3:22

Аёллар йиғилиши

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Аввал айтганимиздек, йиғилишиб Муқаддас Калом ўқиб ўрганиш ўрнига, суҳбатлашиб, чойхўрлашиб ўтирсак бўларди. Аммо ҳаётимиз учун муҳим бўлган сабоқларни фақат Худодан оламиз. Шунинг учун бундай суҳбатлар жараёнида нималар қилиш кераклиги ҳақидаги бир нечта маслаҳатларимизни сизлар билан бўлишишни истадик. Муқаддас Каломни кичик гуруҳда биргаликда ўрганиш ёки фақат индивидуал ҳолда ўрганиш ҳам мумкин. Аммо бир нечта киши биргаликда ўрганса, уларнинг ҳар бири, бир-бирларидан кўпроқ ва чуқурроқ ўрганишлари мумкин бўлади. Бундай пайтда аёллар бир-бирларига далда бериши, тажрибалари билан бўлишиши ва ўрганганларини ҳаётда қўллашга ёрдам беришлари мумкин. Агар сиз гурух бошқарувчиси бўлсангиз, яъни тажрибали имонли бўлсангиз, энг аввало Муқаддас Каломни ўрганиш гурухида нималар қилиш мумкин-у, нималар қилиш мумкин эмаслигини билишингиз керак.

Бу вақт ташвишлари билан бўлишадиган, беҳуда гаплар билан вақтни ўтказадиган ёки яхши овқат ейдиган пайт эмас. Албатта аёллар йиғилганида турли мавзуларда суҳбатлашадилар, бироқ асосий диққат марказидаги вазифа эсдан чиқмаслиги керак. Агар аёллар Муққадас Каломни ўрганиш гурухида бирор мавзуни ўртага ташлаб, уни бошқаларга ўргатишни истайдиган бўлсангиз, энг аввало уни ўзингиз яхши ўрганишингиз, ё бўлмаса, Худо сизга ҳаётингизда ўргатган бобни ёки парчани бўлишишингиз керак бўлади. Нима бўлганда ҳам ўзингиз яхшилаб ўрганмай туриб бошқаларга ўргата олмайсиз. Бу вақт давомида тахминларга ёки аёллар тасаввурига эмас, Муқаддас Каломда берилган фактларга асосланиб хулоса чиқариш кераклигини бошқаларга ҳам уқтиринг. Берилиши керак бўлган сабоқни ўрганиш жараёнида сизга Муқаддас Калом одатлари ва махсус сўзлари ёзилган симфония ёки луғатлар ҳам катта ёрдам бериши мумкин.

Муқаддас Калом бу Худонинг Каломи ва у қудратли. Ҳар бир аёлнинг ҳаётини, характерини ва табиатини ўзгартиришга қодир Калом. 2 Тимўтий 3 боб 16-17 оятларда у ҳақида шундай ёзилган, “Муқаддас Битикларнинг ҳаммаси илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим ва танбеҳ бериш, хатоларни тузатиш ва солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир. Битиклардаги ўгитлар бўйича яшаган Худонинг қули ҳар

қандай яхши иш қилишга қобил бўлиб, тайёр туради.” Муқаддас Каломда ёзилганларининг ҳақиқий маъносини аёллар ўзлари тушуниб олишларига ва сўнг ҳаётларига қўллашларига ёрдам беринг. Чунки ўқилаётган парча ёки оятлар ҳар бир аёлнинг юрагига етиб бориши керак. Энг аввало бу ишни сиз эмас, Худо Муқаддас Руҳи орқали амалга оширишини англашингиз керак.

Агар ўзингиздаги ўқитувчилик ёки билим бериш қобилиятингизга ишониб иш бошласангиз, ярим йўлда ҳолдан тойиб, охиригача етказа олмаслигингиз аниқ. Шунинг учун бу гурухни бошқаришда ҳам сизга Худонинг ёрдами керак. Демак, қилишингиз керак бўлган нарса бу — ибодат. Ибодат қилинг. Худонинг Каломи ҳар бир аёлнинг юрагига етиб борсин. Энг муҳим бўлган саволларни беринг, аммо жавобларни уларнинг ўзи топишларига имкон беринг. Агар саволни тушунишмаса, уни бошқача кўринишда бериб кўринг. Охирида эса, саволларга топган жавобларини яна бир марта умумлаштиринг. Суҳбат давомида аёллар мавзудан четлашмасликларини назорат қилиб туринг. Ҳар сафар уларнинг диққатларини қайта-қайта Муқаддас Каломга йўналтириб туринг. Энг асосийси, Худованд сизнинг бошқарувчингиз бўлсин, сиз эса Унинг камтар хизматчиси бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top