Ассалому алайкум қадрдонлар. Биласизки, аёллар баъзан эркакларга ҳавас қилишади. Уларга яшаш осонроқ бўлгани учун эмас, бошқа оддий сабабга кўра: эркакларнинг вазн ташлаши аёлларга нисбатан осонроқ. Нима учун дейсизми? «Здоровье с Еленой Малышевой»да келтирилишича, тарихдан шундай. Бунга сабаб уларнинг тана ҳусусияти аёлларникидан тубдан фарқ қилишида. Эркаклар организмида ёғ тўқималари меъёри тахминан 10-12 фоизни ташкил қилади (лекин 20 фоизгача ошиши мумкин). Аёлларда эса ёғ тўқималари кўпроқ бўлиши керак — 30 фоизгача. Бу аёлларнинг ҳомиладор бўлиши ва болани она сути билан озиқлантириши билан изоҳланади, албатта. Организмнинг энергия захираси эса — бу ёғ тўқимаси. Бундан ташқари анатомик ҳусусиятлар ҳам эркакларнинг аёллардан тезроқ ва осонроқ кечишини таъминлар экан. Табиатан эркакларда мушаклар кўпроқ бўлади.
Сабаби уларнинг тарихий роли доимий ҳаракатни талаб қилувчи ов машғулотларида бўлган. Ҳатто сизнинг «овчингиз» диванда ётишни маъқул кўрса ҳам, унинг мушаклари барибир сизникидан кўпроқ, буни эволюция дейдилар. Бу қомат ва озиш учун қандай аҳамиятга эга? Организмда мушаклар тўқималари қанчалик кўп бўлса, асосий алмашинув даражаси шунча юқори бўлади. Яъни эркаклар ҳеч нима қилмаса ҳам, аёлларга нисбатан кўпроқ калория сарфлашади. Кейинги сабаб физиология ҳисобланади. Дейлик, эр ва хотин бир вақтда вазн ташлашга қарор қилишди. Спорт залига обуна бўлиб, бир ой давомида шуғулланишади, машқлар иккиси учун тахминан бир хил… Бир ойдан кейин эркак 5 кг вазн ташлайди, аёл эса — 1 кг. Бу кўп учрайдиган ҳолат. Мушаклар массаси ҳажмидаги фарқдан ташқари, гормонал фондаги тафовут ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эркакларда тестостерон кўп бўлади, бу гормон мушакларни интенсив ўсишга мажбур қилади.
Бундан ташқари, тестостерон нисбатан агрессив хатти-ҳаракатлар учун жавоб беради, шунинг учун эркаклар юқори интенсивликдаги юкламалар, такрорий машқларга узоқроқ чидамли бўлишади ва охир-оқибат кўпроқ вазн ташлашади. Бундан ташқари, аёлларнинг ишдаги самарадорлиги циклга жуда кучли боғлиқ, яъни ой давомида шундай кунлар бўладики, организм эҳтимолий ҳомиладорликни кутади ва истар-истамас энергия сарфлайди. Бундай кунларда эса озишнинг уддасидан чиқиш қийин. Бундан ташқари аҳлоқий ҳусусиятлар ҳам аёлларнинг озишга бўлган асосий душманларидан бири экан. Бу ҳам аҳамиятга эга. Вазн ташлашга қарор қилган аёллар машқларни қандай бажаришади? Дугоналари билан гуруҳ машғулотларига ёзилишади. Ёғдан самарали халос бўлиш учун эса дақиқасига 110-130 зарб пульс зонасида 40 дақиқадан кам бўлмаган вақт машқ қилиш керак. Масалан, узоқ югуриш ёки тез-тез юриш, велосипедда ҳаракатланиш ва ҳ.к.
Аэробикада олинадиган интервал юкламалар организмни мустаҳкамлайди, лекин улар вазн ташлаш учун у қадар самарали эмас. Эркаклар эса аксарият ҳолларда ёлғиз машқ қилишади ва кўпинча айнан югуриш ҳамда велотренажёрни танлашади. Инсоннинг кайфияти озишга ёрдам бериши ҳақида эшитганмисиз? Аёлларнинг парҳезга риоя қилиши қийинроқ. Эркаклар эса овқатланишдаги чекловларни нисбатан енгил ўтказишади: улар ўз табиатига кўра кўп нутриентлар хилма-хиллигига муҳтож эмас. Аёлларда эса улар етишмаса, депрессия бошланади. Кимлардир стресснинг аламини овқатдан ола бошлайди. Дарвоқе, бундай кайфият хусусияти ҳам асосан аёлларга хос. Сиз ҳам ўзингизнинг зарарли одатларингизга назар ташланг. Эҳтимол сиз ҳам стресс ва жахл пайтида бирор нима еб асабларни тинчлантиришни одат қилгандирсиз. Хуллас, юқоридаги озишга қарши душманларни енгиб ўтиб, ўз устингизда доимий ҳаракат қилишингиз тарафдоримиз.