Ассалому алайкум. Аёллар табиатан бирор бир нарсани ривожлантиришга, уни яна ҳам мукаммалроқ қилишга ҳаракат қилишади. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, ишлаётган нарсани яхшироқ ишлашига ёки яхшироқ қилинишига ўзларини жавобгар деб билишади. Шунинг учун ҳам доимо маслаҳатлар беришади.
Эрлар эса ишлаётган нарсага тегишмайди. Улар учун ишнинг кетаётгани муҳим. То бузилмагунча унга тегмасликни маъқул кўришади. Аёл эрини яна ҳам яхшироқ инсонга айлантирмоқчи бўлганида, буни эркак “мени тузатмоқчи” деб тушунади. Бу нарсани у худди “нобоп ва уни тўзатиш ва тўғрилаш керак” деб тушунади. Аёл эса унинг ғамхўрлик билан эрига ёрдам бермоқчи бўлаётгани уни камситиш эканини англамайди. У эримнинг ўсишига шунчаки ёрдам бераяпман, деб ҳисоблаб янглишади.
Эркак табиатини ёки эрининг қандай эканлигини билмаган аёл ўзи жуда ҳам севган эрини хафа қилиб қўяди. Масалан, бир оила Мэри билан Том бир танишлариникига меҳмонга кетишаяпти. Том машинани бошқараяпти. Мэри бир неча марта кўрдики эри йўлни тополмай, қийналиб қолди (аниқроғи у шундай деб ўйлади). У кимдандир ёрдам сўрашни таклиф қилди. Том эса жимиб қолди. Ва нихоят борадиган жойларига ҳам етиб боришди, лекин Томдаги ўша таранглик бутун кеча тарк этмади. Мэри эса эри нимадан хафа эканлигини билолмай ҳайрон. Мэрининг ёрдам олиш ҳақидаги таклифи, унинг эрига нисбатан “Сени севаман, ортиқча уриниб қолишингни истамайман” дегани эди. Мэрининг меҳрибонлик қилаётганини англамаган Том эса ўзини камситилгандек сезди. Бир бирининг табиатидан бохабар эмаслиги уларнинг иккисига ҳам нотўғри таъсир кўрсатди.
У хотинининг “бирор кимдан сўрайлик” деган гапи унга “Мен сенинг ўша жойга эплаб олиб бора олишингга ишонмайман. Бу иш қўлингдан келмайди” дегандек эшитилди.
Мэри эрининг Марслик табиатини билмагани учун ҳам, унинг ҳеч кимдан ёрдам олмай ўша жойга ўзи севимли аёлини хавф хатарсиз етказиб қўйиши, унинг учун қанчалик муҳим эканлигини англамади. Кейинги сафар Мэри ундай қилмайди. Эрига ёрдам таклиф қилиб уни ҳафа қилмай, аксинча эри ҳар қанча ҳаракат қилиб бўлса ҳам, хотинига имкон қадар ишни уддалай олишини, унга ғамхўрлигини кўрсатишга йўл қўйиб беради ва унга мутлақо ишонади. Том ҳам хотинининг унга бўлган ишончидан куч олади. Умуман олганда аёллар эрларига ёрдам таклиф қилганида, бу нарса уларни ранжитиши ҳаёлларига ҳам келмайди.
Марслик сифатида эрлар ҳамма нарсани ҳатто энг кичик, масалан хотинини бирор жойга етказиб қўйиш бўлса ҳам ўзлари ҳеч кимнинг ёрдамисиз уддалашни исташади. Улар худди ота боболари каби, бирор нарса бузилиб қолса тузатишдан ва бирор муаммони ҳал қила олишидан фахрланишади. Бу уларга ўз шахсиятини юқори тутишларига ёрдам беради. Агар хотинлари кичик нарсаларда уларга ишонмай, худди ёш болага ўргатгандай ўргатаверса, танқид қилса, уларнинг жахли чиқади. “Агар шу кичик нарсани қила олишимга ишонмаса, катта ишларни қила олишимга қандай ишонади”, деб ўйлашади. Бундай пайтларда аёл кўпроқ эрига ҳар қандай ишда суяна олиши ва ишонишини кўрсатиши ва эрини рағбатлантириб қўйиши керак. Масалан: “Сиз бундай ишларни яхши биласиз.” “У ерни топиб бориш сизга чўт эмас”. “Яхшиямки, техникани яхши тушунадиган эрим бор”, каби гаплар унга яна ҳам ишонч ва ғурур бағишлайди.