Ассалому алейкум радиоэфиримизнинг ашаддий мухлислари. Сизлар билан яна бор учрашиб турганимиздан ғоят хурсандмиз. Худонинг каломи бўлмиш Муқаддас китобда меҳмондорчилик, меҳмондўстлик ҳақида кўплаб оятлар ёзилган. Буюк Устоз Исо Масиҳ ер юзида яшаганида мана шу мавзуни четлаб ўтмасди, шу тариқа биз ҳам мана шу мавзуга эътибор бериб сизлар билан бўлишиш ниятидамиз. Матто Хушхабарининг йигирма бешинчи бобида қиёмат-қойим суроғи ҳақида ажойиб бир парча бор. Исо ўз шогирдларига кўпроқ масаллар орқали таълим берарди. Бу – самарали ўргатишнинг услубларидан биридир. Мана шу парчада ҳам Исо дунёни ҳукм қилаётган Подшоҳ ҳақида сўзлаяпти, яъни Ўзи ҳақида, чунки Исо Масиҳ яна ер юзига келганида дунёни ҳукм қилади. Унинг хузурига барча халқлар келади. Ва Ўша Подшоҳ уларни икки томонга ажратиб, ўнг томондагиларга айтади: “Эй, Менинг Отамнинг олқаганлари, келинглар! Дунё яратилганидан бери сизлар учун мерос сифатида тайёрлаб қўйилган Шоҳликни эгаллангиз. Чунки Мен оч эдим, Менга овқат бердингизлар. Чанқаган эдим, менга сув ичирдингизлар. Мусофир эдим, Мени меҳмон қилдингизлар. Яланғоч эдим, Мени кийинтирдингизлар. Касал эдим, Мени боқдингизлар.
Зиндонда эдим, Мени келиб кўрдингизлар” Ўша пайтда солиҳлар жуда хайрон қолиб, биз буларни Сенга қачон қилдик, деб сўраганларида, Подшоҳ уларга жавоб бериб, дейди: “Сизларга чинини айтайин: сизлар Менинг шу кичик биродарларимдан бирига неки қилган бўлсангиз, бу Менга қилганингиздир”. Кейин чап томондагиларга ҳам айтди: “Эй лаънатилар! Кўзимдан йўқолинг, иблис ва унинг фаришталарига тайёрлаб қўйилган абадий оловга мубтало бўлинг! Чунки Мен оч эдим, овқат бермадингизлар. Чанқагандим, сув тутмадингизлар. Мусофир эдим, Мени меҳмон қилмадингиз. Яланғоч эдим, Мени кийинтирмадингиз. Касал бўлдим, зиндонга тушдим, Мени келиб кўрмадингизлар”.
Улар ҳам хайрон қолиб қачон шундай бўлган, деб сўраганларида Подшоҳ шундай жавоб берди: “Сизларга чинини айтайин: сизлар шу кичикларнинг бирига қилмаган мурувватингиз Менга қилмаган билан баробардир. Шундай қилиб, булар абадий азобга, солиҳлар эса абадий ҳаётга ноил бўладилар”. Мана шу масалдан биз ҳам тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Демак, Раббимиз меҳмондўст бўлишимизга, бошқаларга ғамхурлик қилишимизга катта эътибор бериб, мана шу нарсаларни қилишимизга бизга амр қилади. Қачонки биз бошқаларга мана шу нарсаларни қилсак, биз Раббимизга қилгандай бўламиз.
Раббимизга хизмат кўрсатиш эса биз учун қанчалик шарафли бўлса, худди шу сингари бошқа одамларга ҳам, айниқса биродарларимизга хизмат қилиш биз учун шарафли бўлиш керак. Оғир юкдек эмас, балки юракдан чиқиш керак. Чунки Филиппиликларга мактубида: “Ҳамма нарсани нолимай ва шубҳаланмай қилинглар, токи бу ўжару бузилган насл орасида Худонинг пок, беғубор, бенуқсон болалари бўлинглар. Сизлар бу дунё одамлари орасида осмондаги юлдузлар каби порлаб турибсизлар-ку”. Шу сўзлар билан эшиттиришимизга якун ясаб сизлар билан хайрлашамиз. Омон бўлинглар!