4:00

Пардознинг олтин қоидалари

MP3

Ассалому алайкум мунис ва бетакрор опа сингиллар. Бугун ўзига оро бермаган аёлни тополмайсиз. Ҳеч бўянмайман дегани ҳам терини озиқлантирувчи, тетиклантирувчи кремлардан фойдаланади. Археологик қазилмалар пайтида нафис буюмлар билан биргаликда аёлларнинг пардоз қутиси ҳам топилган. Демак, минг-минг йиллар илгари ҳам аёллар ўзларига оро берганлар. Аслида аёлнинг хунуги бўлмайди. Ҳар бир аёлнинг ўзига хос нафосати ва жозибаси бор. Лекин улар янада малоҳатли кўринишни истайверадилар. Бунинг учун зеб берувчи барча пардоз воситаларидан фойдаланишади. Агар юз терисига ҳеч зиён-заҳмат етказмай, гигиена талабларига риоя этган ҳолда пардоз қилинса, аёл чиндан ҳам гўзаллашади, чиройи яна ҳам очилади, ажин тушишининг олди олинади. Айтайлик, дўкондан энг яхши пардоз воситаларини харид қилдингиз. Ўйлайсизки, уйга борибоқ улардан фойдалансангиз, юзингиз тезда кўркамлашади. Шошилманг.

Пардознинг учта муҳим қоидаси мавжуд: тозалаш; парваришлаш; ҳимоялаш. Юзни тозалаш учун фақат совунлаб ювишнинг ўзи кифоя қилмайди. Таркибида ёғ миқдори кўпроқ бўлган юмшоқ совунда юзни ювиб бўлгач, пахмоқ сочиқда босиб-босиб қуритинг. Мойчечак қайнатилган илиқ сувга пахтани ҳўллаб юз терисини оҳиста артинг. Сўнг бирор хил сабзавот ёки мева бўтқасидан юзга ниқоб қилинг. Бундай бўтқаларни тайёрлаш учун сабзавотлар ва меваларнинг бирор хилидан бир-икки донасини майда кўзли қирғичдан ўтказинг. Аралаштириб, устига бир неча томчи лимон суви ёки шунча миқдорда зайтун ёғи, бир чой қошиқ қаймоқ қўшинг. Сўнг юзга бир текисда суртинг. Йигирма дақиқадан сўнг илиқ сувда ювасиз. Бу муолажани кунора бажарсангиз юз териси тиниқлашади. Пардознинг учинчи қоидасига кўра, юз терисини шамол, изғирин, чанг, офтоб нуридан ҳимоялаш учун кўчага чиқишдан аввал юзга тонал креми ёки упа суртинг.

Уйда бўлганингиз-да эса ҳимоя воситаларидан фойдаланишингиз шарт эмас. Кўпинча муолажа сифатида «ванночка» қилинг, яъни иссиқроқ сувга пахта ботириб юзингизни оҳиста артинг. Бу муолажани уйда бўлган кунларингизда икки-уч марта қилинг. «Юз териси ҳам касалланадими?» дерсиз. Албатта. Мана биргина мисол. Кечқурун ҳориб-чарчаб уйга қайтганингизда кўзгуга боқинг-а. Ҳориган ва салқиган чеҳрангизни кўрасиз. Ёки изғиринли ҳавода юзингиз қизариб кетади, қўёшли кунда ёғланиб, ялтирайди. Чанг-тўзонли шамоллардан сўнг гўёки ачишаётгандек бўлади. Айниқса, об-ҳаво ўзгарганда юз териси тез таъсирланадиган бўлиб қолади, баъзан яллиғланади. Бундай вақтда юзни антибактериал совунларда ювиш, сўнг яллиғланишга қарши ниқоблар қўйиш керак. Ниқоблар мойчечак , қуштирноқ ёки далачойдан тайёрланади. Уларнинг илиқ дамламасига пахтани ҳўллаб, юзни тез-тез артиб туриш фойда беради.

Шунингдек, кечаси ёки кундузи суртиладиган кремларнинг ҳам таркибига мойчечак ёки қуштирноқ ўтлари қўшилган бўлса янада яхши. Юзда пайдо бўлган тошмаларни ўзингизча даволаманг, албатта косметолог маслаҳатини олинг. Дўконлардаги юзлаб пардоз воситаларини кўриб, «Буларнинг қай бири яхши экан?» деб ўйлайсиз. Маслаҳатимиз, қаттиқ таркибли упалардан кўра енгил чўтка ёрдамида суртиладиган тўкилувчан упалар яхшироқ. Ёрқин ва қизил рангли лаб буёқлари иссиқ кунларда хунук кўринади. Сиз эса оч рангдаги лаб бўёғларини ишлатинг. Кўз учун қора туш ўрнига ранглисидан фойдаланинг. Улар нигоҳни ёрқинлаштиради, юзни яшартириб кўрсатади. Атир ёки дезодорантларнинг ҳам гул ёки мева ҳиди келиб турадиганини ишлатинг. Ёки юмшоқ ҳидли ёки ҳидсиз антиперспирантлар ўткир ҳид ҳам таратмайди, терлашдан ҳам сақлайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top