MP3

Ассалому алайкум хурматли радиомиз мухлислари, сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон қаршисида эса мен Ғолиббек. Бугунги мавзумизни дўстлик деб номламоқчимиз. Ўзбек халқида шундай бир мақол бор. “Юз сум пулинг бўлмасин, юзта дўстинг бўлсин” деб айтади доно халқимиз. Бу гапнинг чуқур маъноси бор. Азиз тингловчи, сизнинг яқин дўстларингиз борми?

Уларни сиз ўзингизга дўст деб биласизми? Дўстлик инсонлар орасида хар хил бошланиши мумкин экан. Кимдир боғчалигидан бошлаб ўзига дўст топса, яна кимдир харбий хизматда, бошқалар эса олий ўқув юртларида ўқиб юрган кезларида дўст орттирар экан. Лекин айрим пайтларда шу дўстларимиз орасида охиригача дўстликни сақлаб қола олмайдиганлар хам топилиши мумкин экан. Халқимиз айтади: дўстинг бошинга оғир кунлар тушган пайтда синалади деб.

Шахсан мени бир дўстим бор. У мендан бир ёш кичик холос. Лекин бизларнинг дўстлигимиз шундай ажойибки, хатто кўрганлар булар ака укалар бўлса керак деб ўйлайдилар. Лекин бир пайтлар бирга ишлаб юрган энг яқин дўстим хам бор эди. Минг афсуслар бўлсинки, иккимиз хам оилали бўлганимиздан сўнг дўстлигимиз анча совий бошлади. Бунга хеч қандай сабаб йўқдек кўринар эди. Кейинчалик ўйлаб кўрсак, оилавий ташвишлар бизларни бир биримиздан узоқлаштирибди.

Юқорида айтиб ўтган дўстим хам оилали, лекин шундай бўлса хам бир хафтада албатта икки маротаба учрашиб бирга овқатланамиз, бир биримизга қандай ёрдам кераклиги хақида сухбатлашамиз. Эсимда, менинг бошимга оғир кунлар тушган пайтда биринчилардан қўлини узатган дўстим ва биродарим хам шу эди. Ўз навбатида унда хам шунга ўхшаш муаммолар бўлганида мен хам қараб турмадим. Шу аснода дўстлигимиз янада мустахкамланди.

Азиз биродарлар, хар бир инсоннинг хаётида дўст орттириш жуда мухим экан. Лекин шу дўстларингиз хақиқий бўлсагина. Олдингизда дўст сифатида гапириб, ортингиздан бошқача муносабат қиладиганлар дўст бўла олмайди. Лекин сиз билан мен Масихнинг шогирдлари бўлганимиз учун барчани бир хил севишимиз керак. Раббимиз Масих хам Яхудонинг кимлигини била туриб уни сева олди. Унга ёрдам қўлини чўзди, лекин Яхудо Раббимиз билан дўст бўлишни истамади.

Азизлар, дўстлигимиз шундай бўлсинки, шайтон хам низо солишга харакат қилганида хам бир биримизни ёмонламайлик ва бир биримизга нисбатан кечиримли дўст бўлиб қолайлик. Азизлар, оиламизда хам болаларимизга яхши дўст топишлари учун ёрдамлашайлик, аёлларимиз хам ўзларига муносиб дугоналар топиши учун уларга хам имкон берайлик. Сабаби, ёлғизлик хар қандай инсонни хам емириб ташлаши мумкин экан. Агар дўстингиз сизга аччиқ хақиқатни гапириб, сизни ёмон йўлдан қайтармоқчи бўлса ундан хафа бўлманг. Азизлар, дўстлигимиз абадий бўлсин. Хеч ким дўстлигимизга рахна солмасин, деб бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчимиз. Келгуси эшиттиришларимиз орқали яна учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top