Ассалому алейкум қадрли тингловчилар. Сизларни микрофон олдида мен Ғолиббек қаршилаяпман. Ўйлайманки, дунёдаги барча одамлар ҳаётда омадли , муваффақиятли бўлишга интиладилар. Кўпинча инсоннинг омадини, муваффақиятини биз моддий улчов билан улчашга ҳаракат қиламиз.
Агар одамнинг яхши иши, дамғилама уйи, тагида иномаркаси бўлса, уни биз албатта омадли деб ҳисоблаймиз, гарчи ўша инсонда қандайдир муаммолари ёки ташвишлари бўлса-да. Мен битта катта бизнесменни биламан. Уни кўрган одам уни омадли деб ҳисоблаб, унга ё ҳавас ё ҳасад қилиши мумкин. Лекин шаҳсан мен унга ачинаман ва уни омадсиз деб ўйлайман.
Чунки у Худо каломини била туриб гуноҳда юрибди. Ҳа, у бу ўткинчи дунёнинг бойлигларига эга, лекин афсус улар абадий эмас. Раббимиз Исонинг Матто Хушхабарида ёзилган сўзлари бор: “Бу дунёда куя ва занг еб кетадиган ҳамда ўғри тешиб талайдиган хазиналарни жамламанглар. Аксинча, куя ва занг еб кетмайдиган, ўғри тешиб таламайдиган у дунёнинг хазиналарни жамланглар”
. Бу материалистик дунёда қандай қилиб омадли бўлиш мумкин? Жавобини эса биз Муқаддас китобдан топишимиз мумкин. Муқаддас китобда ҳар хил қаҳрамонларнинг ҳаёти тасвирланган. Улардан бири бу Ёқубнинг ўғли Юсуф. У ёшлигидан омадли бўлган деб айтишимиз мумкин. Чунки отаси уни қаттиқ севиб, бошқа ўғилларидан ажратиб турарди.
Кейин эса акалари уни Мисрга қулликка сотиб юборишди. Бир бой одамнинг уйида хизматкор бўлиб ишлади. Тухмат туфайли у қамоқхонага тушди. Ўша пайтда у энг омадсиз инсонга айланди дейсак, муболоға бўлмайди. Лекин Ибтидо китобининг қирқ биринчи бобини очсак, Юсуф Мисрда юксалгани ҳақида ўқиймиз. У Фиръавннинг ўринбосари бўлди.
Лекин Юсуф қандай қилиб бунга эришди? У ҳеч ким билан урушмади, тортишмади, ёвуз режаларни тузмади. Унинг омадли бўлиш сири бу – ҳар қандай вазиятда Худога содиқ қолиш, Унга итоатли бўлиш. Биз Худога бўйсуниб яшасак, У бизни албатта юксалтиради. Лекин ҳамма нарсани моддий улчов билан улчаманг.
Ҳаворий Павлус Тимўтийга ёзган мактубида шундай айтган: “Биз дунёга ҳеч нарса келтирмадик, ундан ҳеч нарса олиб кетолмаслигимиз ҳам аниқ. Бойликка интилганлар васваса тузоғига илинадилар, инсонларни балою ҳалокатга йўлиқтирувчи кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга қурбон бўладилар. Ҳар турли ёмонликнинг томири пулпарастликдир. Баъзилар бойликка ружу қўйиб, имондан қайтадилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар”.Шу сўзлар билан бугунги эшиттиришимизга якун ясаб сизлар билан хайрлашамиз. Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин. Ҳайр, соғ-омон бўлинглар.