Ассалому алайкум қадрдон аёллар. Ҳаётимизда учрайдиган оғриқлар, ўтмишда қолган қалб оғриқлари инсонларга айниқса биз аёлларга жуда оғриқ беради. Чунки биз оғриқларни эркаклардан кўра кучлироқ ҳис қиламиз. Улар қалбимизга чуқур кириб боради. Баъзан оғриқларнинг шунчалик кўпайиб кетганидан улардан безиб, қўрқиб қоламиз. Мен ҳам Худовандга шундай дейман: «Худованд, мени ва оиламдагиларни ўзингга яқинлаштир, аммо илтимос оғриқларсиз бўлсин. Чунки оғриқлардан чарчадим» Балки бундай ибодат қилишим қўрқоқликдир, аммо барибир, Худованд бизни ўзига яқинлаштиришини истайман. Нега Худованд йўлида юриш оғриқли? Бу бизнинг фойдамиз учундир. Худованд ҳаётимизга келадиган оғриқларни четлаб ўтишимизни эмас, айнан улар ичидан ўтишмизни истайди.
Муқаддас Каломда Исо Масиҳ шундай дейди: «Шу кез шогирдлар Исонинг олидга келиб: — Осмон шоҳлигида ким буюк? – деган саволни бердилар. Исо ёнига бир болани чақириб, уни ўрталрида турғизиб, — Сизларга чинини айтайин, — деди. – Агар сиз йўлингиздан қайтиб, болалардай бўлмасангиз, Осмон Шоҳлигига киролмайсизлар. Шундай қилиб, ким бу бола каби ўзини паст олиб юрса, Осмон Шоҳлигида энг буюк бўлади.» (Мат 8:1-4). Яна Муқаддас каломда шундай ёзилган: «Кимки Менга ишонган бу кичиклардан биронтасини йўлдан оздирса, унинг бўйнига улкан тегирмон тошини осиб денгиз чуқурлигига чўктирилиши у учун яхшироқ бўлар эди.» Кўпчилигимиз вақтида бола бўлганмиз, бола сифатида ҳаётнинг илк оғриқларини жажжи юрагимизда ҳис қилганмиз.
Баъзилар бу оғриқларни бошқалар билан бўлишади, бошқалар эса уни қалби тубида сақлашни маъқул кўради. Қийинчилик ва оғриқларни бошидан кечирган болалар, бошқаларга меҳрибон, ҳамдард бўлиб улғайишади. Бироқ болаликдаги оғриқлар уларнинг характерини ўзгартириб юбориши ҳам мумкин. Муқаддас Калом эса болаларга оғриқ етказмасликни буюради. Уларни Худованд Каломи билан улғайтиришни, озиқлантиришни буюради. Унда келтирилган оятларга кўра, болалар Худованднинг кўз қорачиғи дейиш мумкин. Исонинг шогирдлари кўпинча, ўзаро торишиб, ораларида ким муҳимроқ, ким каттароқ деган савол билан Исонинг олдига келишарди. Исонинг жавоби эса ҳар доим бир хил бўларди:
«- Болаларга йўл қўйинглар, Менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар. Мана, Худонинг шоҳлиги бундайларникидир. Сизларга чинини айтаман: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга киролмайди» (Марк 10:13-15) Ишончим комилки, нафақат Исо Масиҳ уларни севган, болалар ҳам Уни қаттиқ севишган. Улар Исо Масиҳ ҳақида баъзи катталар каби шубҳага боришмаган. Улар Исо Масиҳни ҳеч қандай баҳслар, тортишувларсиз, шубҳаларсиз Худонинг Ўғли деб билишган. Улар шундай эшитишган ва шунга ишониб, шу бўйича ҳаракат қилганлар. Ўша даврда болалар ота-оналарининг «ҳай-ҳай»лашига қарамай, Унинг ортидан эргашишган. Тасаввур қилинг, улардан нечтасини ота-онаси жазолагандир, уришгандир, ё бўлмаса дарвозаларни қулфлаб қўйгандир?! Ҳеч нарсага қарамай, оғриқларга, таъқиқларга, тўсиқларга қарамай эргашиш фақат уларга ҳос бўлган.