3:01

Буйракни асранг

MP3

Ассалому алайкум. Аёл келажак авлодни дунёга келтириши, уларни ҳар томонлама соғлом вояга етказиши учун энг аввало ўзи соғлом бўлиши керак. Бугун ҳомиладор бўлган аёлларнинг кўпчилигида буйрак муаммоси кузатилмоқда. Фарзандини эсон-омон дунёга келтириб олиш учун бир неча марталаб, буйрак муаммоси билан шифохонада ётганлар талайгина. Шундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак? Яратувчимиз бизга жуфт аъзолардан бири, танамизга беминнат хизмат қиладиган буйракларни ато қилган. Вужуд ички муҳити, аниқроғи кислота-ишқор мувозанатининг доимийлиги, сув-туз алмашинуви меъёрийлиги, қон босими барқарорлиги, ҳатто озуқалар ҳазмини меъёрлаштириш буйракнинг вазифасига киради.

Она вужудидаги ҳомила икки ойликдан ошган заҳот ўз вазифасини уддалашга киришиши, ҳомиладор аёлларнинг икки тан учун хизмат қилишига сабаб бўлади. Янги туғилган чақалоқ вужудидаги буйракларнинг тўлақонли ишга тушишига беқиёс кўмакчи воситаси – она сутидир. Олимлар оналарнинг ўз гўдакларини икки-уч йил давомида мутазам эмизишларини, авлоднинг соғлом, баркамол бўлиб етишишига замин яратишини эътироф этмоқдалар. Қарангки, ҳар қандай озиқлантирувчи модда ҳам она сутининг ўрнини тўлақонли боса олмас экан. Ундан ташқари шифокор маслаҳатисиз, ҳар хил дори-дармонларни ўз билганича қабул қилиш сабабли ҳам буйраклар ҳасталанадилар. Қаноатсизлик, асабийлик, дилозорлик, шаҳар шовқини домида узлуксиз ишлаш каби сабаблар ҳам буйракни ҳасталантиради.

Кимёвий воситалар, рентген ва бошқа нурлантирувчи омиллардан ҳам имкон қадар йироқ бўлиш керак. Буйраклар яллиғланишига олиб келувчи микроблар касал тишлардан, ангина каби бодомча безлари хасталикларидан ҳам тарқалиши кузатилади. Шунингдек буйракда тош туз, тош кабиларнинг йиғилиши, жароҳатланиш каби нохуш ҳолатлар пешоб димланишига олиб келиши боис яллиғланиш хасталикларига шароит яратади. Демак бутун вужуд – умумаъзолар соғлом бўлиши буйракларнинг ҳам соғлом бўлишига олиб келади. Оналарга маслаҳат. Оналар фарзандлари учун ҳар қандай дармондорили озуқалардан, оқсилли – гўштли таомлардан уларга «илиниб» насибаларидан кечаверишни одат қилганлар. Ваҳоланки, оқсил ва дармондориларга она вужуди доимо муҳтожлик сезади.

Серфарзандлик, болалар орасидаги ёшлар фарқининг қисқалиги билан тўнғич фарзанднинг укаси ҳисобига сутдан маҳрум этилиши Худовандга ҳам маъқул келмайди. Ундан ташқари аёл бир эмас бир нечта фарзанд кўриши учун ҳам, озуқали таомлардан тўйиб ейиши шарт. Қолаверса, турмушга бераётган қизингиз вужуди ҳомиладорлик пайтида икки киши учун ишлашга қодир бўлиши учун ҳам буйраклар соғломлиги ўта зарур. Шунинг учун имкон қадар фарзандларингиз билан бир қаторда сизнинг танангиз ҳам ўзига керакли озуқаларни олсин. Шундай қилсангиз, фарзандларингизни тўғри тарбиялай оладиган, ҳасталикка чалинмай, уларга вақт ажрата оладиган, фарзандларингиз билан ўйинлар ўйнайдиган соғлом онага айланасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top