3:35

Итоатсиз фарзанд

MP3

Ассалому алайкум. Итоатсиз фарзандлар ота-оналарга ҳаддан зиёд кўп азият етказади. Бундай фарзандлар ҳақида Муқаддас Каломда бирор нима ёзилганми? Албатта. Бугун суҳбатимиз давомида Муқаддас Калом бундай итоатсиз фарзандлар ҳақида нима дейишини билиб оламиз. Бизни диққат билан тинглашда давом этинг. Кичкинагига “йўқ” сўзининг маъносини биладиган гўдак фарзанддан тортиб то, ўз истакларини қондиришга интиладиган итоатсиз ўсмиргача бўлган фарзандларнинг ота-оналари итoатсизликнинг азобини тортишади.Калом Худо ва бизнинг ўртамиздаги муносабат ҳақида шундай дейди: “Биз ҳам бир вақтлар худбин истакларимизни қондириб яшар эдик. Тананинг эҳтирослари ва бемаъни ўй–хаёлларга берилиб яшайдиган, барча одамзод каби табиатан Худонинг қаҳр–ғазабига лойиқ бўлган итоатсиз инсонлар эдик”.

Бундай итоатсизлик вақтида эътиборга олинмаса ва чора кўрилмаса, катта муаммога айланиб кетиши мумкин. Фарзандлар аста секин устозларига, бошлиқларига, дўстларига, турмуш ўртоқларига ва ҳатто Худога қарши чиқадиган исёнкор бўлиб қолади. Аммо Муқаддас Каломга қарасак у бизга бу борада нималар қилишни ўргатади ва бизга умид беради. Забур китобида шундай ёзилган: “Ҳа, ўзимнинг итоатсизлигимни биламан, Гуноҳим турар кўз ўнгимда мудом.” Бу саркаш қалбимиз билан бўлган жанг болаларимизда яққол кўринади. Худованд Исроил халқига Синай тоғида 10 амрни ёзиб берганида ичида фарзандларга тегишли қисми ҳам бор эди. “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен, Эгангиз Худо, сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлади.” Бу ҳақида Эски Ахд китобида жуда кўп ёзилган. “Ҳар бирингиз ота–онангизни ҳурмат қилинг.”

“Мен, Эгангиз Худо амр этганимдек, ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда Мен сизларга бераётган юртда умрингиз узоқ бўлиб, бахтиёр яшайсиз.” Ўша пайтда ҳам ота-онасига итоат қилмаган фарзанд жазоланган. Ота-онага итоатсизликнинг кенг ёйилишини Муқаддас Калом охир замоннинг аломати деб айтади. “Шуни билгинки, охирги кунларда оғир вақтлар келади. Ўша пайтда одамлар фақат ўзини ўйлайдиган, пулпараст, мақтанчоқ, такаббур, сўкинадиган, ота–онага итоат қилмайдиган, нонкўр, диёнатсиз, тош юрак, гиначи, туҳматчи, нафсини тия олмайдиган, ваҳший, яхшиликдан ҳазар қиладиган, хоин, бебош, босар–тусарини билмайдиган бўладилар. Улар Худони эмас, айш–ишратни яхши кўрадилар. Ўзларини художўй қилиб кўрсатадилар–у, аммо ҳақиқий имондан юз ўгирадилар.” Муқаддас Калом итоатсиз фарзандни тарбиялаш муҳимлигини айтади. Чунки итоатсизлик — бало ва офат келтиради.

“Умид бор экан, фарзандингни тарбия қил,бузилиб, нобуд бўлишига йўл қўйма.” Калтакни аяган одам ўғлини ёмон кўради, ўғлини севган эса ёшликдан тартиб–интизомга ўргатади. Каломда ўргатилишича, бир қўлда ота-онанинг муҳаббати бўлса, икинчи қўлда тарбияси бўлиши керак. Итоат қилиш Худованд фарзандлар учун фарз этиб берган амр. Бундан бўйин товлаш яхшиликка олиб келмайди. Каломда ёзилганидек, агар фарзанд узоқ ва марҳаматли умр кўришни истаса, ота-онасини ҳурмат қилиши ва унга итоат этиши шарт. Ота-оналар эса фарзандларининг марҳаматли ҳаёт кечиришларини истаса, уларни Худонинг муҳаббати ва ҳақиқати асосида тарбиялашлари керак. Суҳбатимиз охирида шундай деймиз: “Ким доно бўлса, Бу ерда ёзилган сўзларни тушунади, Ким фаҳм–фаросатли бўлса, Буларнинг ҳаммасини англаб олади. Эгамизнинг йўллари тўғридир. Солиҳлар улардан юради, Исёнчилар эса қоқилиб тушади.”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top