3:31

Меҳмондорчилик 50

MP3

Ассалому алейкум ҳурматли радио мухлислари. Бугунги эшиттиришимизни биз меҳмондорчилик мавзусига бағишламоқчимиз. Ушбу мавзу бўйича Муқаддас китобда кўплаб оятлар, амрлар, ваъдалар ва меҳмондўстликнинг намуналари бор. Улардан бири – бу Симун исмли кишидир. Ҳаворийларнинг фаолиятини баён қилган Луқо “Бутрус анча вақт Яффада Симун исмли бир кўнчининг уйида турди” деб ёзади. Бутрус Яффадаги масиҳийларни ўқитиб ва хушхабар айтиб юрганида Симуннинг уйи Бутрус учун ўзининг уйидай хизмат қилган эди.

Ўзининг ажойиб меҳмондўстлиги туфайли Симун Бутруснинг хамкори бўлди. Учинчи Юҳанно мактубида саккизинчи оятида шундай ёзилган: “Бинобарин, ҳақиқат йўлида хизмат қилувчиларнинг меҳнатида қатнашиш, бундай одамларни қўллаб-қўлтиқлаш бизнинг бурчимиздир”. Дарҳақиқат, меҳмондорчилик – бу ажойиб хизматдир. Балки сиз Бутрусдек хушхабар айтолмассиз, Павлусдек ваъзларни айтолмассиз, ўқитолмассиз. Лекин меҳмондўст бўлиш ҳар биримизнинг қўлимиздан келади.

Симунга ухшаб ўз уйимизни бошқалар учун, айниқса хизматчилар учун қисқа бир муддатга қурбон қилсак, демак ўша биродарларнинг хизматида қатнашган, иштирок этадиган бўламиз. Симун ҳақида гапимизни давом эттирадиган бўлсак, у тўғрисида яна шуни айтишимиз керакки, у меҳмондўстлигини билдириб, билмасдан фаришталарни кутган. Симун Раббимизнинг ҳаворийсини Бутрусни ҳамда Корнилий томонидан юборилган учта одамни ўз уйида меҳмон қилиш шарафига сазовор бўлган эди.

Бироқ агар биз меҳмон кутсам, Худо мени марҳаматлайди, деган фикр билан мехмондўст бўлсак, бу ҳам унча тўғри эмас деб ўйлайман. Бизда мана шу мехмондўстлик, худди биз шу фазилат билан туғилгандай бор бўлиши керак деб биламан. Ҳаворий Павлус филиппиликларга мактубида шундай ёзган: “Исо Масиҳ қандай фикрга эга бўлса, сизлар ҳам ўзаро худди шу фикрга эга бўлинглар” Рус тилида фикр сўзи хислат деб таржима қилинган. Демак Павлус бизда ҳам Исонинг хислатлари бўлиши керак деб айтмоқчи. Бир биримизга хизмат қилишдан кўрқмайлик. У ёш ёки камбағал, касал ёки бегона бўлишидан қаътий назар уларга хизмат қилайлик. Чунки Раббимиз Масиҳнинг айтган сўзлари бор: “Орангизда ким катта бўлишни истаса, сизга хизматкор бўлсин. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизга қул бўлсин. Зеро Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган”.

Шундай қилиб, азиз ака-укалар, опа-сингиллар, бир биримизга хизмат қилиб мехмондўст бўлайлик. Бу – Раббимиз бизга қолдирган амрларидан биридир. “Шу сабабдан биз тинмай сизлар учун ибодат қиламиз: Худойимиз сизларни Ўз даъватига лойиқ кўрсин, Ўзига хос куч-қудрат билан бутун яхши мурод-мақсадингизни руёбга чиқарсин, ҳар бир имонли ишингизга омад берсин, шу йўсин Раббимиз Исонинг исми сизларда улуғлансин ва У сизларни ҳам улуғлансин. Худойимиз ва Раббимиз Исо Масиҳнинг иноятли иродаси ана шу”.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top