Ассалому алайкум азиз бекалар. Биз байрам дастурхонимизда кўришни истаган ананас мевасининг фойда ёки зарари ҳақида қанчалик маълумотга эгамиз? Бу ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишни истаган бекаларимизга, бизни диққат билан тинглашини маслаҳат берамиз. Ананас — ананасдошлар оиласига мансуб бўлиб, кўп йиллик ўт ўсимликдир. Унинг барглари спираль ҳолда бир-бирига яқин жойлашиб, қалин, наштарсимон, узун бўлади. Тўпгули калта, бошоқсимон, хушбўй. Экинлаштирилган нави Филиппин ва Тайвань оролларида ўстирилади. Унинг тўп меваси сариқ, хушбўй сўта. Сўтанинг оғирлиги 3-5 кг келади. Ананасни янгилигича ёки консерва ҳолида мураббо тайёрлаб истеъмол қилиш мумкин. Ананас — испан тилидан лотин, рус ва ундан ўзбек тилига ўтган. Ўсимликнинг ўзи ҳам, меваси ҳам шу ном билан аталади. Ананаснинг ватани — Жанубий Америка.
Сайёҳ Христофор Колумб уни Европага олиб келган. Ананас меваси таркибида дармондорилар, ҳамда кальций, фосфор, темир, мис, йод, рух, магний каби маъданларни сақлайди. Шу билан бирга, унда 86 фоиз сув, оқсил, қанд, лимон кислотаси мавжуд. Бундан ташқари, 60 дан зиёд хушбўй моддалар сақлайдики, бу моддалар ананасга бетакрор ҳид беради. Таркибидаги бромелин ферменти эса таом ҳазмини маромига келтиради. Ананас микроблар ва яллиғланишга қарши таъсирга эга. Унда пешоб ҳайдовчи, қоннинг қуюшқоқлигини камайтирувчи хусусият бор. Ананас кайфиятни кўтаради. Дармондори етишмовчилигида, қон томирлар ва қил томирлар девори мўртлашганда, яхши наф беради. Бунда ананас эти майдаланиб, 1 ош қошиғи 200 мл. қайноқ сувга қўшиб, 2 соат давомида дамланади. Кейин сузилиб, кунига 3 маҳал таомдан 20 дақиқа олдин 2 ош қошиқдан ичилади.
Ананас моддалар алмашинуви мувозанати бузилганда, қон қуюлиши кучайганда фойда қилади. У ишемик инсульт ва миокард инфаркти касаллигида фойдалидир. Майдаланган ананас этидан 50 г, асалдан 50 г ва қатиқ 50 г олинади-да, омухта қилинади. Ҳосил бўлган аралашма юзга суртилса, оқартиради. Бу муолажа ҳафтада бир марта амалга оширилади. Майдаланган ананас этидан бир ош қошиқ олиниб, унга 1 ош қошиқ зайтун мойи аралаштирилади ва бирор матога текис қилиб ёйилиб, юз соҳасига 15 дақиқа қўйилади. Бу муолажа қуруқ терига фойда қилади. Ёғли тери учун бевосита ананас эти юпқа қилиб, кесиб қўйилади. Бу муолажалар курси 10 марта давом эттирилади. Марказий асаб тизими хасталикларида, буйрак касаллигида даво учун ҳар куни бир пиёладан ананас шираси ёки янги меваси яримтадан истеъмол қилинса, шифо бағишлайди.
У ошқозон ости бези етишмовчилигида фойдалидир. Ананас ёрдамида қадоқни енгилгина даволаш мумкин. Бунинг учун кечаси қадоқга ананаснинг юмшоқ қисми қўйилиб, эрталаб олиб ташланади, кейин илиқ сувда ювилади. Семизликда озиш, яъни вазнни камайтириш учун қуйидагича малҳам тайёрланади: 1 дона ананасни қирқиб, пўсти билан қиймалагичдан ўтказилади. Унга 0,5 л тиббий спирт қўшиб, бир ҳафтага қўйиб қўйилади. Сўнгра тиндирмадан кунига 1 ош қошиқдан таомдан 15 дақиқа олдин кечаси ичилади. Ҳафтада фақат бир кун ананас сули қайнатмаси билан бирга истеъмол қилинса, семизликда ижобий самара беради. Чунки ананасда мойларни парчалаш хусусияти бор. www.najot.com сайти сизга турли фойдали озуқалар ҳақида беминнат маълумот беради.