Ассалому алайкум меҳрибон ва мунис опа-сингиллар. Суҳбатларимиз бирида турли мойлар ва уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида умумий маълумот бериб ўтган эдик. Бугун эса мойлар ичида энг шифобахши ва зарарсизи бўлган зайтун мойи ҳақида суҳбатлашамиз. Чиндан ҳам зайтун мойи инсон организми осон ҳазм қиладиган ва тўлиқлигича танага фойда бўладиган мой ҳисобланади. Зайтун мойи шифобахшлик ҳусусияти билан бошқа барча мойларни йўлда қолдиради. Ҳар бир аёл гўзал ва мафтункор бўлишни ва албатта, ёшлик узоқ давом этишини истайди. Дарҳақиқат, аёлларнинг бу истагини амалга оширишда зайтун мойи ёрдам бера олади. Зайтун мойи универсал косметик восита бўлиб, қадимги Юнонистонда аёллар соч ва терини парвариш қилишда бу мойдан кенг фойдаланган.
Ҳозирда эса бу мўъжизакор мойдан қошларини ўсма, кўзларини сурма безаб турган қизлар ҳам фойдаланишмоқда. Зайтун мойи тери қайишқоқлигини сақлаб, эластиклигини оширади, озиқлантириб, намлантиради. Унинг таркибида А, Е, В,Д,К витаминлари бўлиб, терига ижобий таъсир этади. Зайтун мойи айниқса, қуруқ ва сўлғин терилар учун жуда фойдалидир. У узоқ вақт намликни сақлаб турса-да, тери тешикчаларининг бекилиб қолишига йўл қўймайди, терининг янгиланишини тезлаштириб, ажинлардан сақлайди. Зайтун мойи кўпгина замонавий косметик воситалар таркибига киритилган. Бундай мойли косметик воситасини уй шароитида ҳам тайёрлаш мумкин. Бу мой терини тозалаш учун жуда қулай восита ҳисобланади. Ундан макияжни кетказиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Бунинг учун зайтун мойини сув ҳаммомида бироз илитиб, пахта бўлагига шимдиринг ва юзингизни артинг. Юзи қуруқ аёллар зайтун мойи суртилгач, юзларини 20-30 дақиқадан сўнг ёки эрталаб ювишлари тавсия этилади. Зайтун мойи суртилгач 5-10 дақиқадан сўнг совуқ сув билан ювишлари лозим. Бу мой таъсирчан ва нозик терилар учун ҳам безарар воситадир. Масалан, кўз атрофидаги тери жуда нозик бўлиб, унга юз териси учун мўлжалланган кремларни суртиб бўлмайди. Лекин зайтун мойи ҳам юз, ҳам кўз атрофи, ҳам бўйин териси учун ҳам мос келади. Кўз атрофига илитилган зайтун мойини суртиб, бармоқ учлари билан оҳиста уқалаб қўйинг. Сўнг тахминан 30 дақиқача кўзларингизни юмиб ётинг. Ортиқча ёғни салфеткага шимдириш мумкин. Бу майинлаштирибгина қолмай, балки кўз атрофидаги майда ажинларни бартараф этишга ёрдам беради.
Зайтун мойи билан бошни уқалаш сочларни жилокор қилиб, қалинлаштиради. Сочларни ювишдан олдин бармоқ учларини зайтун мойига ботириб, 10 дақиқа давомида бошни енгил уқаланг. Сўнг сочларни илиқ сувда чайиб, кейингина оддий шампун билан ювишингиз мумкин. Сочлар гуллаши ҳамда синишининг олдини олиш мақсадида ҳафтада бир марта зайтун ёғидан озиқлантирувчи компресс қилиш мумкин. Бунинг учун илитилган зайтун мойига сочларнинг учини 10-15 дақиқа ботириб туриб, сўнг уларни чайинг. Бу мойни салатлар билан бирга истеъмол қилиш ва ташқи томондан қўллаш аёл ҳуснига ҳусн қўшиб, унинг саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.