Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз аёллар ёғларни қоматимизнинг душмани ҳисоблаб, имкон қадар овқатланиш рационидан чиқариб ташлашга ҳаракат қиламиз. Аммо ёғларнинг инсон танасига фойдали томонлари бор ёки йўқлигини бугунги суҳбатимиздан билиб оламиз. Албатта бошқа фойдали моддалар билан бир қаторда ёғларнинг ҳам организмимизга ижобий таъсири бор. Агар яратилишга назар ташласангиз, аёллардаги ёғ заҳираси эркакларникидан кўп бўлган. Чунки олимларнинг айтишича, аёллардаги табиатан ёғ заҳирасининг кўпроқ бўлиши уларнинг репродуктив ҳусусияти билан боғлиқ экан. Фойдали ёғлардан ташқари зарарли ёғлар ҳам бор. Ёғлар ўсимлик ва ҳайвон ёғларига ажратилади. Ўсимлик ёғлари суюқ ҳолдаги ёғлар ҳисобланади ва тўйинмаган ёғ кислоталарига бой. Ҳайвон ёғлари эса, балиқникидан ташқари қаттиқ ёғлар ҳисобланади. Булар эса тўйинган ёғ кислоталарига бой.
Аслида уларнинг иккаласи ҳам организмимиз учун зарур ҳисобланади. Бироқ техника ривожлангани озиқ овқат саноатига ҳам катта таъсир қилди. Табиий бўлмаган ёғларни биз “транс” ёғлар деб атаймиз. Бундай ёғлар организмга тушганида, танамиз уни оддий тўйинмаган ёғдек қабул қилади ва организмнинг ҳамма жараёнларида қатнашади. Бироқ бундай ёғларни истеъмол қилиш салбий оқибатларга олиб келиши шубҳасиз. Масалан, юрак қон-томир касалликларини келтириб чиқаради. Бу эса дунёда айнан шу касаллик билан боғлиқ ўлимнинг кўпайиши билан узвий боғлиқ. Бугун биз истеъмол қилаётган маҳсулотларимизга жиддий эътибор қаратишимиз ва уларни ақл билан сотиб олишимиз керак бўлади. Фойдали маҳсулотларда ҳам қанчадир кичик миқдорда трансёғлар ҳам мавжуд. Масалан, пишлоқда, дуконларда сотиладиган творогларда, энг сифатли маргаринларда.
Олимларнинг фикрича, организмга тушадиган транс ёғларнинг миқдори 8 фоиздан ошмаслиги керак. Юқорида ёғларни тилга олганимизда балиқ ёғини мустасно қилиб кетдик. Чиндан ҳам балиқ ёғи фойдали бўлган ёғ ҳисобланади. Балиқ маҳсулотлари Омега-3 деб номланадиган ёғ кислоталарига бой. Бу ёғ кислотаси организмимиздаги ортиқча холестеринга қарши курашадиган ягона тўйинмаган ёғ ҳисобланади. Скумбрия, сельд, тунец, лосось ва сардина балиқлари энг фойдали балиқлар турига киради. Денгиз ёки табиий шароитда етиштирилган балиқлар фойдали микроэлементларга бой. Уларда йод, темир, фосфор, калий, кальций ва олтигугурт каби элементлар мавжуд. Диетологлар ҳафтасига 2-3 марта балиқ истеъмол қилишни маслаҳат беришади. Офтальмологлар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлашади. Балиқда кўз саломатлиги учун зарур ёғ кислоталари ва ярим тўйинган ёғлар мавжуд.
Айниқса, Омега-3нинг мавжудлиги балиқнинг заруратини яна бир карра оширади. Инсон организми ўз тузилишига кўра тўйинмаган ёғли кислоталарни мустақил ишлаб чиқара олмайди. Айнан шунинг учун таркибига тўйинмаган ёғли кислоталарни оладиган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш мухим ахамиятни касб этади. Ёғли кислоталарнинг энг асосий хусусияти бутун қон айланиш тизимини хамда инсоннинг иммунитет тизимини тартибга солувчи простагландин гормонларини синтез қилишдан иборат. ОМЕГА-3 юрак-томир тизими касалликларини даволаш хамда липидлар даражасини пасайтиришда фойдалидир. ОМЕГА-3 таркибида инсон иммунитетини оширадиган, яллиғланиш жараёнлари ва бир қатор бошқа касалликларнинг тез даволанишига ёрдам берадиган Е витамини бисёр. ОМЕГА-3 шунингдек, марказий асаб тизимини тиклашга ёрдам беради ва оғир булмаган саратон шишларини даволаш учун қулланилади.