом этади. Бу ёшдаги руҳий ўзгаришлар, жанжалкашлик табиий ҳолат ҳисобланади. Ундан ташқари бола ҳиссиётга берилувчан бўлиб қолади. Тез аччиқланадиган, кайфияти тез-тез ўзгарадиган бўлиб қолади. Чунки бола организмида юз бераётган гормонал ўзгаришлар унинг кайфияти ва ҳиссиётларига таъсир этмай қолмайди. Оналар фарзандининг феъл-атворидаги ўзгаришлар, инжиқликларни «мен унга кўп вақт ажрата олмаётганимдан бўлса керак» деб ўйлаб ўзларини айбдор ҳис қилмаганлари маъқул. Албатта ҳар бир даврда болага ўзгача меҳр билан ёндашиш, болангизнинг руҳан соғлом бўлиб ўсишига ёрдам беради. Уларга меҳр ва тарбияни бир хилда бериш боланинг яхши инсон бўлиб етишишини таъминлайди.
Ишга чиқиш вақти келди. Она болакайига бир неча соат қараб туриши учун энага ёллаши керак. Бу пайтда аёллар ёши катта аёллар энагаликка энг яхши номзод, деб ўйлашади. Аслида бу унчалик тўғри эмас. 25 ёшдан кейин деярли ҳар қандай энага бола парваришлаш кўникмаларини эгаллаб олади. Аввало, энага сизга ва фарзандингизга шахс сифатида ёқиши лозим. У билан суҳбатлашиб кўринг, бераётган саволларига эътибор қилинг. Агар у фарзандингиз қизиқишларига оид саволларни ҳам берса, демак, кичкинтой парваришига бефарқ қарамайди. Энаганинг бола билан муносабатларини кузатинг, ишларини назорат қилинг. Муносабатларингизда «масофани сақланг», уни оила аъзосига айлантириб юборманг.
Баъзида гўдак энагага ўрганиб қолса, оналар фарзандларини рашк қилишлари ҳам мумкин. Аслида болага меҳр кўрсатадиган одамлар кўп бўлса, яхши. Бу бола шахсининг шаклланишида ижобий рол ўйнайди. Бола учун она ўрнини эса ҳеч ким боса олмайди. Шундай экан, рашк қилишга ҳожат йўқ. Хуллас, фарзандингиз ва ўзингиз учун энг маъқул бўлган йўлни танланг. Ишга чиқиш ва уйда фарзанд тарбиялаш масаласини ақл тарозисига солиб кўринг. Қай бири кўпроқ тош босса ўша ишни қилишингиз керак. Агар моддий томондан етарлича таъминланган бўлсангиз, ишга чиқмаган маъқул. Аммо бола билан ўтиришни истаган тақдирингизда ҳам, моддий ёрдам керак бўлса, унда ишга чиқинг. www.najot.com сайтимиз сизга оналик ва болалик ҳақида етарлича маълумот беради.