3:24

Муқаддас Калом ғийбат ҳақида нима дейди?

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Биласизки, аёллар ғийбат қилишга ва бошқаларнинг ишига аралашишга жуда мойил бўладилар. Бироқ биз Худони таниб билганимиздан кейин, эски табиатимизга ҳос бўлган бу одатни бир четга улоқтиришимиз керак. Ғийбат Худога ёқмайдиган гуноҳлардан бири. Шунга қарамай, Муқаддас Каломда бу ҳақида бирор нима дейилганми? Буни ҳозир сизлар билан бирга билиб оламиз. Сиз ҳам ғийбат қиласизми? Биз аёллар бир-бирларимиз билан маълумот алмашишни яхши кўрамиз. Биз жуда қизиқувчан ва бошқаларнинг қандай яшаётганига қизиқадиган тоифага кирамиз. Ҳамма нарсадан огоҳ бўлиб юриш яхшику, дейдиганлар ҳам топилади. Аммо ғийбат яхшилик келтирмайди. Ҳаммамиз ҳам яхши ҳикоя эшитишни ёқтирамиз. Аммо биз ҳаётини ҳикоя қилаётган одам буни ёқтирмаслиги тайин. У одам ҳақида миш-мишлар тарқатиш, ўша одамга зиён келтиради. Ғийбат бу одамларни ҳукм қилиш дегани.

Бу ҳақида ўйлаб кўрмаган эдингизми? Албатта биз ким ҳақидадир ортиқча, айтилиши керак бўлмаган маълумотларни гапираётганимизда уни ҳукм қилаётган бўламиз. Инсонни ҳукм қилиш Худонинг иши, бизники эмас. Ғийбат бошқаларда ғийбат қилинаётган одамга нисбатан ҳасад, нафрат ва яна бошқа салбий ҳисларни туғдиради. Бундан ташқари ғийбат қилаётган одамнинг қандай имонли эканини ҳам кўрсатади. Aгар кимдир бошқа бировни ғийбат қилаётган бўлса, демак бу аёл Худо билан яқин эмас, демак у ўзи айтганичалик кучли имонли эмас. Бу бекорчиликдар келиб чиқадиган суҳбат. Агар сиз бекорчи бўлсангиз, демак фойдали ишлар билан шуғулланмайсиз. Демак, сиз унчалик ақлли аёл эмассиз. Суҳбат ғийбатга айланиб кетмаслиги учун ҳар бир художўй аёл сўзларига эҳтиёт бўлиши керак. Муқаддас Калом эса бу ҳақида бизга аниқ кўрсатмалар берган.

Левийлар 19 боб 16 оят шундай дейди, “Одамлар орасида қўшнингизни ғийбат қилиб, унинг жонини хавф остига қўйманг. Мен Эгангизман.” Ёки Римликларга 1 боб 29 оят шундай дейди, “Улар ҳар турли адолатсизлик, ёмонлик, очкўзлик ва ёвузликка тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар. Улар ғийбатчи бўлиб, одамларнинг орқасидан гапирадилар.” Каломда яна “Ҳукм қилма, сен ҳам маҳкум бўлмайсан”, деб ёзилган. Аёллар тўпланганида ва бир қарашда беозор суҳбат қураяпти, деб ўйлаганингизда эҳтиёт бўлинг. Бу беозор суҳбат тезгина ғийбатга айланиб кетиши мумкин. Шундай бўлмаслиги учун ғийбат бошланишидан олдин суҳбатни фойдали мавзуга буринг. Масалан бирор бир пишириқни қандай пишириш ёки бу ҳафтада Худо ҳақида нима ўрганганингиз ҳақида гапиришни бошланг.

Бирор ўзимизга ёқмайдиган одамни қоралаш ва уни ҳукм қилиш жуда осон, аммо шайтон диққатингизни ўша одамга қаратганида, ўз-ўзингизга “Худо у ҳақида қандай фикрлайди?”, деган саволни беринг. Имкон қадар бундай ғийбатли суҳбатларга аралашманг. Сулаймон ҳикматларида бир ажойиб оят бор, “Ўтин бўлмаса, ўт ўчиб қолади,

чақимчи бўлмаса, жанжал тўхтайди. ” Чиндан ҳам шундай, агар сиз ёки кимдир бу суҳбатни тўхтатса, ҳеч қандай ғийбат бўлмайди. Худованд Ўз ҳалқига шундай деган, “сўраб суриштиринглар, яхшилаб текширинглар. Бу жирканч воқеа ҳақиқатан юз берган бўлиб, эшитганларингиз рост бўлиб чиқса,”. Бундан кўриниб турибдики, Худо сўраб-суриштирмай туриб бошқа халққа зиён етказишни истамаган. Сиз ҳам суриштирмай туриб, ғийбат қилманг. Ҳатто сизга айтилаётган фактлар тўғри бўлган тақдирда ҳам ҳукм қилиш сизнинг ишингиз эмас.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top