Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Фарзандлар оилада кўп тортишади ва жанжаллашади. Уларни қанчалик бир-бирига меҳрибон ва дўст бўлишини истаманг бунинг иложи йўқдек туюлади. Аммо уларни дўстлаштиришнинг йўли бор. Сингил дастёрлик қиламан, деб акасининг буюмларини тартибга келтирди. Лекин балоғат ёшидаги йигитга бу ҳолат ёқмайди. Унинг шахсий нарсаларига тегиши норозилик уйғотади. Худди шу каби ўсмирнинг фикр ва қарашларига аралашув ҳам бошқаларга нисбатан муросасизлигига олиб келади. Айниқса, бу ҳолат ака-ука ва опа-сингиллар билан юзага келиши кўп кузатилади. Бунинг сабаби нимада? Ота-она фарзандларини бир-бирига меҳрибон қилиб улғайтиришда қандай жиҳатларни эътибордан четда қолдирмаслиги зарур? Оилада фарзандлар ўртасидаги муросасизлик аслида кичик ёшлигидан бошланади.
Ота-она бу ҳолатга «ёш бола бўлгандан кейин талашиб-тортишади-да», деб аҳамият бермайди. Улғайиб, балоғат ёшига етганда эса фарзандлари ўртасидаги тушунмовчиликларни пайқай бошлайди. Бунга бирор чора топишга уринади. Аслида эса болага ёшлигидан оиладаги ўрнини тушунтириб бориш, ўзидан катталарга ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатиш зарур. Акаси ёки опасига ҳурмат билан мурожаат қилишга одатланган болада катта бўлгач, бу туйғунинг салмоғи янада ошади. Оиланинг катта фарзандига эса ўзидан кичик ука ва сингилларини ҳимоя қилиш ҳиссини сингдириш зарур. Бу борада ота-она муносабати болага намуна бўла олиши керак.
Танадаги ўзгаришлар боис ўсмир таъсирчан, қўрс, жиззаки, сал нарсага норозилик билдирадиган бўлиб қолади. Шунингдек, ўзига бино қўйиб, бошқалардан устунлигини кўрсатишга интилади.
Унга айтилмаган арзимаган ножўя гап ҳам салбий кечинмаларга асос бўлиши мумкин. Айниқса, қизлар асабий, сержаҳл, йиғлоқи бўлиб қолади. Шунинг учун ҳар бир фарзандга алоҳида муносабат билдиришга тўғри келади. Болани танбеҳ бергандек койиманг, бирини бошқаси олдида уришманг, уларга вазиятни тушунтиринг, холос. Муаммони ҳал қилишни, якуний қарорни ўзларига қўйиб беринг. Чунки улар энди нотўғри ва тўғри вазиятларни тушунадиган ёшда. «Мен вазиятга ечим топишда тўғри қарор қабул қилишингга ишонаман», каби сўзлардан фойдаланинг. Фарзандларингиз ўртасида муросасизлик юзага келганда, улар билан кўнгилдан суҳбатлашиб, ҳаётий мисолларини айтиб, керакли маслаҳатлар беришингиз вазиятни енгиллаштиради. Яна бир жиҳати шундаки, ўсмирлар иложи борича ёлғиз қолишни, суҳбатлашган тақдирда ҳам тенгдошлари, яқин ўртоқлари билан мулоқот қилишни хоҳлайди.
Шундай экан, ўсмир фарзандингизнинг хонаси, буюмлари алоҳида бўлишига эътибор беринг. Бу ҳам улар ўртасидаги келишмовчиликни бартараф этишнинг бир усули.
Одатда, катта фарзанд зиммасига кўп вазифалар юклаш натижасида унда норозилик туғилади. Оқибатда эса ўзидан кичик ука ва сингилларининг кўп ишлардан озод этилгани жақлини чиқариши, уларга нисбатан салбий қарашни юзага келтириши мумкин. Шу боис бирор иш буюришда адолатли бўлинг. Бирига билдирилган яхши фикрларни иккинчисига ҳам айтинг. Уларнинг ўзига хос жиҳатларини мақташга ҳаракат қилинг. Катта фарзандингизга бирор иш буюриб, кичигига унга кўмаклашишни айтинг. Зиммасидаги вазифани бирдек ҳис қилиш ҳамкорлик туйғусини шакллантиради.
Ҳеч қачон болаларни бир-бири билан солиштирманг. Оилада ака ёки уканинг ўзидан устунлигини кўрган болада унга нисбат рақобат ҳисси шаклланади. Бу ҳолат вақт ўтиши билан жиддий тус ола бошлаши мумкин.