Ассалому алайкум азиз радиомухлислари! Сизлар билан яна радиоэфир орқали учрашганимиздан ғоят хурсандмиз. Мана ёз ўтиб куз ҳам келди. Кузда эса ҳамма дехқонлар хосил йиғадилар. Лекин хосил олиш учун улар бир неча ой олдин шунга ҳаракат қиладилар. Ҳеч ким бугун экиб эртасига хосил олмайди. Бунинг учун вақт, сабр-тоқат, куч-қувват керак бўлади. Яхши хосил олиш учун эса яхши парвариш лозим. Худди шу сингари ота-оналар ўз фарзандларига эътибор беришлари керак. Яхши боғбон кучатни экиб уни ташлаб қўймайди. Ерига парвариш қилади, уни суғоради, кераксиз шохларни кесиб ташлайди, хашаротлар билан курашади ва х.з. Акс холда кучат ўлиб қолиши мумкин, ёки жуда нимжон бўлиб, яхши хосил бермаслиги ҳам мумкин.
Биз ҳам хоҳлаймиз, фарзандларимиз яхши инсон бўлишларини. Лекин бу ўзидан ўзи бўлмайди. Болаларнинг тарбиясига эътибор бермайдиган, уларни бутунлай ўз ихтиёрига ташлаб қўйган ота-оналарни яхши боғбон деб айтолмаймиз. Уларга етарли даражада қуёш нурлари керак, яъни уларни севишимиз. Бу дегани фақатгина ширин сўз айтиб эркалатиш эмас, ёки ҳеч нарсага муҳтож қилиб қўймаслик ҳам эмас. Бу – бизнинг уларга бўлган яхши муносабатимиз, уларга вақт ажратишимиз, уларни эшитишимиз, уларга ёрдам беришимиз, ва албатта, уларга тўғри йўл кўрсатишимиздир. Нима ёлғон, нима ўғирлик, нима яхши, нима ёмон деб ўргатишимиз керак. Боланинг ёмон одатларини ўша захоти кераксиз, қуриб қолган шохларга ухшаб кесиб ташлаш керак. Акс холда улар томир отиб, келажакда ёмон хосил берадилар.
Бир куни автобусда кетаётганимда бундай нарсани гувоҳи бўлдим. Кондуктор салонни ичида юриб, пассажирларга чипта сотарди. Бир аёл билан болани олдига келиб, болангиз неча ёшда сўраганида, аёл иккиланмасдан олти ёш деб жавоб берди. Ўғли эса йўқ, мен олти ёшда эмас, мен етти ёшдаман деб ғурур билан айтди. Унинг онаси жуда ҳам уялиб кетди ва ўғли учун чипта олишга мажбур бўлди.
Бундан қандай хулоса чиқарсак бўлади? Муқаддас каломда бундай ёзилгани бор: Агар кўр кўрни етаклаб юрса, унда иккови ҳам чоҳга тушиб кетар”. Бир неча пулни тежаб қоламан деб бу аёл ўғли учун яхши намуна бўлмади. Эртага ўғли унга ёлғон гапирса, бу аёл қандай йўл тутади? Кўпинча ота-оналар бундай арзимаган нарсаларга эътибор бермайдилар, кейин эса фарзандларининг қилиқларидан жуда хайрон қоладилар. Одам нима экса, шуни уради.
Шунинг учун, келинглар, ўзимизга, болаларимизга эътиборли бўлайлик. Дарахт яхши мева бериши учун соғлом бўлиши керак. Бизни тинглаётган азиз ота-оналар, болаларимизга соғлом тарбия берайлик, токи улар ҳар жихатдан соғлом авлод бўлиб бизларни хурсанд қилишсин. Биз эса улар билан мағрурланайлик. Шоҳ Сулаймон ўз хикматларида шундай деган: “Дастурхони тўла жанжалли уйдан, бир тишлам нони бор тинч хонадон яхшироқ” . Уйларингизга тинчлик тилаб, сизлар билан хайрлашамиз. Келгуси радиоэфир орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.