Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Оилавий фильмларда режисёрларнинг энг кўп ишлатадиган саҳналари бу ота ёки онанинг болаларга эртак ёки ҳикоя ўқиб бериш саҳнасидир. Бу ўйлаб топилган саҳна эмас. Ҳаётда ҳам шундай. Тарихга назар ташласангиз, оналар болаларига чақалоқлигидан алла айтишса, сал каттароқ бўлгач, турли қаҳрамонлар ҳақида эртаклар, достонлар сўзлаб беришган. Эҳтимол халқ оғзаки ижоди ҳам ўшандай ижодкор оналарнинг болаларига айтиб берган ҳикоялари маҳсули бўлса ажаб эмас. Чунки бу достонлар ва эртаклар оғиздан оғизга ўтиб келиб бугунги кунгача етиб келган. Бунда албатта ижобий қудратли куч яширингани аниқ. Болалигида эртак эшитмаган, унинг сирли воқеаларидан ҳайратга тушмаган инсон бўлмаса керак. Айниқса, “Ур, тўқмоқ!”, “Зумрад ва Қиммат”, “Бўғирсоқ” каби кўпгина эртаклар руҳимизга маънавий озуқа бўлгани аниқ.
Гўдак улғая боргани сари унинг чўпчакларга бўлган қизиқиши ортиб бораверади. Ҳикоят-у ривоятлар орқали фарзандларнинг ақл-идроки, хотира ва нутқи яхши ривожланади. Бундан ташқари масал ёки ривоятлар тинглаган боланинг сўз бойлиги ортиб, унинг фикрлаш ва тасаввури кенгаяди. Маталчининг нутқ оҳанги эса боладаги ҳис-туйғуларнинг ижобий ривожланишига таъсир этади. Унда оиласи, ота-онаси ва атрофдагиларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш ҳамда меҳр туйғуси шаклланади. Болаларга эртак ва ҳикояларни айтиб бериш нима учун керак? Азал-азалдан ота-боболаримиз фарзандларига эртаклар айтиб, уларни катта қилишган. Мутола эса кичкинтойларни билимга, китобга бўлган қизиқишларини уйғотган. Эртак айтаётганингизда ширинтойингизга ҳеч эътибор қилганмисиз? Улар яхшилик билан тугайдиган ҳикоятларни тинглашни хуш кўрадилар.
Фарзандингиз эртакни хотиржам эшитади ва уни ёдлаб олишга ҳаракат қилади. Шунинг учун матални бола тилида гапиришга ҳаракат қилинг. Қадимдан момоларимиз бундай ҳикоялар ва эртаклар болалар тасаввурини шакллантиришини билганмикан? Бола қаҳрамонлар тимсолида ўзини кўради. Шунингдек, у гўёки воқеаларда бевосита қатнашади. Ўзида эса ижобий қаҳрамонни шакллантира бошлайди. Натижада кичкинтойлардаги тасаввур қилиш қобилияти ривожланади. Бу эса муҳим фазилат – ижодий фикрлашнинг асоси ҳисобланади. Фарзандингизда ҳис-туйғуларнинг ортиб бораётганини англайсиз. Улар ҳар доим ўзи севган эртакни айтиб беришингизни хоҳлайди ва ундан бир олам завқ олади. Эртак ва ҳикоялар эшитиб ўрганган бола, кейинчалик ўқишни билиб олганида уларни ўзи ўқийди. Эшитиш ва ўқиш бола диққатини жамлашга ёрдам беради.
Кичкинтойнинг хотирасини текшириш учун сиз яхши кўрган эртакни бир гал бошқача тарзда айтинг. У воқеалар ривожини тўғрилашга ҳаракат қилади. Қолаверса, фарзандингиз эртакнинг давомини сизга айтиб бериши ҳам мумкин. Шу орқали уларда ўзидан матал тўқиш санъати ҳам ривожланади. Ўғил-қизларингизнинг фикрлаш қобилиятини кўриб, меҳнатингиз самараси зое кетмаганини ҳис этасиз. Уларга эртак айтиб, асло хато қилмабсиз. Кичик ёшидан фарзандингизда ўқишга бўлган меҳрни уйғотинг. Энди унга кўпроқ қизиқарли эртак китоблар олиб беришга ҳаракат қилинг. Улар китобни ўқиганида қаҳрамонларнинг ҳаёти, воқеа-ҳодисаларни ёдда сақлашга ҳаракат қилади. Мутолаа пайтида боланинг бутун фикр-у хаёли эртак қаҳрамонига йўналтирилади ва унинг сўз бойлигини оширади. Бир кунда йигирма дақиқа китоб ўқиш ёки эшитиш фикрни жамлашга фойда беради. Шундай экан ҳар доим болангизга вақт ажратишга ҳаракат қилинг.