3:15

Қизингизга маслаҳат

MP3

Ассалому алайкум. Аёлдек гўзал ҳилқат йўқ бу дунёда. У малоҳатли, гўзал ва меҳрибон. Сиз шундай бўлсангиз, демак қизингиз ҳам шундай вояга етибди. Қизларни эсли-хушли, чаққон ва зийрак қилиб вояга етказиш осон иш эмас. Бунинг учун она бор билимини, тажрибасини ишга солиши керак. Қизлар улғая боргани сари она унинг учун мос келадиган ва фойдали бўлган машғулот топиши керак. Пишир-куйдирни, тикиш – бичишни, тўқишни қўлингиздан келганча ўзингиз ўргатинг. Агар бунга тажрибангиз камлик қилса, махсус ўқув курсларига беринг. Бунинг учун пулни аяманг. Бу қизингиз келажаги учун керак. Ундан ташқари вояга етаётган қиз ўзига маъқул бўлган бирор бир машғулотни топса, шу орқали дўстлар ҳам орттиради.

Бир хил фикрлайдиган яхши дўстлар эса, қизингиз тарбиясида жуда катта кўмакчи бўлади. У кўпчилик олдида ўзини қандай тутишни, фикрларини эркин айта олишни ўрганади. Қизингизга бекорчилик билан дўст тутинмасликни ўргатинг. Бекорман деб ўйласа, уйга бир назар солсин, керакли ишлар топилади. Ҳамма ишларни қилиб қўйган бўлса ҳам бекорчиликка енгилмасин. Унга қизиқарли бўлган китоблар совға қилинг. Бўш пайтида ана шу китобларни мутоала қилсин. Энг муҳими у дидли-фаросатли бўлиб улғайсин. Қизнинг ва онасининг қандайлиги унинг кийган кийимларидан маълум бўлади. Шунинг учун қизингизга кийиниш маданиятини ҳам ўргатишни унутманг. У бир-бирига мос келадиган кийимларни, тоза ва дазмолланган ҳолда кийса, чиройига чирой қўшилади.

Келажакда қизингиз тушган жойида сабрли, қаноатли бўлиши учун, ҳозир бу ҳислатларга ўргатинг. Қизнинг рўзғор бор-йўғига чидамли, сабр-қаноатли бўлиши унинг бахтли бўлиши сабабларидан биридир. Ҳеч қачон кўчадаги дугоналарининг гапларини, ўқитувчисининг айтганларини уйга етказиб келишини оқламанг. Албатта она-бола ўтириб, суҳбатлашган яхши, аммо ғийбатлашиш, кимнидир ёмон кўрсатиш учун суҳбатлашиш қизингизга тўғри ўрнак кўрсатмайди. Келажакда қизингиз тушган жойидан гап ташиб келмаслиги учун, унга бу ҳислатни ҳозирданоқ ўргатинг. Яна қизнинг тилини тиймаслиги оқибатида ака-сингил ёки опа-укалар орасида жанжалга сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, қизингизга кичиклигидан тилини тийишни, имкон қадар мулойим сўзлашни одатлантиринг.

Тил олиб келиши мумкин бўлган кўнгилсизликлар ҳақида ривоятлар ва ҳикоялар сўзлаб беринг. Ҳаётий воқеаларни мисол қилиб келтиринг. У ўгитларингизга амал қилган-қилмаганини кузатинг. Қизингиз ўрганиши мумкин бўлган яна бир ажойиб ҳислат бу – итоаткорликдир. Унга ота-онасига, акаларига итоат қилишни, катталарни ҳурмат қилишни ва рухсатсиз бирор жойга чиқмасликни ўргатинг. Мабодо хато иш қилиб қўйса, айбини тан олиб, узр сўрашни ҳам билсин. Шунда қизингиздан келажакда ҳамма ҳавас қиладиган, ҳурмат қиладиган, дўстлашишни истайдиган аёл чиқади. У ширинсўз, меҳрибон, итоатли, эпли ва озода аёл бўлиб, турмуш ўртоғини бахтли қилади. Сиз ҳозирги суҳбатлардан ҳам кўпроғини билишга ҳақлисиз. Шундай экан бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга олам-олам маълумотларни ҳадя қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top