Ассалому алайкум қадрдон аёллар. Биз ўзимиз севган рақс машғулотининг қандай келиб чиққани ҳақида етарлича маълумотга эга эмасмиз. Шу сабаб бугун айнан шу мавзуда суҳбатлашишга қарор қилдик. Рақс ҳали ёзув пайдо бўлмасидан олдин инсониятга қадрдон бўлган машғулотлардан бири бўлган. Кўпгина тарихчилар ижтимоий ва маросимларда ижро этилган рақслар илк ривожланишнинг асосий сабабларида бири, деб ҳисоблайдилар. Рақс билан боғлиқ энг қадимий топилмалар эрамиздан аввалги 9000 йилга тегишли бўлиб, улар Мисрдан топилган, аммо рақснинг замонавий маданиятга айланганлиги ҳақидаги маълумотлар эса қадимги Юнонистон, Ҳиндистон ва Хитойдан топилган. Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, рақс кўпгина қадимий цивилизацияларда Худога бағишланган маросимларнинг ажралмас қисми бўлган. Қадимги Мисрда маъбадда хизмат қилувчи киши арфа ва най садолари остида Худога атаб рақсга тушган.
Бундан ташқари Миср аёллари азада ҳам ўз ғам-қайғусини ифода этиш мақсадида рақсга тушган. Қадимги Юнонлар ҳам муқаддас мақбараларда рақсга тушишган. Бу ишни асосан мақбараларда яшаб, худоларга хизмат қиладиган бокира қизлар амалга оширган. “Корос” деб аталувчи рақс аслида худоларнинг шарафига айлана бўлиб тушилган рақс ҳисобланган. 6 асрга келиб эса бу Юнон театрининг асосий намойишига айланди. Ҳиндистонда ҳам бокиралар маъбадда рақсга тушганлиги ҳақидаги маълумотлар 1 асрга тегишли манбааларда сақланиб қолган. Бугунги кундаги Ҳиндистон классик рақсининг ҳаракатлари айнан ўша рақсдан олинган. Милоддан аввалги 1400 йилларда чизилган расмларга кўра, рақс нафақат диний ёки маросим ҳаракати балки, кўнгилочар машғулот ҳам бўлган. Тасвирларга кўра, мусиқачилар рақсга тушаётган ва ўйин-кулги қилаётган ҳолда тасвирланган. Бундай тасвирлар одатда қабр деворларига чизилган.
Шундай тасвирлардан бирида одмигина кийинган раққоса қиз сакраш ҳаракатлари билан ўлган одамни нариги дунёда ҳам қувонтиради, деб ўйлашган. Аммо бу рақсга тушаётган қиз нариги дунёга ҳам бу дунёга ҳам бирдек тегишли, деб ҳисобланган. Европа Уйғониш даврига келиб эса рақс санъати турли ҳаракатлар билан бойиди. Ҳозирги кунда машхур бўлган кўпгина рақс турлари айнан ўша даврда шакллана бошлади. Фактларга кўра, рақс ҳақидаги энг биринчи топилма 9000 йиллик тарихга эга. У Ҳиндистондаги қабр ғори ичидан топилган. Қадимги Юнонлар ва Римликлар май худоси Дионис ва Бахус шарафига атаб фестивал уюштиришган. Бу фестивал бир неча кун май, рақс ва қўшиқлар билан давом этган. Рақснинг саломатликка ижобий таъсири бугун ҳеч кимга сир эмас. Азалдан шифокорлар рақснинг организмга ва моддалар алмашинувига ижобий таъсирини тан олишган. Минг йиллар ўтган бўлса ҳам бу фикр ўзгаргани йўқ.
Аммо рақснинг инсон саломатлигига бошқа ижобий таъсирлари ҳам ўрганилди. Рақс умумий жисмоний машқлар каби инсон юрак қон-томир тизимига ижобий таъсир қилиб, вазнни бир меъёрда ушлаб туриши исботланди. Рақс нафақат инсон танаси, метоболизмни яхшилайди, балки унинг психологияга ҳам ижобий таъсири борлиги аниқланди. У инсон руҳиятини кўтариб, ҳаётий психологик муаммоларга чидамли бўлишга ёрдам беради. Бундан ташқари рақс суяклар ва мушакларни мустаҳкамлаб, қариганда бўладиган оғриқлардан ҳимоялайди. Рақслар тана суякларини бир текисда ривожланишига ёрдам бериб, инсон қоматини тик тутишга ўргатади. Рақс билан шуғулланадиган одам чиройли қадам ташлаши билан бошқалардан ажралиб туради. Рақс нафас олиш тизимини ҳам бир меъёрда сақлайди. Танада қон айланишини яхшилаб, қонни кислород билан тўйинтиради. Ҳаммасидан ҳам аълоси, рақс тананинг кексайиш жараёнини секинлаштиради.