Ассалому алайкум. Агар тарих ва ўтмишда нималар бўлгани сизни қизиқтирса, бугунги суҳбатимиз ҳам сиз учун ажойиб бўлишига аминман. Қадимда Худонинг ҳалқи қандай яшаган? Аёлларнинг шахсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалар нималардан иборат бўлган? Бугун айнан мана шу асосий воқеалар ҳақида гаплашамиз. Яҳудий қизлар 10-12 ёшга етиб биринчи марта ҳайз кўрганда, бу воқеа оилада байрам қилиб нишонланган. Чунки у энди болаликни қолдириб вояга етиш остонасига қадам қўйди. Бу ёшларда қизларга яҳудий одатлари таништирилган. Айниқса, ҳайз кўриш даври билан боғлиқ одатлар ўргатилган. Ҳайз кўриш даврида яҳудий аёллар кундалик мажбуриятлари ва вазифаларидан бироз ҳалос бўлишган. Масалан, бу кунларда улар оғир кўтаришлар, оилага таом тортиш, бозорга бориш яна бошқа кўплаб, жисмоний куч талаб этиладиган ишлардан озод бўлишган.
Бу кунларда аёллар жисмонан дам олишга ва ўйлашга кўпроқ вақтлари бўлган. Ҳайз муддати тугагач, улар “покланиш” қонунларига кўра махсус ҳовузларда чўмилишган. Покланиш учун аёл бошидан оёғининг учигача кўмадиган махсус “микве” деб номланган ҳовузда тозаланишган. Ҳовузга киришдан олдин, улар ҳовуз олдида бошларини оёқларини ювиб олишган. Микведан покланиш бу ҳам руҳий ҳам жисмоний покланиш ҳисобланган. Бу ҳар ой аёл бажарадиган бажарадиган маросим эди. Шу пайтда аёллар ўзларини тоза сақлаши, жинсий алоқа қилмаслиги ва тоза кийимлар кийиши керак бўлган. Бу пайтларда аёлларнинг гигиенага риоя қилишлари Худо томонидан қонун қилиб белгиланган эди. Худованд аёлнинг соғлом бўлиши миллатнинг келажаги ва серфарзанд бўлишини назарда тутиб ўша қонунни берган. Яҳудий аёлларнинг турмуш ўртоқ танлаши ҳам улар ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлган.
Бутун оила турмушга чиқадиган қиз учун турмуш ўртоқ танлаган бўлсада, қизнинг истаги ҳам инобатга олинган. Ибтидо китобида шундай оятлар бор: “Эҳтимол, ўша қиз менга эргашиб, бу юртга келишга рози бўлмас, — деди қулбоши Иброҳимга. Лекин ўша қиз сен билан бирга келишга рози бўлмаса, қасамдан озод бўласан. Зинҳор ўғлимни у ерга олиб борма. Ҳозир қизимизни чақириб, ўзидан сўрайлик–чи, — дейишди улар. Ривқони чақиришиб, ундан: — Ҳозир мана бу одам билан кетасанми? — деб сўрашди.” Ҳатто жангда асир бўлган хотин-қизларнинг ҳам ҳис-туйғулари ҳурмат қилинган. Уларга бир ой аза тутиш вақти берилган. Қизга турмуш ўртоқ танлаш бутун бир оиланинг мажбурияти эканлиги балки ғарб давлатлари учун ғалати бир одат бўлиб туюлиши мумкин, аммо биз бунинг нима учун шундай бўлиши кераклигини биламиз.
Биринчидан, қиз нафақат ўша оиланинг йигити билан бирлашади, балки бутун оила билан муносабат қилиши, умри давомида ўша оила аъзолари билан бирга яшаши керак бўлади. Шунинг учун ҳам қиз томоннинг катталари қуда бўлмиш тарафни яхшилаб ўрганишади. Яҳудий қизларнинг идеалидаги эркак қуйидаги сифатларга эга бўлиши керак бўлган. У қиздан бир неча ёшга катта бўлиши, Эски Аҳдни яхши билган, билимли одам бўлиши, етарлича мол-мулкка эга бўлиши, ҳурматли оиладан чиққан бўлиши ва ниҳоят келишган бўлиши керак бўлган. Яҳудий оилалар қизларига сеп беришган. Бу сеплар қизнинг оиладаги улуши бўлган ва мабодо қиз бева бўлиб қолса, унинг келгуси ҳаётини таъминлаган. Мана шунақа қизиқ фактлар ва маълумотларни фақат биз билан тинглашингиз мумкин.