3:09

Кийиниш маданияти 2

MP3

Ассалому алайкум ораста опа-сингиллар. Орастасиз – фариштасиз, дейишган момоларимиз. Озодалик, орасталик, покизаликни бир умр ўзингизга ҳамроҳ қилсангиз, ишонинг, вақти келиб, фаришталик аёл, келин деганларини эшитасиз. Бу фазилатлар ҳар бир аёлга ўзига ишонч ва руҳий мувозанат бахш этади. Чиройли, бир-бирига мос келадиган кийимларни кийсангиз-у, шахсий гигиенага, тозаликка эътибор қилмасангиз, сиз билан суҳбатлашганларнинг сиз ҳақингиздаги фикри ўзгаради. Ўйлаб кўринг, парча-ю, кимхоблардан кийим, зеб-зийнатлар тақиб, бир даврага кирсангизу, биринчи табассумингиздан тишингизнинг сариғи кўринса, кишиларнинг юзидаги ҳавас йўқолади. Ўнг сўнгги мода билан кийинсангиз-у, сочларингиз тўзиб ётган бўлса, ҳеч қачон сизни ораста дейишмайди.

Кийиниш маданияти қизларга ёшлигидан ўргатилиши керак. Қиз фарзанд ёшлигидан қайси кийимни нима билан кийиш лозимлигини билиши лозим. Бунинг учун эса онанинг ўзи кийиниш маданияти ҳақида етарлича билимга эга бўлиши, ўзи ҳам ўшандай дид билан кийиниши керак. Ана шунда турмушга чиққан қизингиз кийиниши билан ҳаммани ҳурсанд қила олади. Келиннинг одоби, унинг ўзлиги, борлигини намоён этадиган томонлардан бири, унинг гардероби, яъни кийинишидир. Қизлик пайтида уч-тўрт кўйлакни ювиб дазмоллаб ўқишга, ишга киядиган қизлар, кейин бирданига икки ёқдан бир неча ўн сидра сарполик бўлиб қолади. Борини бордек кўрсатиш, камини яшириб, севиниб юриш келиннинг қўлида.

Агар янги тушган келинлар нимани нима билан кийишни билмай қолсалар, онасини ёки турмушга чиққан дугонасини ёрдамга чақириши мумкин. Атрофингизда ҳеч кимни тополмай қолсангиз, интернетга кириб ёрдам изланг. Энг биринчи навбатда икки томон сарполарини қишлигини – қишликка, ёзлигини ёзликка ажратинг. Кейин кийимлар уйда ва кўчада кийиладиган кийимларга ажратилади. Ўз навбатида, улар яна сархилланади, масалан: кийимликлар ичидан атоқлик меҳмонга кийиладиганларини шифонерингизнинг тўрига чиройлик қилиб илиб қўйинг. Керак пайтида дарров кийиб чиқасиз. Уйда кийиладиган кийимлар ҳам бир сидра сараланади. Масалан, меҳмон келганда кийиладиганлари алоҳида осилади. Мавсумга қараб эрталаб, пешинда, кечқурун кийиладиганлари, байрам-ҳайитларда кийиладиганлари ажратилади.

Зеб-зийнатларнинг, тақинчоқларнинг ўзига яраша маънавий юки, ўзига яраша маънавий қадрияти, тарбиявий аҳамияти бор. Тақинчоқлар хилини хилига, рангини рангига, кийган либосга мослаб тақилади. Бу тақинчоқлар балки унча қиммат ҳам бўлмас, уларнинг безаги кийган либос билан уйғунлашиб, гўзал ансабмл ташкил этади. Дейлик, қулоингизда ёқут кўзли зирак, қўлингизда фионет кўзли никоҳ узуги, ёнига феруза кўзли узукни тақиб олдингиз, оқ чойнакка кўк қопқоқ ярашмаганидек, бу ишингиз кўзга яққол ташланади. Аёл киши болам-чақам деб, ўзига қарашга, чиройли либослар сотиб олишга оғринади. Аммо оиланинг мустаҳкам бўлиши, қизларнинг онадан ўрнак олиши учун ҳам аёл ўзига қарашни, оро беришни, чиройли дид билан кийинишни ҳам билиши керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top