Ассалому алайкум меҳрибон оналар. Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг соғлом ва бахтли бўлишини истайди. Шунга қарамай, баъзан ўзимиз билиб-билмай бунга қарши иш қиламиз. Қуйида эътиборингизга кўпинча оналар эътибор қилмаган ҳолда айтиб қўйиши мумкин бўлган, аммо фарзандининг ҳаётига, келажагига таъсир қилиши мумкин бўлган гапларни ҳавола этамиз. Шундай гаплар борки, уларни фарзандингизга қанча гапирсангиз ҳам арзийди — булар қўллаб-қувватловчи, мақтовчи, ҳамдардлик билдирувчи сўзлардир. Бундан ташқари яна шундай гаплар, иборалар борки, уларни асло тилга ола кўрманг. Болаларнинг фикрлари албатта бизга у қадар ақллидек туюлмаса ҳам, улар ўз фикрлари билан бўлишаётганида, «Аҳмоқона гапларни гапирма!», деманг. Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Болалар катталардан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон бекорчи гапларни гапиришмайди.
Сизга ҳар қанча кулгили ёки бемаъни туйилмасин, фарзандингиз сизга айтгиси келган ҳар бир сўз у учун муҳим аҳамиятга эга. Уни инкор этиб, боланинг сўзлари сиз учун аҳамиятсиз эканлигини билдирган бўласиз. Кейин фарзандингиз сиздан кўп нарсани сир тутадиган бўлиб қолса, ажабланманг. Қандай гап гапирмасин, унинг ютуқлари учун хурсанд бўлинг, сўзларини диққат билан тингланг. Агар у бирор бир муаммо билан келган бўлса, уни ҳал қилишга уриниб кўринг. «Мана ол-да, нари кет!» бу болани алдаш эканлигини болангизнинг ўзи ҳам сезади. Боланинг талабига жавоб беришнинг энг ёмон усули. Унга миннат қилаётганингиз етмагандек, ундан кетишни талаб қиляпсиз. Болалар ўз истагига эришиш йўлида бу усулдан фойдаланишга тез кўникишади. «Нари кет» сўзини қўлламасликка ҳаракат қилинг, зеро бу сиз ва фарзандингиз ўртасидаги масофани узоқлаштиради.
«Бошқалар уддасидан чиқади, сен эса йўқ». Болани бошқалардан ёмон эканлигига ишонтириб, сиз фарзандингизда ўзига бўлган ишончсизлик ҳиссини шакллантирасиз. Баъзи ота-оналар шу йўл билан болани тўғри йўлга солишга уринишади, бироқ бундай усул ҳаттоки катталарда ҳам ижобий натижа бермайди. Зигмунд Фрейднинг шундай сўзлари бор: «Ўзингизни таққослашингиз мумкин бўлган ягона шахс — бу ўтмишдаги ўзингиз». Ана шу сўзларга асосланиб, болани тарбия қилсангиз, у ўзига ишонган шахс бўлиб вояга етади. «Кўзимга кўринма». Нима учун бундай дейиш мумкин эмас? Бундай сўзлар болага на унинг ўзи ва на муаммолари ота-онасига кераксиз эканлигини билдиради. Баъзан ота-оналар шу йўл билан можаронинг олдини олишга ҳаракат қилишади. Аммо муаммодан қочиш билан уни ҳал қилиб бўлмайди. Фарзандларингизнинг сўзларини эшитинг, уларга ёрдам беринг.
Зиддиятли вазиятларда эса бошқача усулларни қўлланг. «Сен эплай олмайсан, яхшиси менга бер». Бундай деганингизда боланинг уриниб кўриш ҳаракатига чек қўйиб, келажакда уни ёрдамга муҳтож ва омадсиз қилиб қўясиз. Психологияда буни «ўргатилган иложсизлик» дейилади, яъни инсон бирор нарсани қила олмаслигига олдиндан ўзини ишонтиради. Шундай экан, фарзандингиз қийинроқ ишга киришганини кўрсангиз, яхшиси унга «Кел, сенга ёрдамлашиб юбораман», деб айтинг ёки у сизга бирор ишда кўмак берсин. «Сен ёмонсан!» ёки «Қулоқсизсан”. Болалар ота-оналарининг фикрларини жуда қадрлашади. Бундай сўзларни айтар экансиз, фарзандингиз уларга амал қилишини ёддан чиқарманг. Бу боланинг ўзига бўлган ишончини йўқотади ва келажакдаги муаммолардан дарак беради. «Сен ёмонсан» ёки «Қулоқсизсан» дейиш ўрнига «Сен тўғри иш қилмадинг», «Бу нотўғри қарор», деб айтинг. Болага эмас, унинг ҳаракатларига баҳо бериб, сиз унинг яхши томонга ўзгаришига туртки берган бўласиз.