Ассалому алайкум. Ҳар бир оилада бахтли турмуш қуриш учун етарлича имкон бор. Бу мақсад учун турмуш ўртоқлар биргаликда ҳаракат қилсалар бас. Турмуш қургач, эр ҳам хотин ҳам амал қилиши керак бўлган баъзи қоидалар бор. Буларни сиз биласиз. Шундай бўлсада яна бир бор эслатишга қарор қилдик. Биринчи қоида: Рашк эвазига умр йўлдошингизга беҳуда озор берманг! Наполеон Бонапартнинг жияни, Француз императори Наполеон III дунёдаги энг гўзал аёл — Тебск графининг қизи Мария Евгения Игнасия де Монтихони севиб қолади ва унга уйланади. Аммо унинг ҳаддан ортиқ рашки Наполеонни ундан узоқлаштирди. Шайтон ўйлаб топган энг ўткир оғулардан бири бу — рашкдир. У қора илоннинг заҳридек ҳамиша ўлдиради. Иккинчи қоида: Севинг ва раъйига қаранг! “Ҳаётимда кўп хатоларга йўл қўярман, лекин асло севиб уйланмайман!” деган экан Дизраэли.
У ўттиз беш ёшида эллик яшар, сочига оқ оралаган, бой-бадавлат бир бева хотинга дил изҳор қилди. Унинг севмаслигини аёл ҳам биларди. Бойликларига эга бўлиш учунгина уйланаётганини ҳам биларди. Шунинг учун ҳам аёл унинг феъл-атворини ўрганиш мақсадида “Бир йил кутиб турасиз!” деб шарт қўйди ва бу муддат тугагач, унга эрга тегди. Дизраэлининг никоҳи дунёда энг тўғри ва омадли никоҳлардан бири бўлиб чиқди. Қанчалар калтабин ва вайсақи бўлмасин, Дизраэли уни одамлар ёнида ҳеч қачон танқид қилган эмас. Бирон марта ҳам хотинини айбламаган, бордию кимдир танқид қилмоқчи бўлса, дарров ёнини олган. Ўз навбатида Мэри Энн ҳам Дизраэли ҳаётида энг азиз одами эканлигини ҳеч кимдан яширмаган. Мэри Энн фаришта эмасди, албатта. Аммо Дизраэлини эркин қўйиш кераклигига ақли етарди.
Учинчиси, бефойда танқид қилманг. Уильям ва Кэтрин Гладстонлар эллик тўққиз йил биргаликда меҳр муҳаббат ва садоқат билан яшадилар. Жамоат ишларидаги ёвуз рақиб бўлган Англиянинг бош вазири, Гладстон ўз оила аъзоларини ҳеч қачон танқид қилмаган. У эрталаб нонушта қилгани чиққанида оиланинг бошқа аъзолари ҳали ухлаб ётишган бўлсалар, ўз норозилигини билдиришнинг жуда мулойим йўлини топарди. Баланд овозда ёлғизлик ҳақидаги қўшиқни куйлай бошлар, бу билан Англиядаги энг банд одамлардан бири айни пайтда ёлғиз нонушта қилаётганини билдириб қўярди. Аммо оилада ҳеч кимни танқид қилмасди. Бахтсиз никоҳлар сабабларини ўрганиш масаласи бўйича америкалик машҳур мутахассис Дороти Дикснинг таъкидлашича, бахтсиз никоҳлар барча никоҳларнинг эллик фоиздан кўпроғини ташкил қиларкан. Ва ажралишга олиб келадиган бош сабаблардан бири жонга тегадиган бефойда танқид экан.
Тўртинчиси, ҳурмат – бахт калити. Қайсидир газетада бир ривоят келтирилган. Унинг мазмуни қуйидагича: кечқурун ишдан чарчаб келган деҳқонлар олдига ошпаз аёл овқат ўрнига бир боғ пичан қўйиб кетади. Деҳқонлар ҳайратланиб: “Жинни бўлганми бу аёл?” дейишибди. Шунда ҳалиги аёл: “Эътибор бермассизлар, деб ўйлабман. Ахир йигирма йилдан бери сизларга овқат пишириб бераман, аммо шу пайтгача биронтангиз пичан эмас, овқат еяётганингизни бир сўз билан билдириб қўймадингиз-ку!” деган экан. Демак, оилавий турмушингизни бахтли қилай десангиз, бир-бирингизга самимий миннатдорчилигингизни билдириб туринг. Эътибор – аёллар учун энг аҳамиятли нарса. Гул совға қилиш учун бирор сабабни кутиш шарт эмас. Эртагаёқ кечқурун унга бир неча атиргул олиб борсангиз бўлмасмикан? Ё синаб кўрасизми? Бўлмаса, худди шундай қилинг! Нима бўлишини ўшанда кўрасиз!