Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимиз кўп ҳам тилга олинмайдиган бироқ шундай бўлиши мумкинми, деган савол туғдирадиган мавзу аёл ва эркак ўртасидаги дўстлик ҳақидадир. Чиндан ҳам аёл ва эркак ўртасида дўстлик бўлиши мумкинми? Бу саволга табиийки, 90 фоиз кишилар,«Бўлиши мумкин эмас», деб жавоб беришади. Қолган 10 фоизи эса, «Бу масалага қандай қарашга боғлиқ», дея жавоб беришади. Энг аввало дастлабки 90 фоиз кишиларнинг қарашларини кўриб чиқсак. Чиндан ҳам икки қарама қарши инсон дўст бўла олмайди. Негаки, улар Худованд яратганидек аёл ва эркакдирлар. Икки жинс вакилларининг бир-бирига талпиниши табиат қонуни. Шундай экан улар орасида дўстлик бўлиши мумкин, деган фикрни олиб ташлаймиз.
Аёл қачон эркак дўстга муҳтож бўлади? Қачонки, ўз турмуш ўртоғи унга яқин ҳамдард ва меҳрибон бўлмаса. Фақат шугина эмас, аёл киши нафақат рафиқа, уй бекаси ва она у алоҳида эътиборга лойиқ шахс ҳамдир. Аёл ўз турмушида эри томонидан шахс сифатида қадрланмаса, унинг ички истаклари қондирилмай қолаверади. Турмуш ўртоқ фақат оилани таъминлабгина қолмай, аёлига яқин суҳбатдош, ҳамдард ва уни ҳаммадан ҳам кўпроқ тушунадиган инсон бўлиши керак. Ҳар бир аёл эри уни ҳеч бўлмаганда 70 фоиз тушунишини, унга дўст бўлишини истайди. Ички яқинлик истаги қондирилмаган кўпгина аёлларнинг аксарият қисми, мана шу тақдирга бўйсуниб турмуш ўртоғидан норози бўлиб яшайди. Қолган қисми эса худди шу сифатларни бошқа эркаклардан топиши мумкин. Бу қанчалик нотўғри бўлмасин, у фақат дўст бўлиш фикри билан муносабат қилади.
Бироқ ҳеч ким бу муносабатни фақат дўстлигича қолиб кетади, деб кафолатламайди. Замон олға илгарилаган сари, аёл ҳам эркак каби шахс сифатида қадрлана бошлади. Шу билан бирга жинс эътиборга олинмаган ҳолда аёл эркак билан дўст бўлиши мумкин, деган ёлғончи фикрлар ҳам пайдо бўлди. Бунга шу икки жинсни яратган Яратувчининг фикри қандай? Унинг фикри ҳар қандай замонга ҳам мос келади. Худованднинг Каломида айтилишича ҳеч қачон эркак ва аёл ёлғиз қолмаслиги керак. Улар дўст, жуда яқин таниш, узоқ қариндош бўлган тақдирда ҳам албатта, улар билан яна икки уч киши бўлиши шарт. Икки қарама қарши шахс ўртасида иш борасида ҳамкорликми ёки бошқа масала бўладими ақлли кишилар ҳеч қачон ёлғиз учрашмайдилар. Худованднинг фикри шундай.
Юқорида иш борасидаги ҳамкорлик ҳақида тўхталиб ўтдик. Эркак ҳамкорлик сабаб бўладиган учрашувларга ўзи билан кимнидир олиб келмайди. Чунки у ўзимга жавоб бераман, ёки бу аёл ҳамкор учун ҳурматсилик деб билади. Бироқ ақлли аёл бундай учрашувларга турмуш ўртоғининг рухсатисиз ё бўлмаса унинг ҳамроҳлигисиз бормайди. Ҳеч бўлмаганда бошлиғидан буни бошқа бир эркак ҳодим қилишини илтимос қилади. Бунинг ҳам иложи бўлмаганда эса, ишхонадаги яна бир аёл ҳодим билан боришга ҳаракат қилади. Хуллас эркак ва аёл ўртасидаги дўстликнинг бўлиши имконсиз. Бироқ бизнинг кейинги суҳбатимизни тингласангиз, фақат биргина ҳолатда бу дўстликнинг бўлиши мумкинлигини исботлаб берамиз.