Ассалому алайкум. Кундалик қилинадиган ишлар ичида кир ювиш аёлга машаққат юкини ортади. Аммо кирларни ювиб илиб бўлгач, эса елкасидан тоғ ағдарилгандай шодланади. Кир ювиш ҳам бир санъат. Уни идрок билан, уқув билан ўрганган аёл орасталиги билан ажралиб туради. Бугун суҳбатимизда тилга олинадиган тавсияларга жуда кўп аёллар амал қилишади. Улар кирни қандай ювишни жуда яхши билишади, бироқ билганларини яна бир бор эслатиш зиён қилмайди. Сочиқни кўйлак шимларга, боланинг кийимини катталар кийимига аралаштирмайди. Саришта аёл бўламан десангиз, ҳеч қачон кир тўплашни одат қилманг. Алмаштиришга кийим ҳам ўринбош анжомлар ҳам, сочиқлар ҳам етарли-ку, деб тушган кирни тоғорага босиб, униқтириб, моғор бостириб ойда икки марта кир ювишга одатланмаслик керак.
15 кун тоғорада ётган кирнинг ҳам эгасига зарда қилгандек, ювилиши, тоза бўлиши анча қийин. Тушган кирни пеш ювиб, дазмоллаб, жойига қўйсангиз ўзингизнинг дилингиз равшан тортади. Борди-ю бирон сабаб бўлиб, кирингиз йиғилиб, ювилмай қолса, бир бошдан уларни сархиллаб олинг. Дастурхон қўл сочиқларни алоҳида ажратиб олиб уларни биринчи навбатда ювинг. Кейинги навбатда кир машинага ғилофларни, чойшабларни солинг. Эркакларнинг оқ кўйлакларини машинада ювмаганингиз маъқул. Чунки аксариятуларнинг ёқалари ва енглари кир бўлади. Бундай кўйлакларни тоғорага озгина порошок сепиб, ўн-ўн беш дақиқа ивитиб қўйинг. Кейин ёқа ва енгларини тозалаб ишқаб, ҳаммасини бир-икки мижғилаб олсангиз, топ-тоза бўлади.
Эсингизда бўлсин, юз-қўл артадиган сочиқларни алоҳида ювган маъқул. Машина айланганда улардан майда оқ иплар-толачалар ажралиб чиқади. Сувим ҳали тозаку деб, сочиқлардан кейин солган нарса тоза бўлади-ю, лекин бояги ажралган оқ толачалар уларга илашиб сизга иш кўпаяди. Кир ювиш жараёнида кирларнинг рангига қараб ажратиб олсангиз бирининг ранги бирига ўтиб тузатиб бўлмас хатога йўл қўймайсиз. Шу тариқа биридан бирига ўтган рангни эса кетказиш амри маҳол. Катталар, кир ювишда энг муҳими уларни тоза чайиш дейишади. Шунингдек, ювган кирингизни қайта-қайта чайиб ювишга сув ўтиши қийин бўлган ерларини ишқалаб ағдаришга одатланинг. Кийимни кийганда совун ҳиди сезилмасин.
Кирларимни ҳар куни ҳам юволмайман, ишларим жуда кўп. Ишдан чарчаб келиб, овқат қилишга зўрға куч топаман, дейдиган бўлсангиз, ишдан келибоқ, кир кийимларни илиқ сувга ивитиб қўйинг. Сўнгра овқатни пиширишга уриниш мумкин. Овқат қайнаш жараёнида эса, ваннага кириб, кирларни бир-икки марта мижғилаб совун суртиб ишқаласангиз кир кийимлар деярли оқариб қолади. Овқатланиб бўлгач, эса идишларни биринчи ювиш ёки кирларни биринчи ювиш саволини ўртага ташланг. Кейин эса қай бирини биринчи қилишни истасангиз ўша ишни қилинг. Сўнгра ухлаш олдидан иккинчисини тугатиб қўйинг. Шунда кирларингиз тўпланмайди. Баъзи ишли аёллар кирларини кечқурун ивитиб қўйиб, ҳар кунгидан эртароқ уйғониб, ювиб қўйишга одатланишган. Сиз ҳам улардан ўрнак олишингиз мумкин.