Ассалому алейкум азиз радиотингловчилар. Маълумки, фарзандлар – бу бизнинг бойлигимиз, оиламизнинг ажралмас, муҳим бир қисмидир. Худованди Карим биринчи оилани шакллантирганда, оила учун бўлган жавобгарликни Одам Атога юклаганди, яъни оталарга. Бироқ кўпинча эркаклар бу жавобгарликнинг фақат моддий томонини ўз бўйнига оладилар. Болаларнинг тарбияси билан эса оналар, бор бўлса бувилар ёки энг ачинарлиси мактаб билан болалар боғчаси шуғулланадилар.
Йигирма иккинчи забурда тасвирланаётган чўпоннинг ҳассаси билан хивичи каби нарсалари ҳар бир оила бошлиғида бўлиши керак деб ўйлайман. Ҳасса – бу ёрдам беришнинг рамзидир, чунки ҳассага суяниб юрадилар. Хивич эса – тартиб ўрнатишнинг, бошқаришнинг рамзидир. Агар мана шу иккита нарса тўғри ишлатилса оилада яхши муносабат ўрнатилади. Акс ҳолда эса оилада тартибсизлик, тушунгмагарчилик ҳукмрон қилади.
Муқаддас китобда ҳам шунга ухшаш мисоллар бор. Масалан, Исроилнинг буюк подшохи Довуднинг оиласида тотувсизлик бўлгани учун юраги эзиларди. Довуд жуда ажойиб доно подшоҳ эди. У ўз шоҳлигини керакли даражагача кенгайтиришга қодир эди. У буюк харбий ғалабаларга эришарди, ажойиб шаҳарларни қурарди, шеърларни ёзарди. Лекин у ўз оиласини назоратсиз қолдириб, ўғилу қизлари унга қарши чиқдилар ва Довуд учун муҳим бўлган нарсаларнинг деярли барчасига бош кўтардилар. Келажакда буюк шоҳлигининг бўлинишининг негизи эса оиланинг бўлинишидадир. Одмазод орасида тарқалаган камчилик Довудда ҳам бор эди, бу – ўз оиласини бошқаролмаслик. Ўлайманки, Довуднинг ўз оиласи учун вақти йўқ эди, чунки у буюк, унинг кўзида муҳим бўлган ишлар билан машғул эди.
Хозирги оталар ҳам “буюк” ишлар билан банд. Кимдир бизнесини ривожлантиряпти, ёки чет давлатларги бориб пул ишлаб келяпти. Бошқалар эса Худо учун хизматда бўладилар ёки ўз вақтларини чойхоналарда ўтказиш билан овора бўладилар. Бор кучларини, вақтларини фарзандларига эмас, бошқа нарсаларга сарфлайдилар. Уйларига келганларида эса чарчаган, ёки бўзилган кайфиятда келиб: “Ана уларингни тинчит”, деб бақирган холатлар ҳам учрайди. Болаларимизни ҳамма нарса билан таъминлашга ҳаракат қиламиз, бировдан кам бўлмасин деймиз. Шунинг учун пул топиш билан овора бўламиз. Пул ҳам керак, лекин нима муҳимроқ? Тўғри приоритетларни қўйишга ўрганайлик.
Менинг бир танишим бор. Кичкиналигидан у бувиси билан бошқа шаҳарда яшаб келган. Вояга етгач у ота-онаси билан яшашни бошлади. Унинг отаси ибодатхонанинг муввафақиятли чўпони эди. Оилада эса, айниқса ўша қизи билан муаммолар бор эди. Ўзи тарбияламаган қизидан у кўп нарсаларни талаб қиларди. Кичкиналигидан унинг руҳига ғамхурлик қилмаган ота ҳам эзилиб кетарди. Қиз эса отанинг авторитетини ҳеч ҳам қабул қилолмасди ва охири яна бувисини олдига кетиб қолди. Натижада Худони танимаган бола билан оила қуриб, хозир у билан яшамаётгани ҳақида эшитдим.
Шунинг учун азиз ота-оналар, фарзандларимизни биринчи ўрнига қўйиб, уларга ҳар томонлама ғамхурлик қилайлик. Ҳайр соғ саломат бўлинглар!