Ассалому алайкум. Аёл муқаддасми? Унинг муқаддаслиги эсланиб, шаънига ҳамду-сано ўқиладиган 8 март ва туғилган кунидан ташқари аёлнинг ҳаётида ҳам яна 363 кун бор. Бу кунларда унинг муқаддаслигини исботлаб турувчи тавсифлар кўп. Уни аксарият ҳолда “Эй, бу ёққа қара”, кайфият яхшилигида “онаси”, “жоним”, ёмонлигида “ҳе онангни…” деб чақиришади. У кўп функцияли мавжудот. Уй-рўзғордаги вазифалари, эр ва оиласи олдидаги мажбуриятлари, жамиятдаги аёллик бурчи ва ҳ.к. Унинг ҳуқуқлари ҳам бор албатта. Бош қомусимизнинг 46-моддасига кўра, “хотин қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир”. Аслидачи? Жамиятимизда эркакнинг ҳасми саналадиган аёлларнинг (эркакларнинг аксарияти буни шахсий мулк деб тушунишади негадир) ўзи тегишли бўлган одам -“ҳожа”си билан ҳуқуқлари тенг бўлиши мумкинми? Айтайлик, ўша паранжига “ҳужум” давридан бери ҳам деярли бир аср вақт ўтди.
Хўш, аёллар озод бўлдими? Конвенцияларда, қабул қилинган резолюцияларда, уларнинг ратификациясида эмас, амалда вазият қандай? Аёллар ўзи яшаётган жамиятда улар хусусида шаклланиб бўлган стереотиплардан озод яшай оладими? Тўғри, уларни ялмоғизликда айблаб, гулханда ёқишмас, лекин шу образга номутаносиб бўла туриб, бахтли турмуш кечира оладими? Жамиятимизда яшаётган юзлаб ёлғиз аёллар ақли расо, уддабурон, ўз касбининг устаси, керак бўлса, фарзанд тарбиясини ҳам ўзи бинойидек эплаб келаётган, умуман ҳар жиҳатдан етук бўлиши мумкин. Бироқ идеал аёл образи хусусида сўз борганда тарози палласи тош босиши учун юқоридаги параметрлар етарли эмас, бунга оила бекалигига боғлиқ хусусиятлар ҳам қўшилиши керак. Бугуннинг аёли бахтли турмуш кечириши учун жамиятнинг ёзилмаган қоидаларига амал қилиб яшаши керак. Оиласидаги муҳит қандай бўлмасин, чидашга, кўнишга мажбур.
Айнан шу сабабли оилада аёлга нисбатан маиший зўравонлик ҳолатларининг юздан биригина маълум бўлади холос. Шу маълум қилинганларнинг ҳам зўр бўлса ярмига амалий ёрдам кўрсатилади. Оилавий-маиший зўравонлик – оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзоси ёки аъзоларининг мунтазам давом этиб келувчи, такрорланиб турувчи зўравонлигидир ва у асосан оила ичида рўй беради. Жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик каби кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Бугунннинг аёли, “одамлар нима дейди”, деб андиша қилиб, чидаб эмас, ўзининг шу жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканига, чорасиз эмаслигига ишониб, ҳаловатда яшашга ҳақли. 1789 йилда француз файласуфи Ж. Кондорининг «Аёлларга фуқаролик ҳуқуқини бериш ҳақида»ги мақоласи чоп этилиб, унда аёл ҳам жамиятнинг аъзоси, ҳам миллатнинг бир қисми экани ҳақидаги фикрлар баён этилди.
Шундан сўнг, 1791 йили Олимпия де Гуж томонидан тайёрланган «Фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларацияси»да ҳам аёлларнинг эркин фикрлаши ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга экани очиқ эътироф этилди. Ушбу декларация аёллар ҳаракатининг биринчи манифести ҳисобланади. “Хотин-қизлар ҳуқуқларини камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган бўлиб, унда “аёлларнинг оилавий аҳволидан қатъий назар, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги асосида уларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаровий ёки бошқа ҳар қандай соҳадаги инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликлари тан олинишини, фойдаланилиши ёки амалга оширилишини сусайтиришга ёхуд уларни йўққа чиқаришга қаратилган жинсий белги бўйича ҳар қандай тафовут, истисно ёки чеклаш” аёлларни камситиш деб белгиланади (1-модда).