3:38

Вақтни бошқариш

MP3

Ассалому алайкум латофатли тингловчим. Биз шиддатли замонда яшаяпмиз. Кимга қарама ишининг кўплигидан, вақт етмаётганидан шикоят қилади. Турган гапки, вақт етмаслиги самарадорликка таъсир этмай қолмайди. Ҳамма ишга улгуриш учун ўзингизни ўққа-чўққа уравериш эса соғлигингиз билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлиши тайин. Хўш, нима қилмоқ керак? Бунинг чораси жуда оддий: тайм-менежментни, яъни вақтни бошқаришни ўрганинг. Муваффақиятли одамларнинг бари анчайин самарадорлиги билан ажралиб туради. Улар жуда кўп ишлашади ва кўп нарсага улгуришади. Унутмангки, самардорлик деганда, биринчи навбатда натижа кўзда тутилади, жараён эмас. Агар самарадорликни оширишни истасангиз, бунга қатъий қарор қилинг. Кўпчилик айнан қарори қатъий бўлмагани учун ҳам вақтини беҳуда сарфлаб қўяди. Хуллас, аҳдингиз жиддий бўлса, муваффақиятлилар сири билан танишинг.

Вақтни тўғри тақсимлаш самарадорликнинг асосий гаровидир. Тайм-менежмент бизнес ёки карьерангизни ютуқлар сари етаклайдиган энг муҳим омиллардан бири саналади. Ҳаётида муваффақиятга эришганлар кўп вақтини режалаштиришга сарфлайди. Кунлик режалаштириш самарадорликни орттириш ва вақтдан унумли фойдаланиш учун зарур. Эсингизда бўлсин: тўғри режалаштириш салбий кўрсаткичларнинг олдини олади. Энг яхшиси, режаларни қоғозга туширинг. Бу сизга йўлдан адашмаслик учун ўзига хос харита вазифасини ўтаб беради. Қўлингиздаги рўйхат билан биринчи кунданоқ самарадорлик 25 фоизга ошади. Эртанги қиладиган ишларингиз рўйхатини бугун кечқурун тузиб қўйинг. Ишга келганингизда нимадан бошлашни биласиз. Кун давомида ишни режага мувофиқ олиб боринг: янги иш чиқиб қолса,  муҳимлигига қараб режага киритиб қўяверасиз. Амалга ошган вазифаларни албатта рўйхатдан ўчириб ташланг.

Бу сизга қониқиш ҳиссини беради, сизга куч ва ғайрат бағишлайди. Режани ишларнинг мушкулидан осонига, узоқ муддатлисидан қисқа муддатлисига қараб тузинг. Ҳар бир вазифага муайян вақт белгиланг. Бирор нарсага киришишдан олдин 10/90 қоидасини ёдда тутинг: режалаштиришга сарфланган 10 фоиз вақт вазифани бажаришда 90 фоиз вақтни иқтисод қилишга ёрдам беради. Тайм-менежментнинг вазифаси ўз вақтида энг асосий ишни аниқлаб олишдир. Рўйхатингизда энг муҳим иш энг бошда, ундан кейин аҳамияти камроқлари тартиб билан киритилган бўлиши лозим. Энг асосий ишни белгилаб олгандан кейин уни бажариш ёки бажармасликнинг оқибати қандай бўлишини баҳоланг. Ўз вақтида бажарилмаган муҳим вазифа жиддий оқибатларга сабаб бўлади. Ишларни муҳимлиги жиҳатидан рўйхатга киритишда АБВГД усули ёрдам беради: А ҳарфининг рўпарасига энг муҳим ишни ёзасиз, Б нинг қаршисига аҳамияти ундан сал камроқ бўлганини ва ҳоказо.

Диққатингиз бир ишга қаратинг. Ишни биринчи даражадаги муҳим вазифалардан бошлаб, тартиб билан давом этинг. Моцарт айни пайтнинг ўзида учта мусиқа устида ишлаб, ўлмас асарлар яратган. Лекин у истисно эди. Бах, Гайдн ёки Верди маълум вақт давомида фақатгина бир асар устида ишлашган, бирини тамомламай туриб, иккинчисини бошлашмаган. Мажбурий самарадорлик қонунидан фойдаланинг: вақт ҳамма ишга эмас, энг муҳим ишларга етади. Шунинг учун диққатингизни жамлаб, биринчи навбатда энг катта фойда келтирадиган иш билан шуғулланинг. Бирламчи вазифалар – шошилинч ва муҳимлар. Уларни кечиктириш сизга ортиқча муаммо туғдиради, шунинг учун ўз вақтида ҳал қилишга киришинг. Иккинчиси – муҳимлар, лекин шошилинч бўлмаганлар. Уларни кечиктириш мумкин, лекин кейин кучли таъсирга эга бўлиши мумкин. Сизга бунданда кўпрoқ маълумот беришга тайёрмиз аммо афсуски вақтимиз чекланган. Бу ҳақида сизга www.dilkashradio.com сайтимиз етарлича маълумот беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top