MP3

Ассалому алайкум гўзаллик шайдолари. Бугун косметология ҳам замонга мос жадаллик билан ривожланмоқда. Гўзалликка ўч аёллар унинг янги-янги қирраларини кашф этмоқда. Кейинги пайтларда урф бўлаётган «ботокс» муолажаси ҳақида нималарни биласиз? Янгилик дея қабул қилинаётган бундай муолажа аёллар соғлиғига салбий таъсир қилади, дейишмоқда. Бу гаплар қанчалик рост? Бугун суҳбатимиз давомида шу маълумотларни батафсил беришга ҳаракат қиламиз. Муолажани истаган одам ўзида қўллаши мумкин. «Ботокс» тери синиши ва мимик ажинларнинг чуқурлаб кетиши, юз қаришининг олдини олади. Қуруқ юзларга тез ажин тушади. Шу сабаб бу муолажага қуруқ юзли аёллар кўпроқ эҳтиёж сезишади. Бироқ «ботокс» ҳаммада ҳам бирдек натижа беравермайди. Гоҳида бу ажинларнинг чуқур ёки юзада эканига ҳам боғлиқ.

Шу сабаб ажинларнинг жойлашиши, чуқур ёки юзадалигига қараб, муолажа 25 ёшдан 55 ёшгача бўлган давр оралиғида ўтказилади. Гоҳида 60 ёшдан кейин ҳам баъзи аёллар мурожаат этади. Бироқ 60 ёшдан кейин бу кутилган натижани бермайди. Чунки бу пайтда ажинларнинг пайдо бўлиши мушакларга боғлиқ бўлмай қолади. Муолажа бошламасдан олдин мижознинг саломатлиги ва руҳиятини ўрганилиши лозим. Чунки «ботокс» муолажасини ўтказиш гемофилия билан касалланганларга, эмизикли аёлларга, инфекцияли ва вирусли касалликлар билан оғриётганларга мумкин эмас. Миастения ва саратон касаллигида ҳам ман этилади. Шунингдек, турли антибиотик ва қон суюлтирувчи дорилар қабул қилинаётган бўлса, юзда ҳар хил йирингли тошмалар бўлганда муолажа ўтказилмайди. Косметологлар бу муолажани қай тартибда амалга оширишади?

Муолажани бошлашдан олдин юз дезинфекциялайдиган восита билан артилади ва махсус оғриқсизлантирувчи крем суртилади. Муолажани амалга оширишда ингичка ва калта игнали махсус шприц ишлатилади. Ажин қайси соҳада мавжуд бўлса, ўша ерга укол қилинади. Юз мушагига юборилаётган модда граммда эмас, «бирлик»да амалга оширилади. Муолажа 10-15 дақиқа давом этади. Натижаси эса 1,5-2 ҳафтадан кейин кўринади. Бу баъзиларда бир суткада, айримларда эса бир ойда кўриниши ҳам мумкин. «Ботокс» натижаси ўз таъсирини олти ойгача сақлайди. Сўнгра юз олдин қандай бўлган бўлса, ўша ҳолатига қайта бошлайди. Муолажадан кейин уч-тўрт соат давомида ухламаслик, юзга қўл билан тегинмаслик керак. Икки суткагача спорт билан шуғулланиш, саунага, сузишга бориш тақиқланади. Биринчи кунлари қуёш нуридан сақланиш лозим. Акс ҳолда, юзга доғ тушиши мумкин.

Бироқ афсуски баъзида муолажадан кейин юзда салбий ўзгаришлар кузатилади. Бу каби ҳолатларга, асосан, муолажани врач-косметолог, яъни ҳақиқий мутахассис ўтказмагани сабаб бўлади. Бундан ташқари, бунга юздаги мимика мушакларининг нотўғри ишлаши ҳам таъсир кўрсатади. Токсин миқдори ошиб кетиши мушакларнинг ўз ҳолатини йўқотишига, гоҳида терининг пастга осилиб қолиши, оғиз қийшайиши, юз симметриклиги бузилишига олиб келади. «Ботокс»нинг саломатликка умуман зарари йўқ, деб айтиб бўлмайди. Мутахассисларнинг айтишича, муолажа қайта-қайта амалга оширилаверса, хотира пасайиши, нафас олишнинг қийинлашуви юз бериши мумкин. «Ботокс» муолажасида ботулотоксин моддаси юздаги мушакларга юборилади. Токсин мушакларга тушгач, вақтинча фалажлайди ва бу ажинлар кўпайишига тўсқинлик қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top