3:55

Аёл қандай овқатланиши керак?

MP3

Аёл жисми ўзига хос яратилган. Умри мобайнида у бир неча бор гормонал ўзгаришларга рўбарў бўлади. Ўсмирликда ҳайз кўриш даври, ҳомиладорлик, бола эмизиш даври, ниҳоят, климакс даври ҳам гормонал ўзгаришлар билан кечади. Бу тахлит ўзгаришлар аёл организмига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Шу боис қиз-жувонлар неча ёшда қандай овқатланишга алоҳида эътибор қилишлари лозим. 11-12 ёш – ўсмирлик мураккаб давр! Иқлимимиз иссиқ бўлгани учун бизда қизлар тез вояга етади. Улар одатда 12-13 ёшдан ҳайз кўра бошлайди. Тана тез шаклланиши билан бирга, ҳайз цикли бошланган  даврда қизларда темир моддаси танқислиги юзага келади.  Шунингдек, бу пайтда витамин танқислиги ҳам сезилади. Шунинг учун ўсмир ёшдаги қизлар гўшт маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишлари керак. Чунки гўшт таркибида ҳеч бир бошқа маҳсулотда учрамайдиган тўрт хил ҳаёт учун муҳим аминокислоталар бор.

Ўсмир ёшдаги қизлар витаминларни табиий ҳолатда истеъмол қилишлари керак. Масалан, темир моддаси гўштдан ташқари олма, лавлаги, помидорда ҳам бор. Кексалар учун фойдали бўлган А, Е, С витаминлари ўсаётган организм учун ҳам жуда зарур. Вақтида овқатланишга одатланинг. Бир кун соат 12 да, кейинги кун соат 16 да тушлик қилманг. Дарс тугашини кутманг. Хот-дог, гамбургер сингари фойдали озуқаси кам бўлган егуликларга ружу қўйманг. 20 ёш, келинлик ёки талабалик даври! Қизлар 19-20 ёшга тўлгач, турмушга узатилади. Аксарият қизларимиз талабалик даври билан келинликни бирга олиб боришларига тўғри келади. Шунинг учун бу ёшда юқори калорияли, оқсилга бой овқатлар ейиш тавсия этилади. Бу ёшда кунига 2500 килокалория қабул қилиш керак бўлади. Ҳомиладорлик даври ҳам, асосан, шу пайтга тўғри келади. Бу даврда ёшлар тўғри овқатланишга ва вақтида дам олишга алоҳида эътибор қилишлари лозим.

Чунки энди аёл ўзи ва ҳомилани озуқа моддалари ва витаминлар билан таъминлашига тўғри келади. Бу даврда аёл организмида кўпроқ темир танқислиги келиб чиқади ва кальций етишмайди. Бу ёшдаги қиз-жувонлар учун энг фойдали маҳсулот – жигар ва С дармондорисидир! Кальций ўрнини тўлдириш учун пишлоқ, творог ейиш тавсия этилади. Бу ёшда вазн деярли ўзгармайди. Ўзгарган тақдирда ҳам ундан қутулиш қийин бўлмайди. Спорт билан шуғулланиб, ёғли, хамирли овқатларни камайтиришнинг ўзи кифоя қилади. Парҳез тутишга ружу қўйманг. Бу ёшда С дармондорисига бой маҳсулотларни кўпроқ ейиш керак. Чунки у иммунитетни тиклайди, стрессларга қарши курашишга ёрдам беради. 30 ёшда тана йўқотганларини тиклайди

Бу ёшдаги аёлларимиз оила қуриб, иккита-учта фарзандли бўлишга улгуришади ва анча тўлишишади. Чунки болани дунёга келтириш учун ортиқча ёғ тўқималари жуда зарур. Шунинг учун аёл организми семиришга мойил бўлади. Турли микроэлементларга бой поливитаминлар қабул қилинг. Ҳомиладорлик ва туғиш пайтида аёл организми уларни кўп йўқотади. Шунингдек, ортиқча вазндан халос бўлиш учун аёллар ҳар турли парҳез қилишади. Шу боис тана бу ёшда витаминларга муҳтожлик сезади. 30 ёшлилар кўпроқ сабзи ейишлари керак. Чунки у терини ёш билан боғлиқ ўзгаришлардан ҳимоя қилувчи каротин моддасига бой. Сабзи ичакларни юриштиради ва пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Уни тановул қилгач, кўз ости салқимайди, тана заҳарли моддалардан халос бўлади. Бир кунда 100 мл сабзи шарбати ичиш тавсия этилади. Шунингдек, сабзи шарбатини бошқа сабзавот шарбатлари билан қўшиб ичиш ҳам мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top