3:37

Улуғворлик

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Бугунги суҳбатимиз улуғворлик ҳақида бўлади. Агар эътибор қилган бўлсангиз, шуҳрат ва бойлик доим бирга юради. Атрофимизда миллионлаб одамлар шу икки нарсанинг ортидан қувади. Машҳурлар машҳур бўлгани учун бой бадавлат ёки аксинча бой бўлгани учун машҳур деган фикрлар мавжуд. Эҳтимол бу ҳақиқатдир, аммо биз Худонинг фарзандлари сифатида мақсадимизни тўғри қўйиб олишимиз керак. Ўйлаб кўринг, кўпчиликнинг ҳаёлини банд қилган 100лаб юлдузлар бор, аммо уларнинг қай бири аҳамиятли бўлган сифатларга эга. Аммо шундай одамларни учратамизки, улар бошқаларникига ўхшамайдиган сифатлари билан ҳаммадан ажралиб туради. Улар машҳур юлдузлар эмас, бу одамлар ўз улуғворлигини кўзламайди, улар Руҳнинг улуғворлигини биринчи ўринга қўядилар. Улар давраларга қўшилганида ўзларининг эмас, тоза, муқаддас Худонинг ҳузурини олиб кирадилар.

Улар ҳам сиз билан бизга ўхшаган оддий, Худонинг танланган фарзандлари. Масиҳийлар сифатида биз илоҳий тарзда Худо улуғворлиги учун юлдузлардек порлашга даъват этилганмиз. Агар турли бўлажак юлдузларни аниқлаб берадиган шоуларни томоша қилиб бораётган бўлсангиз, жуда кўп юлдузликка даъвогар инсонлар етарлича юлдузлик сифатига эга бўлмагани учун танловлардан ўтолмаяптилар. Бироқ Худонинг танланган фарзандлари-чи, улар нима учун Худони улуғлашдек ҳар кунги имкониятларни қўлдан бой бераяптилар? Сабаби улар Масиҳнинг нури ичларида порлашига имкон бермаяптилар. Оддий номигагина Масиҳий бўлиш билан Худони улуғлаб бўлмайди, бунинг учун Масиҳга ўхшаш ҳаёт кечириш керак бўлади. Ишончим комил, Худо бизни танлаб олганини кўрсата олишимиз учун У ҳар кунги ҳаётимизни саҳна сифатида берган.

Бу саҳнадан туриб биз Худонинг нурини оиламизга, дўстларимизга, ҳамкасбларимизга ва йўлларимиз туташадиган бошқа одамларга кўрсатиш имконимиз бор. Матто хушхабари 5 боб 16 оятда Исо Масиҳ шундай деган эди, “Сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, токи улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар.” Биз кузатаётган реалити шоулар бугун бор эртага йўқ. Улар кашф этган кўпгина юдузлар бир икки марта чақнаб кейин ўчиб қолади. Улар топган бойликнинг охири ҳам шундай якун топади. Бироқ энг охирги ҳақиқат шуки бир куни ҳаммамиз энг муҳим саҳнада турамиз. У ерда бирор нима кўрсатмаймиз, аксинча, Худонинг ҳукмига ҳавола қилинамиз. У эса бизни ҳаётимиз давомида қилган ижроимизга қараб ҳукм қилади. Бунда энг катта баҳоланадиган нарса бу ердаги ҳаётимиз давомида Унга улуғворлик келтирганимиз бўлади.

Агар шундай қилган бўлсангиз, Худонинг сизга берадиган мукофоти, ҳозирги ҳаётимизда интилаётган машҳурлик ва бойликдан ҳам аълороқ бўлади. Хўш, шундай ҳаёт кечириш учун нима қилиш керак? Энг аввало кунингизни Муқаддас Калом ўқиш билан бошланг. Худонинг Каломи кун давомида қандай иш кўришингиз кераклигини кўрсатувчи энг яхши йўл кўрсатувчи ҳисобланади. Худонинг олдига келиб, юрагингизни тинчлантиринг, Унга сокин юрак билан ибодат қилинг. Ҳазрати Довуд шундай деган эди, “Эй Раббим Худо, бутун юрагим ила Сенга шукр айтайин! То абад Сенинг номингни улуғлайман.” Ибодат руҳий ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Худони улуғлаш ҳаётимиз саҳнасидаги энг ажойиб чиқиш бўлиши учун ҳар кунингизни ибодат ва Калом ўқиш билан бошланг, токи бир кун келиб, Худонинг ҳузурида турганимизда, афсусланиб қолмайлик. Энг асл ижрони бугундан бошланг. Олға!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top