3:23

Имкониятдан фойдаланинг

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Қадимги Аҳд китобларидан бирида Ёвел деган бир аёлнинг имкониятдан вақтида ва оқилона фойдалангани ҳақида ўқиганимда, Худо бизнинг олдимизга қўйган имкониятлардан қандай фойдаланаяпмиз, деган савол уйғонди. Агар унинг нима қилганини билсангиз, бу қандайдир бемаъни шафқатсизлик, деб ўйлаймиз. У нима қилган эди дейсизми? У ўз чодирида ўтирганида Канон қўшини қўмондони Сисаро Исроил давлати қўшинидан қочиб унинг олдига келиб қолади. У Сисарога сут бериб, ухлаб қолгач, бошига қозиқни қоқиб уни ўлдиради. Аввалига қочқинни чодирига таклиф қилиб, меҳмондўстлик кўрсатиб кейин ўлдириб юбориши ҳеч бир ақлга сиғмайдиган ишдек туюлади. У Сисарони кўрган пайтидан бошлаб ўлдиришни ният қилганми, йўқми, буни билмаймиз. Балки аввалига Ёвел уни қувиб келаётганлар келгунича тутиб тураман, деб ўйлагандир.

Бироқ уни қувиб ҳеч ким келмагач, Сисарони ўзи ўлдириб қўя қолган. Агар Худованд Добирага Сисаро ва унинг қўшинини мағлуб қиламан, деб айтган бўлса, демак Ёвел ҳам Сисарони кўрганида, Худованд унга ҳам шундай дегандир. У эса қўрқувни ва “агар” деган баҳоналарни четга йиғиштириб қўйиб, Худо берган имкониятдан фойдаланиб қолган. Агар Худованд бизга ишга киришиш кераклигини айтаётган бўлса ёки шунга ундаётганини сезаётган бўлсак, вақтни чўзмаслигимиз керак. Бу ҳаётда ҳолатлар жуда ўзгарувчан бўлади. Бу имконият жуда тез ўтиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам имконият бўлганида, тезгина қарор қилишимиз керак. Иккинчи нарса бу Худо берган имкониятда у берган қуроллардан фойдаланиш. Қандай қуроллар? Ёвелни эсланг. Ўзининг ҳолатида унинг ёнида нималар бор эди. чодирни маҳкамлаб турадиган қозиқ ва уни уриш учун болға ёки болтаси бор бўлган.

Унда албатта бирорта ҳарбий қурол ёки камон бўлмаган. Шунинг учун у боридан фойдаланиб, Сисарони ўлдирган. У, “Қанийди қиличим бўлганида, уни ўлдирган бўлардим”, деб ўйланиб ёки баҳона қилиб ўтирмади. У тезгина ўзида бор нарсасидан фойдаланиб, имкониятдан фойдаланди. Худованд бизга қандай имконият бермоқчи бўлса, шунга яраша маҳорат ҳам беради. Худованд Ўз халқига қандай иш буюрмоқчи бўлса, шу иш учун керакли нарсаларни уларнинг олдига қўяди. Бизга керакли маҳорат ва қобилиятларни беради. Биз эса уларни ишлатиш йўлларини қидиришимиз керак. Ҳатто биз бу ишни қилишга ўзимизни етарлича мос ёки маҳоратли деб билмасак ҳам, Худованд Ўз улуғворлиги учун бизни керакли нарсалар билан таъминлайди. Балки ўша пайтда биз ўйлаганчалик кўринмас, аммо биз Худо айтган ишни қилишимиз учун шундай маҳорат беришига ишонишимиз керак бўлади.

Бизнинг Худойимиз улуғвор Худо, У бизга керакли маҳорат ва қобилиятни берганига ишонишимиз керак. Калом шундай деб ваъда беради, “Ахир, биз ўзимизнинг кучимиз билан бирор нарса қила олмаймиз–ку! Ҳамма қобилиятимиз бизга Худо томонидан берилган. Худо бизга Янги Аҳднинг хизматкорлари бўлиш қобилиятини берди. Бу аҳд қонунга эмас, балки Руҳга асосланиб тузилган, чунки қонун ўлимга етаклайди, Руҳ эса ҳаёт бағишлайди.” Худо йўлида хизмат қилишда ёки Унинг иродасини бажо келтиришда баъзи нарсалар қоидаларга амал қилишдан устун туради. Агар Ёвелнинг ҳолатини олиб қарайдиган бўлсак, унинг халқи одатларига кўра эшиги олдига келган меҳмонга ёмонлик қилиш мумкин эмас. Шунга қарамай, у Худонинг турткисига “Ҳўп”, деб жавоб берди. Ахир одамларга зарар берадиган қоидаларни бажаришдан кўра, Худонинг иродасини бажариш тўғри бўлмайдими?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top