4:03

Никотин

MP3

Ассалому алайкум мунис бекалар. Никотинга боғланиб қолиш ҳақида кўпгина назариялар мавжуд. Энг оддийларидан бири бу жараённи шундай изоҳлайдики, юз минг йиллар давомида одам очиқ олов яқинида яшади ва унинг тутунидан нафас олди, яъни унинг генига таъсир кўрсатди. Замонавий дунёда гулхан «ёниб битди», лекин одамнинг табиати гўёки «компенсация» талаб қилаётгандек. Шунинг учун ҳам биз ўзимизни сигарета билан бажонидил заҳарлаймиз…Психологлар «биринчи сигарета» феноменини ўзини катта қилиб кўрсатиш хоҳиши, муайян гуруҳдан ажралиб қолишдан қўрқиш сифатида изоҳлайди. Чекишга бўлган хоҳишга ўз ҳиссасини кино саноати ҳам қўшади. Миллиардлаб доллар тамаки маҳсулотлари рекламасига сарф қилинади. Реклама қатнашчилари ёшлар кўз ўнгида чинакам қаҳрамон сифатида намоён бўлади. Одатда эркак киши чекишни носоз муҳитда ўрганади.

Унга «Эркакмисан?» деган сўз аниқ таъсир қилади… Натижада биринчи сигаретани қўлга олади: нақадар ёқимсиз, бўғилиш, кўнгил айниши ва қайт қилишни чақиради. Афтидан, табиатнинг ўзи одам ҳақида қайғуриб, уни бу зарарли одатдан чегаралаб қўйган. Лекин нима учун биринчи «даҳшатли» сигаретадан сўнг иккинчи, учинчи, ўнинчисини қўлга олиш иштиёқи пайдо бўлади?..Жавоби оддий: кучли наркотик – никотин – моддалар алмашинувига жуда тез киришиб кетади, организм унга тобора ўрганиб қолаверади, янги ва янги дозаларни хоҳлаб қолади. Шунинг учун ҳам чекишни ташлашнинг энг яхши йўли – чекишни умуман бошламаслик. ҲЕЧ ҚА-ЧОН!!! Лекин бу аллақачон юз берган бўлса-чи? Нима қилиш керак? Зарарли одат чангалидан қандай қутулиш мумкин? Тамакидан бош тортишнинг энг асосий шарти шундаки, бунга чекувчининг ўзи узил-кесил қарор қилиши керак!

Агар чекувчининг ўзи сигаретадан айрилишни хоҳламаса, янги-янги технологиялар, замонавий дори воситалари, игна санчиш, гипноз ва бошқа усуллар ҳам ёрдам беролмайди. Чекишни ташлаш ҳар бир одамнинг ўз иродасига боғлиқ, унга на психологик, на-да дори-дармонлар ёрдам беролмайди. Бунинг устига, кимда-ким иродасини ўзига бўйсундира олмас экан, яхшиси, шифокор-наркологга мурожаат қилсин. Мутахассис мижознинг жисмоний ва руҳий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ўз тавсияларини беради ва тегишли муолажани ўтказади. Охирги сигаретани улоқтирар экансиз, эсингизда бўлсин: никотин – кучли ва маккор душман, у жангсиз таслим бўлмайди. «Тортиб олиш» иштиёқи каллангизга ўрнашиб олади. Чунки хотирангизнинг қайсидир бурчакларида сигарета билан боғлиқ «ширин» хотиралар сақланиб қолган бўлади. Уни бир неча кун, бир неча ой ёки, ҳатто, бир неча йилгача эслаб ҳам юришингиз эҳтимолдан холи эмас.

Алдовга учмаслик учун шуни ёдда тутиш керак: ҳар қандай чекиниш эртами-кеч, албатта, ҳалокатли одатга қайтиб боришингизга сабаб бўлади. Бунинг устига, боғланиб қолиш янада кучли ва драматик кўриниш олади. Шу боис, бир қадам ҳам ортга чекинманг! Чекишни ташлаган киши охирги марта «тортгандан» сўнг бир неча соат ўтгач нафас олиши енгиллашганини ҳис қила бошлайди. Чунки организм тозалагичи ис газидан халос этилган бўлади. Яна сигарета чекишни хоҳлайсизми? Йўқ? Демак, бир қадам орқага тисарилманг! Бир неча кундан сўнг собиқ кашанда таъм ва ҳидларни янада кучлироқ, янада ўткирроқ, янада аниқроқ сеза бошлаганини пайқайди. Рецепторлар шиллиқлардан тозаланади. Уларни яна ифлослантиришни истайсизми? Йўқ, дейсизми? Унда – бир қадам ҳам орқага юрманг! Бир неча ойдан сўнг янада яхшироқ вазиятлар юзага келади: нафас сиқилишингиз сезиларли даражада камайганини пайқайсиз, юрагингиз бошқа «хирилламай» қўяди. Ўпка ва томирларингиз хилтлардан тозаланади, куч-қувват ёғилиб келаётганини ҳис қиласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top