Ассалому алайкум. Оила, икки севадиган одам бир-бири билан топишиб, бирга қўша қаришга қарор қилишибдики, рашк деган туйғу уларни тинч қўймайди. Афсусланарли жойи шундаки, бу туйғу жуда кўп оилаларнинг завол топишига сабаб бўлади. Худованднинг Каломида бу ҳақида нимадир дейилганми? Албатта. Эски Аҳд китобларида Худованд айнан рашкни бошқариш ва асоссиз рашк қилиш ҳақида қонунлар берган. Саҳрода 5 бобда шу ҳақида ёзилган, “Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги қонунларни берди: агар биронтасининг хотини ёмон йўлга кириб, эрига хиёнат қилса, бегона эркак билан ётиб ўзини булғаса–ю, уни ҳеч ким тутиб олмаса, бунга бирор гувоҳ бўлмагани учун эрининг бундан хабари бўлмаса, кейинчалик эри хотинидан
шубҳалана бошласа, хотини ўзини булғамаган тақдирда ҳам, эри ундан шубҳаланиб, рашк қилса, эр хотинини руҳоний ҳузурига етаклаб борсин.
Хотини учун тўрт коса арпа унини назр қилиб олиб борсин. Арпа унига зайтун мойи ёки хушбўй тутатқи қўшилмасин. Бу назр аёл айбдор ёки айбдор эмаслигини билиш учун келтирилаётган рашк назридир. Руҳоний аёлни етаклаб, Эгамиз ҳузурига олиб кирсин. Сўнг муқаддас сувни сопол идишга қуйсин–да, Муқаддас чодирнинг ичидаги ердан тупроқ олиб, сувга қўшсин. Аёлни руҳоний Эгамиз ҳузурига олиб киргандан сўнг, аёлнинг сочини ёйсин. Унинг қўлига рашк учун келтириладиган дон назрини тутқизиб қўйсин. Руҳонийнинг ўзи эса қўлида лаънат келтирадиган аччиқ сувни ушлаб турсин. Руҳоний аёлга қасам ичтириб, унга шундай сўзларни айтсин: “Агар сен бегона эркак билан ётмаган бўлсанг, булғанмаган, эрингга хиёнат қилмаган бўлсанг, мана шу лаънат келтирадиган аччиқ сув сенга ҳеч қандай зарар етказмасин. Агар эрингга хиёнат қилиб, булғанган бўлсанг, эрингдан бошқа одам билан ётган бўлсанг, одамлар кимнидир лаънатлаганда, Эгам сенинг номингни лаънатга қўшиб айтадиган қилсин.
Эгам сени бола туға олмайдиган қилиб қўйсин. Ўша лаънат келтирадиган сув ичингга кирганда, сени туға олмайдиган қилиб қўйсин.” Шунда аёл: “Омин, омин”, деб айтсин. Сўнг руҳоний лаънат сўзларини қоғозга ёзиб, уни аччиқ сувда ювсин. Токи аёл ўша сувни ичганда, лаънат унинг танасига кириб азоб берсин. Рашк ҳақидаги қонун ана шулардан иборатдир.” Бу қонун кимгадир ёмонлик қилиш учун эмас, аксинча аёлни доимий айбловлардан қутқариш учун берилган. Бу қонун қоидаларни бажарган эркак, хотинини айблашдан озод бўлган. Агар эр ёки хотин рашқ қилаётган бўлса, буни жуфтига босиқлик ва донолик билан тушунтирсин. Аслида Худонинг йўлида юрадиган эр-хотинлар эса бир-бирларидан шубҳа қилишга асос йўқ. Чунки улар Худонинг йўлида тўғри ва пок юраётганларини билади.
Уларнинг юракларида Худонинг севгиси бор экан, бир-бирларини рашк қилишга ҳожат қолмайди. Аммо шунга қарамай, рашк эр-хотинлардан бирини эгаллаб олсачи? Рашк қилинаётган одам, қилаётган ишларига жуда диққатли бўлиши, уйга вақтида келиши, кеч қоладиган бўлса, айтиб қўйиши ва айтган вақтида уйда бўлиши керак. Аммо шунга қарамай, рашк қилинишдан азоб чекадиган аёллар анчагина. Улар ишонсиз, маънан бузуқ эрларининг рашклари туфайли оиланинг ширин бахтидан маҳрум бўладилар. Бундай вазиятда аёллар донороқ бўлиши талаб этилади. Агар сизни нохақ рашк қилишса, бунга қаршилик қилишингиз керак. Агар шунда ҳам муаммони ҳал қила олмасангиз, жамоат етакчиларингиздан, чўпонингиздан маслаҳат олишингиз керак.