3:47

Фарзандингиз сизни қандай кўради?

MP3

Ассалому алайкум. Ҳомиладорлик даврингизда фарзандингиз доим қоронғиликда бўлади. Кўриш қобилияти у туғилган вақтда энг кам ривожланган орган эканлиги ажабланарли ҳол эмас. Буни бола туғилганда бош мия қобиғининг кўриш учун жавоб берадиган қисмини эшитиш, ҳидлаш ва ҳис қилиш кабиларга нисбатан камроқ ривожланган бўлиши билан ҳам асослаш мумкин. Гўдак туғилиши билан унинг олдига жуда мураккаб вазифалар қўйилади, у турли предметларда нигоҳини тўхтатиши, нотаниш бўлган ёрқин нурга ўрганиши, барча рангларни фарқлай олиши, ўз ҳаётида биринчи бор кўраётган кўплаб нарсаларни англай билиши лозим. Дастлаб, унинг кўриш қобилияти катта одам кўриш имкониятларининг атиги 4 фоизини ташкил этади. Янги туғилган чақалоқ ўз нигоҳини ундан кўпи билан 25 см узоқликда бўлган предметларда тўхтатиши мумкин. Бу болани эмизишда тахминан она кўкрагидан унинг юзигача бўлган масофадир.

У барча рангларни аниқ фарқлай олмайди, масалан, қизил ва сариқ рангни осонгина ажратиб олиши мумкин, кўк ва яшил рангни эса битта ранг сифатида қабул қилади. Шунингдек, у очиқ, нурсиз рангларни ҳам ажратишда қийналади. Бироқ чақалоқ учун энг қизиқарли бўлган машғулот – инсон юзини томоша қилишдир. Аввал гўдак одамларни уларнинг айрим юз қисмларига аҳамият бермаган ҳолда, бош, соч шаклларига қараб хотирасини шакллантириб, уларни юз тузилиши бўйича танийди. Шу сабабли гўдагингиз ҳаётининг биринчи ҳафталарида сочингиз кўринишини тубдан ўзгартирсангиз, уни жуда таажжубга соласиз. Овозингизни эшитишга қадар биринчи сонияларда у нотаниш одамни кўргандек қўрқиб кетиши мумкин. 2 ой давомида болангизнинг кўриш қобилияти анча ривожланади. Бунга қадар боланинг ҳар бир кўзи кўрган предметлар шакли бош миянинг чап ва ўнг ярим паллаларида алоҳида шаклланиб келган эди.

Энди эса болада стереоскопик кўриш қобилияти ривожланиб боради: ҳар бир кўзи алоҳида тарзда кўрган шакллар бош мия томонидан битта шаклга бирлаштирилади. Бу эса атроф-муҳитни ўрганишда боланинг муҳим ютуғи ҳисобланади. Уч ойларга бориб, гўдак атрофдагиларнинг оғиз, бурун шакллари каби юз қисмларига эътибор бера бошлайди. Энди болакай одамларни янада яхшироқ танийди. Булардан ташқари, энди у хатти-ҳаракатларни сезиб, уларни инстинктив равишда изоҳлаши ҳам мумкин – агарда онасининг лаблари чимирилган бўлса, демак у нимадандир хафа, агарда унинг кўзлари ва лаблари кулиб турса, демак у хурсанд ва бахтлидир, ўз навбатида гўдак ҳам ўзини жуда яхши ҳис қилади. Олти ойлик даврда гўдагингизнинг кўриш қобилияти катта одамникига нисбатан тахминан 10 фоизни ташкил этади. У энди объектларни кузатиш, каттагина масофада жойлашган предметларни кўриш имконига эга.

Охирги олти ой ичида унинг кўриш қобилияти катта одам даражасига деярли яқинлашади, лекин шундан кейин ҳам бу жараён давом этади, боланинг кўриш қобилияти кейинги 4 йил ичида тўлиқ шаклланади ва мустаҳкамланади. Боланинг барча сезги органлари унинг миясида янги, мураккаб боғланишни жамлаган ҳолда биргаликда ишлашга ўрганади. Албатта, ҳаммасининг ўз вақти-соати бор, лекин сиз болангизнинг янада тезроқ ва уйғунликда ривожланишига ёрдам беришингиз мумкин. Гўдакларни айниқса ҳаракат қилаётган жисмлар ўзига тортади. Шу сабабли болага янги ўйинчоқ олиб берар экансиз, уни кўриш майдонида айлантириб болага кўрсатинг. Аввал гўдак сизга жавобан англаб бўлмас ҳаракатлар қилади, лекин секин-аста бола кўзлари билан ўйинчоқни кузатишга ўрганади. Боланинг каравоти тепасида ўйинчоқлар ва расмларни алмаштиришга ёки уларни қўшишга ҳаракат қилинг. Ўйинчоқларнинг алмашиши янги таассуротлар бериб, унинг янада тезроқ ва уйғунроқ ривожланишига имкон яратади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top