3:49

Зарарли одатлар

MP3

Ассалому алайкум мунис бекалар. Бизнинг давримизда инсон ўтган вақтлардагидан кўра кўпроқ руҳий ва жисмоний хуружга дуч келмоқдалар. Биз узоқ вақт давомида нимадандир ёки кимдандир норози бўлиб юрар эканмиз, қаттиқ азоб чекамиз ёки касаллик чангалига илинамиз. Булар ҳаммаси вақти-соати келиб, танамизни абгор қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз танасининг функциясини назорат остига олиши, ўзини-ўзи ҳимоя қила билиши лозимдир. Бу қандай амалга ошади? Немис олими, тиббиёт доктори Х.Линдеманнинг жавоби шундай: «Инсон ўз вужудига буйруқ беришга ўрганиши ва ўзини-ўзи бошқара олиши лозим. Яъни у ёки бу хасталикдан азоб чекаётган бўлсангиз, оғриқни енгишга ўрганинг, толиқиш, заифлашиб қолиш, қўрқиш, руҳий тушкунлик, журъатсизлик, уятчанлик, «нозик» масалалардаги журъатсизлик ва шу каби бир қанча одатларни йўқотиш учун ўзини-ўзи бошқара билиш услубларини ўрганиб олинг.

Бундай турмуш эртами-кечми, барибир, асаб бузилишларига олиб келади, мазкур бузилишлар ҳам ўз навбатида, «аср касалликлари» – гипертония, стенокардия, меъда яраси ва ҳоказоларга дучор қилади. Бу доирани кетма-кет янгидан-янги дори-дармонлар ишлаб чиқариш билан ҳам ёриб ўтиб бўлмайди». Кўпчиликда: «Лоқайдлар касалликка камроқ чалинадилар», – деган тушунча бор. Баъзида беғамроқ одамларга ҳавас ҳам қилинади. Кузатувлар шуни кўрсатдики, беғамлик ҳис-туйғуларнинг пасайиши ва диднинг ўтмаслашиши натижаси экан. Ҳаёт завқини ҳис қилмаслик, куним ўтса бўлди, дея тор фикрлаш лоқайдлик мевалари бўлиб, бундай ҳолат учта сабаб туфайли келиб чиқади. Биринчиси – қонда зарур витаминларнинг етишмаслиги; иккинчиси – журъатсизлик ва умидсизлик, иштиёқсизлик; учинчиси – меҳр, садоқат туйғуларининг пасайиши.

Ана шу учта омил туфайли лоқайд кишилар овқатнинг меъёрини ҳам билмай қолишади. Бунда ичаклар фаолияти бузилиб, қариш аломатлари кучаяди. Шунинг учун ҳам лоқайдлар ҳаётсевар кишиларга қараганда 5-6 ёшга кекса кўринадилар. Кузатувлар яна шуни кўрсатдики, беғамлик оилада ҳамиша нотинчликка сабаб бўлади. Лоқайдларнинг ҳаракатларида сустлик кучайиб, юзларидан нафосат узоқлашиши мумкин. Улардаги ҳафсаласизлик, бир ишни чала бажариш мавжуд имкониятларни ҳам йўққа чиқаради. Лоқайдлар меъда-ичак касалликларига кўпроқ чалинадилар. Ҳаётдан завқ олиб яшашни истасангиз, ҳамма вақт ҳаётни севинг. Ана шунда сизни ғайрат, оиладагиларга нисбатан меҳр-оқибат тарк этмайди. Ҳаракатчан одамнинг фикри тиниқ, омади олдинда, чеҳраси очиқ ва жозибадор бўлади. Истараси иссиқ бўлганга не етсин! Дангасаликнинг пайдо бўлиши асосан, нотўғри тарбияга боғлиқ.

Бундайлар кўпроқ ушалмайдиган ўй-хаёл суриш билан банд бўлиб, очофатликда уларнинг феъл-атворини илонга қиёслаш мумкин. Бу кишилар овқатни керагидан ортиқ еб, ҳазм қила олмай, жигарни тезда ишдан чиқарадилар. Мазкур хасталик уларнинг юзини буриштириб, фикрини хиралаштириб, фаросатини ҳам ўтмаслаштириб қўяди. Кўпчиликка маълумки, дангасаларда муҳаббат ва мурувват туйғуси паст даражада бўлиб, бировга яхшилик қилишни ўйламайди. Шу боис улар анчайин қўпол, миннатчи, хиёнатчи, таъмагир ҳам бўладилар. Дангасалар шафқатсиз ҳам бўлишади. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, айтиб ўтилган қусурлар, яъни салбий ғурбатлар, энг аввало, танбалликдан бошланади, десак муболаға бўлмайди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, тиниқ чеҳрали ва мафтункор бўлай десангиз, асло дангасаликка мойил бўлманг. Ўзингизни англаган ҳолда меҳнатда чиниқиб, жўшқинликка, ҳаётсеварликка интилинг. Кечиримли ва ҳимматли бўлинг, ана шунда дилингиз равшан тортиб, саломатлик ва навқиронликка  эришасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top