3:18

Воизлик 93

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлар орқали учрашиб турганимиз учун Худовандга шукроналар бўлсин. Яна мен Ғолиббек микрофон олдидаман. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали сизлар билан Худонинг Каломи билан бўлишмоқчиман.

Отамиз Худовандга шон-шарафлар бўлсин. Худованд Бизга нажот бериб Ўзининг Ўғли Масиҳ орқали ҳар биримизни абадий хаётга лозим деб билди. Ҳар бир Масиҳга ишонувчи инсоннинг ҳаётида турли саволлар бўлиши, шу билан бирга муаммолар бўлиши табий. Бизнинг илгарги эски ҳаётимизда шу нарсалар йўқ эди. Хатто биз абадий ҳаёт ҳақида ўйламас эдик. Энди эса биз Худовандга имон келтирдик ва Худованд билан бирга яшаяпмиз.

Шунинг учун ҳам гуноҳкор ҳаётни ва гуноҳга бошловчи ишларни ўзимизнинг янги ҳаётимизга киришига йўл қўймаслигимиз керак. Илгарги ҳаётимиз даврида бошқаларга бўлган муносабатимиз, балки унчалик мақташга арзимайдиган бўлгандир. Шунинг учун ҳам янги абадий ҳаётга эришганимиздан сўнг, ҳаётимиз қандай бўлиши керак, мен энди қандай яшашим керак деган саволлар пайдо бўлади.

Айниқса айрим соҳалар бўйича қандай ишлашим керак деган саволлар. Масалан савдо соҳаси. Аввал харидорларни алдаб сифатсиз молларни ҳам сотган бўлсак энди нима қилишимиз керак?Албатта бу саволларимизга Худованднинг Каломидан жавоб топишимиз мумкин. Довуд шох айтганидек, Сенинг Каломинг қадамларим учун нурдир.

Нур ҳар бир кишининг ташлаётган қадамини ёритиб туради. Ёруғлик нима учун керак? Албатта қоронғуликда қоқилиб йиқилмаслигимиз учун. Шунинг учун ҳам ҳар бир Масиҳга ишонувчи киши Худонинг Каломини яхши билиши лозим.Фақатгина Отамиз Ўз Каломи билан бизга тўғри йўлни кўрсатиб беради.

Бу эса ҳар бир Масиҳий инсон учун жуда муҳим. Албатта шайтон бизларни йўлдан оздириш учун ҳаракат қилади. Ҳатто айрим нотуғри ишларни худди гуноҳ эмасдек қилиб кўрсатади. Лекин бизларда Муқаддас Руҳ бор. Рух эса доимо бизларнинг ҳар биримизга гапиради. Биз эса кимга қулоқ тутишимиз кераклигини яхши биламиз. Худовандга мақул бўлмаган ҳар қандай иш гуноҳдир. Гуноҳнинг катта ва кичиги бўлмайди.

Адашган пайтларимизда эса бизнинг химоячимиз Исо Масиҳ бор. Илгарги ҳаётимизда ўрганиб қолган айрим одатларимиз доимо бизга соядек эргашиб юради. Доимо бизни васваса қилади. Қанчалик ҳаракат қилмайлик ўз кучимиз билан енга олмаймиз. Фақатгина Худованд бизга куч бериши мумкин. Тинимсиз ибодат ва рўза орқали эски одатлардан халос бўлишимиз мумкин. Йўқса шайтон ўзининг ишларини яна сиз орқали қилишга ҳаракат қилади.

Бизнинг янги ҳаётимиз ҳақиқатдан бошқалар учун нур бўлиши лозим. Азизлар, шу мусофир дунёда яшар эканмиз, Худованд биз билан бирга эканлигини англаб, Худо учун яшашга ўрганайлик. Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етди. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top