3:45

Бемордан ҳол сўраш

MP3

Ассалому алайкум. Инсониятга хос минг йиллик қадриятлар, урф-одатлар, ақида-ю анъаналар борки, улар инсонлар томонидан юксак қадрланиб, ҳурмат билан амалга оширилади. Шундай одатлардан бири – бемор кишини зиёрат қилишдир.Соғлом киши билан суҳбатлашиш осон ва ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Аммо бирор бемор одамни кўргани борганимизда эса баъзан нима дейишни, унинг кўнглини қандай кўтаришни билмай каловланиб қоламиз. Маълумки, бунинг ҳам ўзига яраша одоб ва қоидалари бор. Касаллик киши ҳолини маҳзун, аъзоларини эса заиф қилиб қўяди. Бундай вазиятда инсон меҳр-мурувватга ҳар қачонгидан ҳам муҳтож бўлади. Динимиз бундай ҳаста инсонларнинг ҳолидан хабар олишга, улар кўнглини кўтаришга ҳамда бир оз бўлса-да, дардини енгиллатишга буюради. Одатда бемор кишининг ҳузурига кирганда очиқ юз, хуш кўнгил билан салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўралади.

Бу энг тўғри йўл. Бирор етишмовчилиги бўлса, кўмаклашиб юбориши ёки ўзи билан озроқ ҳадя олиб бориши мақсадга мувофиқ. Касал ётган жойга яқинроқ, иложи бўлса, бош томонига ўтирилади ва беморнинг бош-кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, яхши сўзлар билан кўнглини кўтарадиган гаплар гапирилади. Унга дард вақтинчалик, беморлик эса Аллоҳнинг бир неъмати экани айтилади, тузалиб кетишини сўраб дуо қилинади. Унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди. Беморга шовқин-сурон ёқмайди. Борганда паст овозда, табассум билан гапириш, уни толиқтириб қўймаслик учун олдида камроқ ўтириш лозим. Хасталиги ҳақида эзмаланиб гапириш, билмаган нарсасини дори сифатида тавсия қилиш мумкин эмас. Халқимизда шомдан кейин касал кўришга борилмайди, деган қараш бор. Чунки, бу пайтда дард кучаяди, бемор чарчаб, оромга шайланган бўлиши мумкин.

Зиёратдан тураётганда унинг ҳақига дуо қилиб, “Худо хоҳласа тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб, отдай бўлиб кетасиз” каби сўзлар билан беморнинг кўнглига тасалли берилади. Афсуски, ҳаётда бу қоидаларга кўпда амал қилавермаймиз. Баъзан уқувсизлигимиз ёки илмсизлигимиз сабаб хижолатли вазиятлар келиб чиқади. Беш қўл баробар бўлмаганидек, одамлар ҳам ҳар хил. Кимдир бемор ётган киши ҳолидан хавотирланиб, унга ачинганидан ёки кўнглини кўтариш мақсадида борса, яна кимдир унинг қандай касал эканини билиш учун боради. Беморни зиёрат қилиш касал кишига руҳий мадад бўлади, у ўз дўстлари олдида қадри-қиммати борлигидан хурсанд бўлиб, яшашга бўлган иштиёқи кучаяди. Беморнинг кайфияти кўтарилиши эса касалликни енгишга хизмат қилади. Бу пайтда бир оғиз ўйланмай гапирилган гап билан унинг дардини оғирлаштириш ёки аксинча, кўнглини кўтарувчи бир сўз уни ҳаётга қайтариши мумкин.

Маълумки, касал ётган одам ёғли, қуюқ, хамирли ёки қовурилган, дудланган, шўр овқатлар истеъмол қилиши мумкин эмас. Аммо кўпинча беморни кўргани бораётганимизда унинг парҳезда эканини унутамиз. Оғир касалликлар билан оғриган ёки жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморларга шовқин-сурон ёқмайди. Бизда эса касални кўргани 3-4 киши бўлиб келишади ва барчаси бир вақтнинг ўзида ёнига кирмоқчи бўлишади. Бу мумкин эмаслигини айтсак-да, баъзилар тушунишни исташмайди. Демак, ҳар ишда бўлгани каби бу нозик масалада ҳам албатта меъёрни унутмаслик лозим. Касал кўриш унга ўзининг келганини пеш қилиш эмас, балки иссиқ жон иситмалаганида дардига шифо тилаш ва қўллаб, мадад бўлиб туришдир. Бу зиёрат эса хастанинг ҳолатини оғирлаштирмаслиги, аксинча, унинг руҳиятини кўтариши лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top