Юҳанно балиқ ови билан боғлиқ бошқа ҳодисани эслади. «Бу Раббимиз!» — деди у Бутрусга. Буни эшитган Бутрус, қайиқни бошқаришни бошқа шогирдларига қолдириб, ўзини сувга ташлади ва қирғоқ томонга сузиб кетди. Исо Ўз шогирдларига биринчи марта Қуддусда, уларга бегона бўлган жойда зоҳир бўлган эди. Бу сафар эса У уларга таниш бўлган вазиятда Жалила денгизи қирғоғида зоҳир бўлди. Улар олов олдида ўтириб, қайта тирилган Масиҳ билан нонушта қилишаётганда, У билан боғлиқ бўлган ажойиб хотираларни эслаган бўлсалар керак. Раббимиз биринчи навбатда бизнинг руҳий эҳтиёжларимиз ҳақида қайғуради, лекин У жисмоний эҳтиёжларимизни ҳам унутмайди.
Биз ерда очликдан қийналаётган одамларга Унинг ҳамдардлигини намоён қилишимиз керак. Унинг Жалила денгизи қирғоғида зоҳир бўлиши шогирдларига Исо жой билан, яъни фақат Қуддус билан чегараланиб қолмаслигини кўрсатди. Улар қаерда бўлишларидан қатъий назар, таниш ёки нотаниш жойдами, У доимо улар билан бирга уларнинг ҳар қандай эҳтиёжини тўлдиришга тайёр эди. Ишонч – хизмат қилиш учун энг катта сабабдир, лекин ишончдан ҳам кучлироқ ҳиссиёт бор. Севги бизни хизмат қилишга чорлаши керак. Исо ҳам Бутрус ва унинг дўстларига буни тушунтирмоқчи бўлган. «…сен Мени улардан кўпроқ севасанми?» — сўради Исо Бутрусдан. Бутрус қачонлардир Исога бўлган содиқлигини айтган эди, лекин у кейинроқ Ундан уч марта тонганини хаммамиз яхши биламиз.
У ўйлаб кўриб жавоб берди: «…Раббим! Мен Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан-ку», — «Қўзиларимни ўтлат», — деди унга Исо. Исо Бутрусга яна шу саволни берди: «…улардан кўпроқ севасанми?» ва Бутрус яна Раббйини севишини айтди. «Қўйларимни боқ», — деди Исо. Қўзиларни боқаётганда қўйлар ҳам оч бўлишини унутмаслик керак. Узоқ вақт давомида акаларимиз ва опаларимиз жамоатларда ҳеч қандай руҳий маълумот олмаганлар, лекин охирги вақтларда Раббимиз кўпчиликнинг юрагига катталар учун яхши дастур яратишни солди. Кўплаб жамоатлар чўпонларни буюк хизматга тайёрлаш учун махсус дастурларга эгалар. Учинчи марта Исо Бутрусдан сўради: «…сен Мени яхши кўрасаними?» Бутрус шу саволнинг ўзини уч марта эшитгани учун хафа бўлди ва жавоб берди: «Раббим! Сен ҳаммасини биласан, мен Сени яхши кўришимни ҳам биласан».
Исо унга жавобан: «Қўйларимни ўтлат», — деди. Исо Унга хизмат қилишингизнинг асосий сабаби Унга бўлган севгингиз бўлишини истайди. У Бутрусга қўйларни севиши кераклигини айтмади, бироқ масиҳийлик хизматида одамларга бўлган севги жуда муҳимдир. Лекин бу хизмат қилиш учун асосий сабаб бўла олмайди. Баъзи бир одамларни севиш жуда қийин, лекин Худони севиш доим осон. Бизнинг Унга бўлган севгимиз ва Унинг бизга бўлган севгиси бизни хизматимизда ҳаракатлантириши керак. Исо Бутрусга, хизмати учун содиқ чўпонларга бериладиган абадий келажак ҳақида айтиб бериб, уни рағбатлантириши мумкин эди, лекин У унга азобли ўлимни башорат қилди. Бутрус Нажоткори ўлган ўлимга ўзини нолойиқ ҳисоблаб, уни хочга бошини пастга қилиб осишларини сўраган деб айтишади. Манашу нарсани биз Худовандга бўлган севги хамда буюк ишонч деб айта оламиз. Худованднинг тинчлиги ва мархамати доимо сизга ёр бўлсин.