3:30

Аёллар саломатлиги учун хатарлар

MP3

Ассалому алайкум. Биз сизлар билан аёллар гўзаллиги, ёш ва кўркам кўриниш, фарзандлар мавзусида жуда кўп суҳбатлар қурганмиз. Аммо аёлнинг саломатлиги энг муҳими. Кўркам либос ва пардоз-андоз фақат соғлом аёлгагина ярашади. Шу боис ҳам биз, аёллар саломатлигимиз ҳақида ҳаммадан кўра кўпроқ қайғуришимиз зарур. Соғлиқ учун курашар эканмиз, унинг “душман”лари нималар эканлигини билиш зарар қилмайди, албатта. Парҳез – фойда эмас, зарар!Идеал қомат ва гўзал чеҳра соҳибаси бўлишга ҳаддан зиёд интилиб, кўпчилик аёллар ўз соғлиғига зарар келтираётганини сезишмайди ҳам. Билсангиз, аёл организмининг биринчи рақамли душмани очликдир. Парҳезга риоя қилиб, мажбуран оч юриш кони зарар. Энг ёмони эса кўпчилигимиз қаердадир ўқиган ёки дугонамиздан эшитганларимизга риоя қиламиз. Малакали мутахассис билан эса маслаҳатлашмаймиз.

Одатда, бундай парҳез кутилган натижани бермайди, организмнинг одатий озуқасидан бош тортиш эса соғлиқ билан боғлиқ катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, юрак ритмининг бузилиши, соч тўкилиши, остеопороз, қабзият, томир тортишиши ва кўнгил айниши кабиларни олайлик. Буларнинг бари силлани қуритиб, асабга ҳам таъсир этмай қолмайди. Тор либослардан воз кечинг! Сарвқомат бўлай, деб аёллар тор-таранг либосларни кийиб юришга одатланишган. Айниқса, қоматни бир неча сантиметр кичикроқ қилиб кўрсатувчи ички кийимларни кийишни ҳам канда қилмаймиз. Шифокорларнинг таъкидлашича, мунтазам тор кийимлар кийиш организмда модда алмашинувини издан чиқариб, гинекологик ва эндокринологик касалликларга сабаб бўлади, бепуштликни рағбатлантиради. Хусусан, тор шим кийиш оқибатида қизларда тос суягининг қисқариши, яъни торайиш юз бермоқда.

Бу эса аёлни энг олий вазифаси – фарзанд дунёга келтиришдан маҳрум этиши ҳам мумкин. Шунингдек, ички кийимларни танлаётганда табиий матодан тикилганларини сотиб олиш мақсадга мувофиқдир. Баланд пошнали пойабзал. Баланд пошнали оёқ кийимлар аёл кишига янада мафтункорлик бахш этиши билан бирга унинг ўзига бўлган ишончини ҳам оширади. Аммо соатлаб ноқулай ҳолатда турган оёқ мушаклари чарчайди ва моддалар алмашинуви бузилиб, турли салбий натижалар юзага келади. Оёқнинг товон қисми баландда бўлгач, асосий босим оёқ кафти остига тушади. Меъёр бузилиши тананинг устуни – умуртқа поғонасига оғирлик қилиб, аёлнинг гавда тузилишида ўзгаришлар юзага келади. Узоқ муддатли ва ҳаддан ортиқ кучли зўриқиш мушаклар толиқиши ва оёқ панжалари зўриқишига олиб келади. Оёқ панжаларида, болдир, тизза бўғимлари, бел соҳаси ва бошда оғриқ пайдо бўлиши мумкин.

Оёқ томирларининг варикоз кенгайиши, асаб билан боғлиқ турли дардлар, орттирилган кўндаланг яссиоёқлик келиб чиқиши, шунингдек, ёш ўтган сари оёқ бармоқлари шаклининг ўзгариши, подагра юзага келишига ҳам баланд пошнали оёқ кийимлар сабаб бўлади. Узоқ муддат бир жойда ўтириш – аёлларнинг энг катта душманларидан бири. Статистик маълумотларга кўра, бир ерда кўп вақт ўтириб ишлайдиган одамлар фаол кишиларга нисбатан ўртача ўн йилга эрта қарийдилар. Мунтазам ўтириш ортиқча вазн ва моддалар алмашинуви бузилишига олиб келиши исботланган. Камҳаракат турмуш тарзи бавосил, остеохондроз, семириш, юрак етишмовчилиги каби оқибатларга олиб келади. Енгилгина шамоллаш, вақтида даволанмаган тиш касалликлари, ангина, совуқ, зах ерда ўтириш – кўпчилик аёллар учун таниш ҳолат, тўғрими? Бундай эътиборсизлик соғлиққа зарар келтиради. Азиз аёллар, ўз соғлиғингизга беэътибор бўлманг!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top