Ассалому алайкум доим гўзалликка интилувчан латофатли дугонажонлар. «Lali» fashion house дизайнери Лали аёл-қизларимизга либослар борасида ўз тавсияларини тақдим этади. Шунинг билан бирга аёлларимизга бетакрор тимсол яратишда ҳар бир нозик дид соҳибасининг шахсий қизиқишлари, қомати, сочининг ранги-ю, феъл-атворигача эътибор беради. Сабаби, аёл кўчага чиқар экан, мукаммал тимсол қиёфасида намоён бўлиши керак. Бу Лалихонимнинг ҳаётий шиори. Ёрқин ранглардан қочманг, тажриба қилишдан
чўчиманг! Иссиқ ва рангбаранг ёз ўтиб, куз келиши билан аёлларимиз негадир қора рангга бурканиб олишади: қора куртка, қора этик, қора сумка, қора шарф… Ахир, аёл-қизларимиз жамиятимизда жуда фаол. Ташқи кўринишига сал ёрқинроқ ранг қўшилса, кайфиятлари ҳам кўтарилади. Қора рангдан бутунлай воз кечинг демаймиз, аммо гардеробингизга бошқа ёрқин ранглардаги кийимларга ҳам жой ажратинг.
2014-2015 йилги куз-қиш мавсуми либослари тўқ сариқ, қизғиш жигарранг, тўқ кўк ранг каби фақат ёрқин ранглар билан безалган. Кўпчилик устки кийимим жигарранг бўлса, туфли, сумка ҳам худди шундай рангда бўлиши керак, деб ўйлайди. Бу хато фикр. Ҳар хил ранглар тажрибасини амалга оширишдан қўрқманг. Назокатингизни йўқотманг! Совуқ кунда ҳам кўйлакдан воз кечманг! Фаол ҳаёт тарзини кечирадиган аёлларимиз учун эркакларнинг кийими жуда қулай ҳисобланади. Зеро, шим кийган одам бемалол ҳаракат қилади. Аммо аёл ҳар қандай жойда назокатини йўқотмаслиги керак. Тўғри, охирги пайтларда аёлларимиз учун шимлар бобидаги танлов жуда катта. Ҳаттоки, кечки базм учун кийилидаган махсус байрамона шимлар ҳам бор. Худди шу шимлар билан бир қаторда куз-қиш мавсумида бисотингизда, албатта, кўйлаклар ҳам бўлиши лозим. Бундай либосларга бежирим этиклар ярашади. 60-йиллар услубидаги пальтоларни танлашга ҳаракат қилинг. Қаймоқранг, «А»симон, қутисимон услубдаги кўйлаклар кундалик ҳаётда кийишга жуда қулай. Уларга аксессуарлар, рангли шарфлар қўшинг.
Кийим танлаш сирлари. Кийим дўкони ёки бозорга боришдан аввал айнан қандай вазият учун либос харид қилишингизни аниқлаб олинг. Дўконга борганда эгнингизга кийиб кўришдан эринманг. Ёнингизда сизни четдан кузата оладиган ҳамроҳ бўлгани яхши. Сабаби, инсон кўзгуда ўзини фақат олд томонидан кўра олади. Аввал кийиб кўрмаган либосларни бир тажриба сифатида танлашдан чўчиманг. Имкониятингиз бор, балки сиз ўйламаган кийим қад-қоматингизни янада очар. Ўз брендингизни топинг! Биласиз, дунё бўйича турли брендлар бор. Биргина жинси маҳсулотларининг ўзи кўплаб бренд фирмалари томонидан ишлаб чиқарилади. Ҳар бирининг бичими, тикилиши, ишлови, бир сўз билан айтганда, услуби ҳар хил. Ҳеч қайси бренд бошқасининг услубини такрорламайди. Харидор ўзининг брендини топиб олиши лозим. Брендлар худди шу мақсад учун хизмат қилади.
Дидингизга бир фирманинг сумкаси мос тушдими, кейинги сафар яна ўша брендни изланг, чунки брендлар услубини ҳеч қачон ўзгартирмаса-да, лекин модага қараб доимо янгилик яратади. Аксессуарлар қўшинг! Аксессуарлардан бижутерия айни модага кирган мавсум. Сиз бирор жойга борганингизда: «Кўйлагингиз чиройли экан», дейишса, демак, сиз ниманидир охирига етказмабсиз. Аксессуар масаласида оқсаб қолгансиз. «Бугун жуда очилиб кетибсиз», дейишса, ана унда бетакрор бўлганингизни англаб олаверинг. Зеро, тимсолингизнинг мукаммал бўлишида аксессуарларнинг аҳамияти катта.