3:32

Сурункали чарчоқ

MP3

Толиқиш ҳам касаллик бўлибдими, дангасаларнинг касали, дерсиз. Афсуски, баъзи қайноналар келинлари ҳақида шундай деб ўйлаб янглишишади. «Ёш нарсага чарчашни ким қўйибди!», дейишади чимирилиб. Аслида эса бу касаллик. Касаллик бўлганда ҳам жиддий касаллик. Одам эрталаб ланж, оғир бўлиб уйғонади. Тинкаси қуриб, ётгиси келаверади. Нега бундай бўлаётганини ўзи ҳам тушунмайди. Сурункали чарчоқ – у қандай касаллик? Бош чарчаса бутун тана чарчайди! Мия – танамиздаги энг муҳим аъзо. У бутун танани бошқаради, уни ташқи муҳитга мослаштиради ёки вужуддаги гормонал ўзгаришларни назорат қилади. Мия қачон чарчайди? Агар одам у хоҳ жисмоний иш бўлсин, хоҳ ақлий иш, кучи етмайдиган вазифани бўйнига олса, ҳаётдаги руҳий-эмоционал ҳодисалар, танадаги ёш билан боғлиқ гормонал ўзгаришлар, оилавий муаммолар биринчи навбатда асаб тизимига зарба беради.

Асабий зўриқиш мия чарчашига олиб келади. Мияга кислород етишмайди, танадаги тўқималар ҳам кислород билан яхши таъминланмайди. Шу сабабли танада модда амашинуви бузилади. Қон турғун ҳолатга келади. Касаллик янги бошланганида одам безовталикни, қўрқувни ҳис қилади. Ҳеч бир асоссиз серзарда, жиззаки бўлиб қолади. Боши айланиб, юраги тез-тез уради, бармоқ учлари жимирлашади. Илгари осонгина бажарган ишларини қилишга қийналади. Иш пайтида тинкаси қуриб, уйқу элтади. Аммо тунда ухлаб ҳам ором ололмайди. Эрталаб  ланж бўлиб уйғонади. Шунингдек, сурункали чарчоқнинг қўшимча белгилари ҳам бор. Бунда бўйин, елка, икки курак ўртасидаги мушаклар тортишиши, илик ва бўкса мушакларининг оғриши, кўз ғўласининг сарғайиши ёки қизариб кетиши кузатилади. Чиллали келинчакларга мурувватли бўлинг!

Сурункали чарчоқ ёшга доир ўтиш даври билан ҳам боғлиқ. Шунингдек, унга муҳит ўзгариши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, бола биринчи марта боғчага борганида, мактабга чиққанида руҳий зўриқишни ҳис қилади.  Айниқса, ёш келинчакларда бу ҳолат кўп учрайди. Чунки кечагина эмин-эркин юрган қиз ҳам биологик, ҳам маиший жиҳатдан янги муҳитга кўникиши лозим бўлади. Шунинг учун ҳам кўп халқларда 40 кунлик чиллага алоҳида эътибор қилишади. Масалан, Хитой, Ҳиндистон, Япония сингари Шарқ мамлакатларида янги тушган келинчак чилла сақлайди. Дастлаб, орадан бир ой ўтгунга қадар, хонадон эгалари келинга хизмат қилишади. Бу давр мобайнида келин янги муҳитга кўникади, ушбу оила удумлари билан танишади. Аслида буларнинг бари соғлом авлодни дунёга келтириш учун қилинган.

Афсуски, баъзи хонадонларда бизнинг келинларимиз оилавий ҳаётни соат тўртда туриб, ҳовли супуришдан бошлашади. Зотан, баъзи ўзбек хонадонларида келинга хизматкор сифатида қараш одат тусига кирган. «Тарозининг бир палласида онанг, иккинчи палласида хотининг турсин», дея аввал-бошдан куёвнинг қулоғига қуйишади. Аслида, бу ҳолатда келиннинг аҳволи мураккаброқ. Шунинг учун куёв дастлабки даврда келинга ён босиши керак, деб ўйлайман. Ёш келин янги экилган ниҳолга ўхшайди, шу жойда кўкариб кетиши учун унга яхши парвариш керак…Шунинг учун қайнота-қайноналар, куёв бўлмиш келинга нисбатан мурувватли бўлсин! Агар шу ёшда келин тушунган ақлли инсонлар қуршовида бўлса, янги тушган оила аъзоси хонадон одатларига тезроқ ўрганиб кетади ва уларни ўзининг оиласидек қабул қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top