2:48

Лак танлаш

MP3

Ассалому алайкум гўзал ва бетакрор мунисалар. Аёл гўзаллигида тирноқларнинг ҳам ўз ўрни бор. Улар ҳам тоза, бежирим ва чиройли бўлиши керак. Тирноқлар ҳам киши гўзаллигининг бир бўлаги ҳисобланади. Агар улар ўз вақтида парвариш қилинмаса, синувчан ва мўрт бўлиб қолиши мумкин. Бу борада тирноқ бўёқлари, яъни лаклар бизга беминнат ёрдамчидир. Бироқ лак танлашда ҳам маълум қонун-қоидалар бор. Чунки сифатсиз лаклар тирноқларнинг синувчан бўлиб қолишига олиб келади. Шундай экан, лак танлаш борасида сизга ёрдам берамиз. Авваламбор, лак харид қилаётганда арзонига учманг. Сабаби, маълум рангдаги лаклар харидорлар томонидан талаб йўқлиги туфайли арзон бўлади.

Демак, у узоқ вақт сақланиб турган ва муддати тугаган.  Муддати ўтган лак тирноқда узоқ турмайди, тез кўчиб кетади. Қадоғида нуқсон бўлса ҳам лакнинг нархи арзон бўлади. Қопқоғи тирналмаганми, ёпилиши яхшими — мана шу нарсаларга эътибор беришингиз лозим. Қопқоқ герметиклиги бузилган тақдирда маҳсулот сифати йўқолади. Чўткасига эътибор беринг. У ҳаддан ортиқ калта бўлмаслиги керак. Чўткасининг мўйлари ўртача узунликда ва бир текис бўлган лакни танланг (чўткани идишдан чиқарганингизда лак 3-5 сония ичида бир хил масса бўлиб томчилаб тушиши лозим). Чўткали қопқоқнинг қулайлигига ҳам алоҳида эътибор беринг.

Флакон ичида лакни қўзғаганингизда яхши аралашишига ёрдам берадиган темир шарча бўлиши мақсадга мувофиқ. Декоратив (рангли) лаклар таркибида тирноқларни даволовчи ёки уларни текислаш хусусиятига эга махсус ингредиентлар бўлмайди. Агар шунга ўхшаш муаммоларингиз бўлса, тирноқ учун мўлжалланган ва таркибида фойдали моддалар мавжуд махсус воситаларни харид қилинг. Агар садаф рангли лакни ёқтирсангиз, воситани харид қилаётганда, албатта, таркибига эътибор беринг. Аксарият ишлаб чиқарувчилар лакка товланиб турувчи хусусият берадиган модда сифатида кальцийга бой табиий садаф қўшишади. Яхши-ку, дедингизми? Ҳа, яхши. Фақат «лекин»и бор: соғлом тирноқларни кальций билан ҳаддан ортиқ тўйинтириш уларнинг пўст ташлаши ёки синувчан бўлиб қолишига олиб келади.

Аллергияси борлар ҳам таркибида юмшатувчи моддалар мавжуд бўлган лаклардан фойдаланмаганлари маъқул. Юмшатувчи моддалар токсинли таъсир кучига эга. Тирноғига лак суртиб юрадиган аёлларимиз қуйидаги оддий қоидаларни унутмасликлари лозим. Лакни кўчирадиган суюқлик таркибида ацетон бўлмаслиги керак; сабаби, ацетон тирноқ пластинасини қуритиб юборади. Лакни тўғридан-тўғри қуёш нурлари тушадиган, иситиш ускуналарига яқин ёки муздай жойларда сақлаш мумкин эмас. Ҳавонинг иссиқлиги худди совуқ каби лак таркиби ва хусусиятига салбий таъсир кўрсатади. Сифатли лак тирноқ сатҳида текис ётади. 3-4 дақиқа ичида қурийди ва тирноқда камида 5 кун давомида сақланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top