3:31

Фарзанд тарбиясида отанинг роли

MP3

Ассалому алайкум оилапарвар тингловчилар. Бола тарбияси ҳақида гап кетиши билан кўз олдимизга аёл келади. Гўдакни тарбия қилиш жараёнида ота ўрни беқиёс бўлиб, унинг зиммасига бир қанча масъулиятлар юклайди. Гарчи чақалоқ она билан кўпроқ мулоқотда бўлса-да, уларнинг боғланишини таъминлаб турувчи асосий вазифани оталар бажарадилар. Она дилбандига ғамхўрлик қилганидек, ота зиммасида фарзанди ва фарзандининг онасига ғамхўрлик қилиш масъулияти туради. Унутманг, фақат бахтли оталаргина ўз фарзандларига бахту иқбол бахш эта оладилар. Ота бўлиш ҳар бир эркакни улуғлик сари йўллайди. «Барча нарса ниятга боғлиқ», деганларидек, ота бўлишингиз билан яхши ниятлар қилинг. Зеро, яхши тилак нур кабидир. Бу нур ўзингизни ҳам, фарзандингизни ҳам нурлантиради. Ота онанинг фарзанд туғилганидан бошлаб қиладиган дуою ибодати бола бошига иноят бўлиб ёғилади.

Шу билан бирга фарзандингиз ҳам сизнинг тимсолингизда ҳақиқий отани топсин. Туғилган ҳар бир  гўдак бу кўҳна дунёнинг янги бир бўлаги, ота эса унинг сифатига жавоб берувчи эгасидир. Агар эгаликни ўрнига қўя олсангиз, дунёнинг шу бўлаги яшнаб-ярқирайди. Аммо оталикни уддалай олмасангиз, болангиз жамият аъзоларидаги касалликга айланади. Ота оиланинг боши бўлиши билан бирга, ўз фарзандлари, аёли ҳуллас оиланинг чинаккам руҳонийси бўлиши керак. Руҳоний эса Муқаддас Китобда ёзилганидек камчиликлардан ҳоли бўлиши керак. Оталик бахти насиб этгандан сўнг, билингки, эндиликда сизнинг барча яхши фазилатларингизни, ёмон хислатларингизни ўз  хотира тасмаларига бехато ёзиб борувчи фарзандингиз бор. Отанинг оилада ўз мавқеини сақлай билиши аввало катталарга бўлган ҳурмати, аёлига ва фарзандларига нисбатан гўзал муносабати орқали шаклланади.

Айниқса, оға-иниларга оқибатли бўлиш, эгачи-сингилларга оталик қилиш эркак  кишининг бўйнида эканини ўғиллар кўриб, англаб бормоқлари жоиз.  Чунки, ўғил болалар тарбиясининг эр-йигитликка хос жиҳатлари ота тимсоли орқали шаклланиб боради. Фарзандингиз гўдаклигиданоқ унинг ҳаётида ўз ўрнингизни топа билинг. Зеро, зукко халқимиз айтганидек, бола аввало отасини танийди, сўнгра онасини. «У ҳали кичкина, бирозгина эркалаб қўйсам бўлди», деб фикрламанг. Кичкинтой ҳар қандай муносабатнинг нечоғлик самимий ёки юзаки эканини тезда фаҳмлайди. Болалар табиатан жуда кузатувчан бўладилар. Эътибор берсангиз, фарзандингиз бироз катта бўлгач, ишдан келишингиз билан сизнинг диққатингизни тортишга уринади. Албатта, у сиздан бирор-бир нарсани болаларча эркалик билан сўрайди. Бу кичкинтойнинг сизга бўлган ишончи ва муҳаббатининг белгисидир.

Шаксизки, унинг бу илтимосларини адо этиш сизнинг зиммангиздадир. Шунчаки болангизни ўзингиздан нари қилиш учунгина “Ҳа” деб ваъда бериб кейин унутиб юборманг. У билан суҳбатлашганда унинг кўзларига тикилиб, сўзларини диққат билан тингланг. Саволларига доимо жавоб беринг, севимли ўйинини бирга ўйнанг. Шундагина умумий тил топишиш мумкин. Алқисса, ота-бола умр бўйи бир-бирини кўрса, гапи тугаб, суҳбати қовушмай, бегонадай яшаб ўтавериши мумкин. Биринчи синфга борган заҳоти мактабдан ташқари вақтларини бўш ўтказманг. Албатта, унда спортнинг бирор-бир турига қизиқиш уйғотиш зарур. Меҳр-муҳаббат деган буюк мўъжизани бола дастлаб ота-онадан туяди. Ота она муҳаббати ҳақида бизнинг www. najot.com сайтимиздан билиб оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top