Ассалому алайкум меҳрибон оналар. Фарзандларимизнинг сал тоби қочса ёки бир оз йўтал тутса, дарров дорихонага югурамиз. Ваҳоланки, турли мева-сабзавотлар ҳамда шифобахш гиёҳлар қайнатмалари бола танасига доридан кўра кўпроқ қувват бера олишини ўйлаб кўрмаймиз. Айни пайтда табиий ноз-неъматлар ва дамламалар витаминга бой бўлиб, улар ҳаб дориларга қараганда анча безарардир. Оддий бир мойчечак дамламасини берсангиз, тузалади. Ичкетар бўлганида олмани қирғичдан ўтказиб едирсангиз, нафи тегади. Ë бўлмаса ҳаммага жуда яхши таниш бўлган, наъматакни олинг. Уни қишда деярли ҳар бир ҳонадондан топса бўлади. Бир ҳовуч наъматак қайнатмаси пешоб ҳайдайди ва буйрак ишини енгиллаштиради, шунингдек, боланинг жигар ва ўт йўлларидаги муаммоларни бартараф этади.
Сули донларининг қайнатмаси эса ажойиб ўт ҳайдовчи дори ҳисобланади. У кичкинтойнинг ҳазм аъзолари ишини яхшилайди. Бразилияда йўталаётган болага пўсти тозаланган иккита бананни қирғичдан ўтказиб 1 стакан шакарли иссиқ сувга солиб беришаркан. Бу кичкинтойнинг йўталини дарров қолдираркан. Шамоллаб тинмай йўтал тутаётган болага сиз 1 чой қошиқ асални яримта лимон шарбати билан аралаштириб беришингиз мумкин. Қуруқ йўталда эса қовурулган ерёнғоқ мағзини майдалаб, гуручли бўтқага аралаштириб едирсангиз, фойдаси катта. Агар йўтал билан бирга боланинг томоғи оғриётган бўлса, олманинг қуритилган баргларини дамлаб ичиринг. Кучли йўтални даволаш учун қуйидаги муолажани қўлланг: бир нечта картошкани пўсти билан қайнатинг, сўнг ҳар бирини ўртасидан қоқ иккига бўлинг.
Сўнг касал боланинг орқасига қоғоз қўйиб, устидан илиқдан кўра сал иссиқроқ картошкаларни териб чиқинг. Устидан кўрпа ёпинг. Бола то картошкалар совиб, тери қотгунча ўрнида ётсин. Кўпинча кичкинтойларнинг ичи қотади. Бундай пайтда ҳар бир она бувиси ва танишларидан эшитган даво чораларини қўллайди. Ичи қотган кичкинтойни шифокорга олиб югурган оналар ҳам талайгина. Бунда шифокорга олиб боришга шошмай, боланинг кундалик овқатланишини назорат қилинг. Масалан, қатиқ, творог, сметана, сабзавот ва шўрвалар ични юмшатади. Гречиха бўтқаси, буғдой кепаги ва ҳўл мевалар ҳам йўқон ичак фаолиятини яхшилайди. Боланинг ичи қотганда ҳеч қандай сурги дориларини берманг. Аксинча, мойчечак, ялпиз ва бўймодарон йиғмаларидан дамлама тайёрлаб ичиринг.
Чунки шифобахш гиёҳлар таркибида эфир мойлари, зарур микроэлементлар мавжуд. Улар эса ичак ишларини яхшилайди. Баъзан эса боламизнинг иммун тизими заифлашганини тез-тез касалликка чалинувчан бўлиб қолганидан биламиз. Бундай вақтда шифокорлар иммун тизим ишини тикловчи турли препаратларни буюради. Сиз дори харид қилишдан аввал уйда витаминли коктейл тайёрлаб ичирсангиз, боланинг иммун тизими мустаҳкамланади. Бунинг учун бир сиқим облепиха меваси, 2 та банан, 2 дона киви, 2 ош қошиқ наъматак қиёми ва озроқ ёғсиз қаймоқни идишга солиб блендерда яхшилаб аралаштиринг ва фарзандингизни меҳмон қилинг. Бундай коктейлни тез-тез тайёрлаб турсангиз, фарзандингиз соғлиги яхшиланиб касалликларга кам чалинади.