Ассалому алайкум. Ўтган сафар аёллар ардоғидаги пошнали туфлилар ҳақидаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилган эдик. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айтишларича, ўрта асрларда эркаклар дуч келган нарсани оёққа илиб кетаверишган, деб ўйласангиз қаттиқ янглишасиз. Улар ҳам пошнали пойабзал кийишни ҳавас қилишган. Чунки пошнали этик от узангига қулай жойлашган. Тахминларга қараганда, европаликлар пошнали этикни шарқ чавандозларидан ўзлаштириб олганлар. Аммо XVII асрнинг охирига келиб пошнали этиклар чинакам модага айланди. Чунки “қуёш қироли” деб аталувчи Людовиг XIV нинг бўйи паст эди. Шу боис у биринчи бўлиб найза пошнали этик кийиб, ҳамманинг кўзини куйдирди.
Ундан кейин сарой аъёнлари ҳам пошнали этик кийишга ўтишди. Аммо қирол бу масалада ҳам уларнинг эркини чеклаб қўйди. Саройдаги ҳеч ким қиролникидан баландроқ пошна кийишга ҳаққи йўқ эди. Бундан ташқари, қирол бундай этикларни яна бир детал — қизил пошна билан бойитди. Бундай рангли пошналарни фақат аслзодаларгина кийишга ҳақли эди. Аёллар орасида Екатерина Медичи биринчи бўлиб пошнали туфли кийган. Ҳа, Людовиг сатанг туғилгунига қадар аслзода француз хонимлари ҳамда итальян аёллари беш сантиметрли пошнали туфли кийишарди. Буни эса биринчи бўлиб қиролича Екатерина Медичи урфга киритди. 1533 йили Екатерина Франция қироли Генрих Иккинчига турмушга чиқди ва никоҳ тўйига айнан шундай бежирим пошнали туфли кийди.
Аммо кўп ўтмай, дин пешволари бундай пойабзални қоралай бошлашди. Уни “шайтоннинг иши”га йўйдилар. Француз инқилобидан кейин пошнали туфлилар ўрнини пучуқбурун “балетка”лар эгаллади. XIX асрга келиб эса қирра бурун, пошнаси конус шаклидаги туфлилар урфга кирди. Кейинчалик инглизлар туфлининг янада қулай шаклини таклиф қилдилар. “Пучуқ” бурунли, паст, кенг пошнали туфлилар шу тариқа дунёга келди. ХХ асрнинг бошларида эса аёллар илгаксиз, очиқ туфли (лодочка) кия бошлашди. Бундай туфлилар ёрқин нақшлар билан безатилар, “пучуқ” бурун, бежирим, ингичка пошнали бўлар эди. Кейинчалик аёллар боғичли, пошнаси қалин, қулай туфлиларни кия бошлашди.
Ингичка шпилькалар ўтган асрда “хит”га айланди! Шпилька пошнали туфлилар ихтиро қилинганига 60 йилдан ошди. У 1950 йили итальян модельери Сальваторе Феррагамо томонидан ўйлаб топилган. Шпилька асосига у узун пўлат стержен ўрнатди.“Хатарли” пойабзалда йиқилмай юришни ўрганамиз! Мутахассисларнинг фикрича, баланд, ингичка пошнали туфлилар ҳеч қачон урфдан қолмайди. Шу боис “шпилька”ларда юришни ўргансак, фойдадан ҳоли бўлмайди. Қарангки, бу ҳам бутун бошли “илм” бўлиб чиқди-я! Аввал гавдани тўғри тутиб оламиз. Елкаларни кенг ёйиб, бошни адл кўтарамиз. Қадам ташлаётганда тиззамиз букилмаслиги керак. Оғирликни аввал товонга туширамиз, кейин чиройли ва нозик ҳаракатлар билан оғирликни оёқ учига ўтказамиз.