3:32

Салбий хатти-ҳаракатларнинг сабаблари

MP3

Ассалому алайкум. Она сифатида болаларимиздаги ножўя ҳатти ҳаракатларга эътиборсиз бўла олмаймиз. Уларнинг сабаби нима? Ота-онаси яхши ва маданиятли бўлган фарзандлар нега ўзларини ёмон тутишади ва аҳлоқсизлик кўрсатишади? Буларнинг ўз сабаблари бор. Энг биринчи сабаб бу эътиборсизлик. Фарзандларимизда юзага келадиган салбий хатти-ҳаракатларнинг энг муҳим сабабларидан бири эътиборсизликдир. Инсон ҳар доим диққат марказда туришни истайди. Фарзандларимиз энг аввало, тўғри ва ижобий хатти-ҳаракатлар билан бизнинг эътиборимизни қозонишни истайди. Ижобий ҳаракатлар билан ота-онасининг эътиборини торта олмаган болалар салбий ҳаракатлар орқали диққатни тортишга уринишади. Мисол учун, икки хотин суҳбатлашмоқда. Улар суҳбатга шу қадар берилиб кетганки, ёнларида ўйнаб ўтирган қизалоқнинг гапларига эътибор беришмайди.

Қизалоқ уларга ниманидир тушунтирмоқчи бўлади, “Ойижон” деганда онаси “Ҳозир қизим” деб ўз суҳбатида давом этади. Бу ҳолат бир неча маротаба такрорланади. Она эътибор қилмагач, бола қўлини тишлаб йиғлайди. Она дарҳол унга қарайди. Хўш, сизнингча бу қизча психиатрга бориши керакми? Бу воқеага ким сабабчи қизалоқми ёки ойисими? Атрофимиздаги кишиларнинг хатти-ҳаракатларини кузатганимизда эътиборнинг қанчалик аҳамиятли эканига гувоҳ бўламиз. Эътибор нафақат инсон учун, балки ҳайвонлар ва ўсимликлар учун ҳам ғоят аҳамиятлидир. Ўсимлик эътиборни қаердан билсин, дейишингиз мумкин. Қуйидаги мисолни эшитиб хулоса чиқаринг. Бир киши гулларни иккита алоҳида хонага жойлаштиради. Биринчи хонадаги гулларга сув қуяётиб ширин гапларни гапиради, уларга меҳри баландлигинини билдиради, қўшиқлар айтади. Иккинчи хонадаги гулларга эса фақатгина сув қуйиб чиқади.

Натижа эса ҳайратланарли даражада. Маълум вақтдан сўнг биринчи хонадаги гулларнинг иккинчи хонадаги гулларга нисбатан жонлироқ, тиниқроқ экани, тез ўсаётгани маълум бўлади. Кўриниб турибдики, ҳатто ўсимликлар ҳам уларга кўрсатилаётган эътиборни сезишади. Фарзандингиз улғайиб қолди. Унга эътибор қаратишда давом этасизми? Улғайган бўлса ҳам меҳр кўрсатасизми? Албатта, фарзанд неча ёшдалигидан қатъий назар эътибор ва меҳрга муҳтож. Кекса инсонлар эътиборга муҳтож бўладилар. Фарзандларингиз ҳам эътибор кутади. Оила қурсангиз, турмуш ўртоғингиз эътибор кутади. Демак, эътибор шу қадар муҳим. Шундай экан, фарзандларингиздаги салбий хатти-ҳаракатларни йўқотиш ва уларни ижобий томонга йўналтириш учун фарзандингизга етарлича эътибор беришингиз лозим. Баъзан жуда кучли эътибор қаратиб, сўнг эътиборсиз қолдириш ҳам салбий ҳаракатларга сабабчи бўлади.

Ота-оналар фарзандларига мунтазам равишда эътиборли бўлишлари, керак бўлганда уларни бағриларига босиб, ўпиб эркалашлари лозим. Сиз ўттиз ёшга кирган бўлсангиз ҳам онангизнинг сизни яхши кўриб ёноғингиздан ўпиб қўйиши сизни бахтли қилади. Ҳатто ўша ёшда ҳам ота-онангиздан эътибор кутасиз. Шуни билиш керакки, фарзандларимизга етарлича эътибор қаратсак, ҳаракатларини тузата олсак, уларнинг соғлом шахс бўлиб етишишини таъминлаган бўламиз. 2. Кучлар тўқнашуви. Салбий ҳолатни келтириб чиқарадиган ҳаракатлардан яна бири “Фарзандларим менинг айтганларимни бажаришга мажбур” деган фикрда бўлишдир. Бола исён қилганида ота-она ўзини асабий ҳис қилади. Боланинг ҳаракатларини тузатишга ҳаракат қилиш кўпинча муваффақиятсизлик билан тугайди. Бундай ҳолатларда ота-оналар ғазабларини ичига ютишлари, ўртада тўқнашув келиб чиқишига сабабчи бўлмасликлари керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top